Telegram Web
Gulnoz Moʻminova

КУНГАБОҚАРЛАР

Қуёш табассумли дугонам,
Сен юрган йўлларда очилади кунгабоқарлар
Чағир тошлар қувватлайди қадамларингни
Жавоб берармисан, сўрасам савол...
Фўруғ* нега борди моховлар орасига?
Эмили* не учун узлат тобутига тушди тириклай?
Нега Альфонсина* қўнғир кафанининг этагига
Долғалардан тикди бурмалар?
Айт менга, Гулжамол!
Дунёга сиғмаган бошин Сильвия*
Газ печига сиғдирди қандай?
Касалхона деразасидан термилган Ҳалина*
Севмоқни қандай уддалади?
Нималар ҳақида ўйлади
Худкушлик олдидан ўғлига
Кечлик ҳозирлаган Марина?*
Дидем* қандай кашта тикди нолаларидан?

Майли, саволларни очиқ қолдирамиз...
Яхшиси, ҳеч қачон инсон олдида
Отилмасликка қасам ичган фарёдларимизни
Жойлаймиз бир қора қутига.
Кейин кодлаб қўйилган қутини
Олис юлдузларга томон йўллаймиз
Токи милярд йиллар кезиб юрсин
Эврилиб коинот чорловига...
Токи камроқ фарёд чексин Ер аёллари...

Ишон, ҳали рақамланмаган
Сайёраларнинг қудратли мавжудотлари-да
Бизнинг Пандорани очолмаслар
Зеро, калит сўзни Фўруғ, сен ва мен биламиз:
(“Хонэ сиёҳ аст”)

Қуёш табассумли дугонам,
Ўлсам, мозоримга
Кунгабоқарлар билан кел.

*Фўруғ Фаррухзод
*Эмили Дикинсон
*Альфонсина Сторни
*Сильвия Плат
*Ҳалина Посвятовска
*Марина Цветаева
*Дидем Мадак
ШОИРА БИБИСОРА ТУРОБОВАНИ
ЭСЛАЙМИЗ

Халқимизнинг яхши шоираларидан бири, атоқли шоира Зулфия опанинг шогирди Бибисора Туробова 2024 йил 15-сентябрда (1446 йил Робиъул-аввал ойининг 12-кечаси), якшанба куни 72 ёшида дунёдан ўтди. Шоира опамиз икки бемор ўғли билан Дўрмон Ёзувчилар ижод уйининг 19-далаҳовлисида яшаб турган эди.

Бибисора Туробова 1952 йил 1-сентябрда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти, Ҳатирчи туманида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Мактабгача таълим техникумида ўқиб, сўнг Самарқанд давлат педагогика институтида таълим олган. 1990 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган.

Баъзи башарий сабаблар билан вилоятдаги уй-жойи, мол-дунёсидан жудо бўлиб, икки ўғли билан Тошкентга келиб, ижараларда яшаб юрди. Кейин Дўрмон ижод уйидан қўним топди. Дўрмондан бошқа ёққа кўчишни асло истамас эди. Чунки ҳаётининг мазмуни ижодкорлар билан бирга бўлишда эди.

Шоиранинг ўнга яқин шеърий китоблари нашр этилган. Лекин сўнгги ижод намуналари бўлмиш “Келин салом” (“Муҳаррир” нашриёти, Тошкент, 2020 йил), “Мен излаган қувонч” (“Адабиёт” нашриёти, Тошкент, 2021 йил) кўпроқ эътибор қозонди. Бу китобларни камина бир оз машаққат билан нашрга тайёрлаган эдим.

Бибисора Туробова истеъдодли шоираларимиздан Ҳалима Худойбердева, Фароғат Камол ёки Қутлибека сингари катта миллий ғоялар билан яшаган эмас эди, лекин ватанпарварлик руҳидаги самимий шеърлари, устози ва дўсти Зулфия опага, отага, онага бағишланган теран битиклари, илоҳий мавзудаги илтижоли нидолари бор эди.

Жуда дуогўй аёл эди. Умрининг охиридаги шеърлари дуо тариқасидаги нидоларга айланди. Унга Дўрмон ижод уйидан макон қилиб берилганида икки нотовон ўғли билан жойлашиб, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Дўрмон ижод уйи раҳбари Асқар Умматқулов ҳақларига кўп дуолар қилди. Менинг ҳақимга ва оилам аҳли ҳақига ҳам дуо қилар эди. Ҳақ таоло ижобат қилганидан умидворман. Чунки ғариба, бемор, уй-жойсиз, мол-дунёсиз аёл эди.

Халқимизнинг дардкаш шоираси Бибисора Туробова 15-сентябрда пешин арафасида Дўрмон Ёзувчилар ижод уйининг 19-далаҳовлисидан чиқарилди. Жаноза намози пешин вақтида Дўрмон масжидида ўқилди. Сўнг Қибрай туман қабристонида дафн этилди.
Қизлари Самарқанддан ва Туркиядан етиб келишди. Икки бемор ўғли эса нима гап бўлганини унча идрок қилганлари йўқ.

18-сентябрь, чоршанба куни Бибисора опанинг қабрига чиройли гуллар эктирдим. Гул эккан биродарларимиз сўзича, гўрковлар айтибди: “Бу қабр жуда осон қазилди, ҳатто ўзи қазилиб кетаверди, қабр эгаси жуда яхши одам эканми. Бундан икки кун олдин шу ерда бир қабр қазган эдик, ер жуда қаттиқ чиқди, қийналдик. Бу қабр эса жуда енгил қазилди”.

2024 йил 19-сентябрь, пайшанба куни Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Дўрмон ижод уйида хайр-худойи қилиниб, Бибисора Туробовани хотирлаш тадбири бўлмоқда.

Аллоҳ таоло Бибисора опамизни раҳматига олсин! Чеккан дардлари, қайғулари, ташвишларини, фарзандларининг бахти, соғлиги борасида тортган изтиробларини Ҳақ таоло билиб-билмай қилган саҳву хатоларига каффорат айласин!

Мирзо Кенжабек
19.09.2024. (1446, 16-робиъул-аввал), пайшанба.

@m_kenjabek
Forwarded from Guljamol Asqarova (Гулжамол Асқарова)
***
Тушин!
Руҳимнинг энг хилватларини,
Куздай маюс сувратларини,
Ёлғон дунё талъатларини
Кўргим келмаяпти, Художон!

Бузилганин китоблар тархи,
Чархлаганин бу чархнинг чархи,
Нимага тенг қадримнинг нархи,
Билгим келмаяпти, Художон!

Парим куйди васлига учиб,
Маюс қолдим шамларим ўчиб,
Ўтирибман тиззамни қучиб,
Тургим келмаяпти, Художон!

Руҳим кўнмас, пандга, даъватга,
Ким чорлади кўҳна равотга,
Дўззахга тушгим йўқ, жаннатга
киргим келмаяпти, Художон!

Жонми, танми, сен ўзинг берган,
Кўкка чорла, эй Олий Мерган,
Ерда яшаб, ўзимни ерга
ургим келмаяпти, Художон!!!


@Guljamol_Asqarova
"Mening yurtim" каналининг энг маърифий лойиҳаларидан бири "Изларим"  кўрсатуви Самарқандда, Каттақўрғон туманининг Бешдарғат қишлоғида қизғин фаолиятда.

Юлдуз Файзий, Насриддин Асриддинов ва ижодий жамоа узоқ йўл босиб келиб яна тинмай меҳнат қилишмоқда. Қойил.

Бугунги жараёнларда ҳам куч-қувват тилайман 🙏

20 сентябрь 20224 йил

@Guljamol_Asqarova
"Izlarim" ko‘rsatuvi Guljamol Asqarova bilan🙏

20/21 сентябрь кунлари азиз  Самарқандда ижодий сафарда.

@Guljamol_Asqarova
"Изларим..."  кўрсатуви жараёнидан лавҳалар...
2024/09/21 11:51:34
Back to Top
HTML Embed Code: