tgoop.com/AsanovEldar/5452
Last Update:
Яхши мақсадда қилинган ишлар баъзан ёмон оқибатлар келтириб чиқаради.
2024 йил февраль ойидан бошлаб маиший техника маҳсулотларини сертификатлаш жараёни мураккаблашди, чунки тегишли фармонга кўра, бу турдаги маҳсулотлар бир қанча параметр бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилиши шарт.
Аслида маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун текширув ўтказиш жуда тўғри ва зарур ташаббус. Хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг бозорга кириши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аммо 2024 йилдан бошлаб кўплаб сертификат берувчи ташкилот ушбу ваколатдан маҳрум қилинди. Ҳозирги кунда бу ҳуқуқ фақат UzTest'га тегишли. Аммо UzTest'да синов муддатлари жуда узоқ давом этмоқда. Масалан, LG музлатгичи
ўнта моделини синовдан ўтказиш учун 14 кун керак бўлади. Лекин сертификат бериш жараёни бир неча ойгача чўзилиб кетади.
Маҳсулот ва маблағнинг узоқ муддат ҳаракатсиз ётиши бизнесга жиддий зарар етказади. Қолаверса, бу янги монополиянинг пайдо бўлишига шароит яратиши мумкин (айниқса, UzTest'нинг таъсисчиси регуляторнинг ўзи эканини ҳисобга олсак). Бундан ташқари, коррупция хавфи ҳам мавжуд.
Хабар қилинишича, маиший техника савдоси билан шуғулланувчи CA Store (собиқ Credit Asia) компанияси ана шундай муаммога дуч келган. Йирик техника партияси анчадан бери омборда турибди, товарлар амалда қарийб бир йилдан бери ўз навбатини кутиб ётибди. Компания бу вазиятда айбдор бўлмаса ҳам, у солиқ санкцияларига дуч келмоқда. Жарималар эса жуда катта миқдорда бўлиб, ё маҳсулот нархини ошириб юборади, ёки компанияни зарарга киритади.
Бу оммага маълум бўлган ягона мисол холос. Яна бошқа шундай ҳолатлар бор бўлиши мумкин ва келажакда улар сони кўпайиши эҳтимоли юқори (узоқ синов муддатлари ва навбатлар тўпланишини ҳисобга олсак). Маиший техника соҳасида Ўзбекистон бозори импортга жуда боғлиқ эканини инобатга олганда, оқибатлар жиддий бўлиши мумкин: маҳсулотларнинг мижозларга етиб бориши секинлашади, ўрта бизнес зарар кўради ва яна бир монополия шаклланади.
Менимча, бу муаммони янада кучайиб кетмаслигини таъминлаш учун ҳозирдан чора кўриш керак. Истеъмолчилар хавфсизлиги учун бошланган ташаббус оқибатда маҳсулот танқислигига, нархларнинг ошиб кетишига, бизнеснинг зарар кўришига ва монополияларнинг кучайишига олиб келмаслиги керак.
@AsanovEldar
BY Асанов формати
Share with your friend now:
tgoop.com/AsanovEldar/5452