Telegram Web
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
* * *

Балки автобусда кетиб боряпсан,
Балки метродадир…
Тағин билмадим.
Топганинг дард бўлди,
Дардларинг сафсан,
Қўнғироқ ҳам қилмадим.

Тошкент кўчаларин эркалар ёмғир,
Ресторан.
Жаз тинглаб, ўқийман китоб.
Балки айни чоғда аҳволинг оғир
Ётгандирсан ижара уйингда бетоб.

Балки орзуйингдек
Балзак яшаган
Шаҳарларда кезиб юрибсан танҳо.
Балки ҳамроҳингдир ҳазон тўшалган
Ўрдадаги биз севган анҳор.

Эсингдами?
Моцартни севардим,
…билганинг Шопен.
Асабим бузишга устайдинг.
Шаҳар айланардик
Дўконлар «опен».

Бахтли бўлишимизни истардинг.
Серсавол қиз эдинг серсавол,
– Нега кўп чекасиз?
– Қошингиз қалин…
Ҳаммаси тугаган,
Ҳаммаси завол…
У кунлар қайтмайди минг ёлвор, ялин.

Тошкент – катта шаҳар,
Бардошдай катта,
Бахтингни топасан…
Азизам… Тушун.
Кечир, ўша оқшом
Сен ёмғирдан қочиб келган бекатда
Автобус кутиб турганим учун.


Жонтемир

https://www.tgoop.com/Jontemir
​​Бошида жудаям кенг кўринган. Кўзим қай бурчига тушмасин ҳайрат, ҳайрат, ҳайрат!.. Айниқса кечалар. Ёмғир довшига қоришиб, томоғимдан силлиқ оқиб кирарди ҳаяжон. Ўзимга сўзим, сўзимга кўзим ўтмас — бош-кети кўринмас уммон тилида қаерга сузарин билмай чайқалиб турарди жазавам. Олабўжи тушлар қаъридан ёввойи бир титроқ юлиб олар, мен тонгни, тонг эса дунёни уйғотарди. Бошида жудаям кенг кўринган. Кенглик деганда бобом қулочин, торлик деганда қудуқ оғзини тушунадиган пайтларим. Шафақ қизара бошлаши билан кўтарилаётган қуёшга тик қараб ўтираман супа четида. Нур аввал кўзимга санчилиб ёшлантиради, кейин оқ ва қорачиқларимни ялай-ялай куйдиради, ниҳоят ўз аксини яққол кўриб, ҳусни жамолига тўйгач кўзойнамда тинчиб қолади. Шунда қуёш оловли тўп мисол визиллаб айланa бошлайди ўнгдан чапга томон. Қўшилиб бошим айланади. Қўшилиб ҳаяжоним... Сут пишди. Ширчой юзида килкиб турган қаймоқ булут дейман. Сут ёғадиган булут. Қаймоқни еб қўяман. Нон қўшмай ейман. Томоғимдан силлиқ сирғалиб ўтиши ёқимли. Бўм-бўш коса ва яланаётган лаб тасвири. Ош еб бўлганда бармоқларни мазза қилиб шимигандек завқли бу! Бошида жудаям кенг эди деябман-ку! Сут ёғадиган булутлар сузиб юрарди косамда...

Жонтемир
ҚИЁФА

У кўчада кетиб бораркан
бирдан сергак тортади шовқин.
Нигоҳлардан ёғилиб ҳайрат,
ғийбат чайнар бадбўй оғизлар.
Гўштдор ўлжа топган йиртқичдай
йўлин тўсар мешқорин миршаб:
"кечирасиз, ҳужжатларингиз?"

Ўқиб кўрар — миллати ўзбек.
Ишонмайди: ҳаммамиз ўхшаш,
нега сизнинг чеҳрангиз ғалат?
Елка қисар кулиб боладай:
Ёндашгандир Тангри ижодий...

У кўчада кетиб бораркан
фақат осмон бермас эътибор,
фақат қушлар безовта бўлмас.
Фақат рангсиз, совуқ юзига
оёқ қўйган шартаки бўёқ
йўқолгунча зулматга сингиб
тинчланолмас, Одам Атодай
эгизаклар ўстирган шаҳар!


Жонтемир

@Jontemir
​​ТОБЕ

Ўтолмайсан тўсиқни енгиб,
сузолмайсан оқимга қарши
ҳайиқасан ҳатто ёмғирда
соябонсиз сайр қилишдан!
Қарғайдилар, овозинг чиқмас,
деворларни паналаб кундуз
тентирайсан,
ҳар кеч журъатинг
ўтказади сабр қиличдан.
Босилмаган дудоғинга лаб,
тиқилмаган томоғингга дод.
Туш кўради силлиқ бўйнингни
Машрабдан сўнг қисир қолган дор.
Зулум тегмас қитиқ патингга,
юрагингда бошланган чириш.
Наҳот ёқар ўз ватанингда
келгиндидай ҳаёт кечириш?
Ёрил, дейман, ёрил, эй қудуқ,
ён, куюгинг таратсин туйғу.
Қур дунёни қалбинга мослаб,
Ҳеч бўлмаса дорларни уйғот!

Жонтемир

@Jontemir
* * *

Арзирли ниманг бор,
мана, юрагим!
Ичида тўпланган не ғам, не бало.
Тўйдим ўзим эшган тўрга ўралиб,
Ишғол эт,
ҳаддинг сиғса бемалол.

Кўзларим юмилган, хаёл кимсасиз,
Хотира тўкилар туш ёриғидан.
Кафтимга ўйилган қадар чизмаси
берилиб фол кўрар ой ёруғида.

Минг афсус, ўнг келмас бирор башорат,
Қулфимни очади на юлдуз, на бурж.
Ҳолатим — одамга дўнган ҳашорат,
Ҳашорат кифтига одам ортган бурч.

Марҳамат, ҳатлаб ол эркимни боғлаб,
Сокинман, исённинг тиллари қилов.
Ҳайиқма, бошимга чиққан илоҳлар
эски ҳирқасини ташлаган илон.

Арзирли ниманг бор:
тахт, бўса, ёшлик,
Муҳаббат — бадимга урган бу қафас.
Алвидо, чираниб, бекорга тошдинг,
Танҳолик шароби сендан муқаддас!

Жонтемир

@Jontemir
​​СОБИР МУҲАММАД



Жим қайтаман ижара уйга
(Куй чалинар балки у Моцарт),
Товонимни ялайди унсиз –
Чувринди ҳасрат.

Базўр нафас олар теварак,
Майдакашлик қилади ёмғир.
Қишлоқнинг бир бурчакларида,
Бобом ўйи: “Набирам соғдир”.

Кетиш керак, ундайди биров,
Манзил сари қанча юрилар?
Саҳаргача дайди ит билан,
Шеър ўқиймиз бодом гулига...

***

Ҳар йил исён тугади анор,
Маҳкам қисиб юзларча муштин.
Кузатади кузакий жангдан
Қочаётган оҳирги қушни.

Япроқлар йиқилиб чалқанча,
Таланганда ювош табиат.
“Енгилманглар, бўйсунма” дея,
Ниҳолларни қилар тарбия.

Тугаганда жанглар жаранги,
Муштумлари бир-бир ёрилар.
Тирилади яна қайтадан,
Вужудида исёни борлар!

***

Лаҳзаман
томчининг умри мисоли
битади менинг ҳам оний парвозим
қўшилгум
якунда
сокин денгизга
ва йўқлик қарига сингар овозим
не қолар
қисматнинг ғадир йўлида
насибми
кимнингдир олмоқ ёдини
ёҳуд
тийрамохнинг зим-зиё кўксин
шамчироқ мисоли ўтмоқ ёритиб
лабимда сохира муждалар тағин
майсадай пичирлаб қилурман сажда
борлик ва йўқликнинг аросатида
мен сенинг бор йўғи
лаҳзангман
лаҳза
​​МУБТАЛО

Шоҳтомирим қирғоғида маст
қон симирар шаҳват туяси.
Айланар юрагим теварагида
ғашиққан оч итлар тўдаси.

Томоғимга тун солган човут,
Бойўғлиман — қарғиш урган қуш.
Чорак аср оғзини қавиб
судраб юрган қанорим ҳам бўш.

Қазо топган меҳрим беваси,
Кузатаркан шарпамни зимдан,
Сен барибир мени севасан,
Сен барибир кечмайсан мендан.

Икки бекат — оғриқ ва қайғу
орасида зир югурар жон.
Сўз қидириб ичимни ейман,
Ҳисларимни ейди ҳаяжон.

Сен барибир... Қафасга мойил,
Менла дорга осилмоққа шай.
Қулдор эмас, ишқинга қул топ,
Дўзахимда бир ўзим ёнай!

Ботгандайман тубсиз ботқоққа,
Тинч қўймайди Ҳобилнинг хуни.
Узлатимдан тортиб олмоққа
Бойчибор йўқ, ташласа думин.

Қимирласам чўкаман бадтар,
Ва ёқимли бу қийноқ нечун?
Дажжол минган эшшакдай ҳатлаб
ўтармидим бўлганда кечув?!

Тонг шамоли чимчилар этим,
Яйрайман шеър уфурган тушда.
Оғушингда уйқуга кетиб,
Уйғонаман ўзга оғушда.

Тугаб борар итларнинг сабри,
Йиғланмаган кўзим тўла май.
Қазийверинг гўрковлар қабрим,
Туя тўйган кеча ўламан.

Нега жимсан, ҳозир тонгми, шом?
Суғурсангчи видони қиндан.
Мен ўзимдан кечганман тамом,
Сен барибир кечмайсан мендан!
Сен барибир кечмайсан мендан.

Қулдор эмас, ишқинга қул топ,
Дўзахимда бир ўзим ёнай...

Жонтемир

@Jontemir
​​ЗАВҚ

Март — булутдан тушган сувпари,
Сузар ёмғир остида шодон.
Хаёлимни кетар ўмариб,
Тойчоқларнинг тушлари томон.

Дош беролмай юрак зарбига,
Иккиланмай, оёқ тирамай,
Кўчаларнинг совуқ қалбига
Ханжар каби ёриб кираман!

Ҳар нигоҳга ташлайман қармоқ,
Ҳар бекатда ёқаман сигор.
Ҳар дарахтга текизиб бармоқ,
Тасаввурда чаламан сегоҳ.

Учолмайди ҳислар намиқиб,
Тутқич бермас сўзлар — қув бари.
Бўса таъмин билмас қариқиз —
Юз-кўзимдан ўпар сувпари.

Тангаларин силайман майин,
Сочларини ҳидласам кулар.
Дудоғимдан ясаб зўр қайиқ,
Кўкси томон юзар туйғулар.

Эҳтиросга босаман қамчи
Ва англайман: кўча, ёмғир, март.
Қаршимдаги ҳаяжон — жангчи,
Шоир эса нимжонгина барг.

Қўрқитолмас барибир ўлим,
Жон ҳовучлаб турмам олчоқдай.
Пишқираман тамшаниб, тўлиб —
Туш кўради мени тойчоқлар!

Жонтемир

@Jontemir
* * *
Бериб бўлмас мендайларга эрк,
Тутқунлик ҳам ёқимли жазо.
Жиловларсиз вужудимни лек,
Иблисона тушларим асов!

Номалум куч бошқарар ичдан,
Телбалигим тинмай от сурар.
Чангалзорда ўсган йиртқичдай,
Тикиламан сизга ётсираб.

Ботинимни гизлаб, оммага
Кўрсатаман чиройли сурат.
Ер юзида кўз ёш томмаган
Жой бормикин лошимни судраб

Кетсам, қушлар ин қуриб берса,
Ўзим диндор ва ўзим осий.
Қўриб ётсам каламушлардан,
Нафсим қўйган тухумни босиб...

Мевалардан келар қон таъми,
Уфуради гулзорлар фироқ.
Масхарадир мендайлар ғами,
Мендайлардан чиқмайди Широқ.

Ортиқчаман, лўли тўрваси
Сиғдирмаган кўнглим — қаландар.
Ем бўларман бир кун шубҳасиз,
Эҳтиросли дақиқаларга!

Жонтемир

@Jontemir
​​ВАҲИМА

Сендан узоқлашиб борябман, Тангрим,
узоқлашган каби ватандан.
Ҳузур бермас аёл оғуши,
шароби айниган Дионис қадахларининг.
Кезарканман қабристон аро
димоғимдан силқимайди ёш.

Март.
2022 нинг ёмғирли туни
ҳайкалдай турибман ойна ёнида,
на совуқдан жунжикар этим,
на кўнгилда сафар хаёли...
Қачонлардир деганди дарвеш:
мен учун дунёда энг оғир жазо —
золим шоҳ билан
нафас олмоқ битта ҳаводан.
Сен балки жазолаябсан
яқининга йўлатмай мени,
балки асраябсан,
муқаддасдир балки ҳайкаллик?

Шўнғимоққа хотирам саёз.
Ажнабий созанда оҳангига мос
тўлғанаётган руҳимми, тутун?
Кетишим керакдир буткул шаҳардан,
денгиз, елканимни йиртганда шамол,
тўлқинлар ағдариб ташлагач кемам
юрагимга қайтарсан балки,
қайтарсан қўшиғим акс-садосига!
Сени чорлаш — кемалар қабристонида
балиқ овлаш билан барорар гўё.
"Қумдаги хотин" қахрамонидек
тозалайман қалбни бўшлиқдан,
тағин кирарверар бўшлиқ бостириб.

2022 нинг ёмғирли туни,
тасбеҳ ясаб бошчаноғимдан
ўгирар деворга қапишган соям,
музлаткич ғириллар қопиб олгудай —
на қўрқув эзғилар, на енгар уйқу.
Бўшлиқ, бўшлиқ,
онгим сарҳадларида
"1. худодан узоқсан дейди ҳар бир тош".

1. Лорка сатри.

Жонтемир

@Jontemir
* * *
Қатортол. Ўриндиқ. Тамаки,
қаҳва,
чинорлар саф тортган сипоҳдай.
Кўнгилда тўлишган ҳисларни
чанглатиб ўтади нигоҳлар.

Хаёлни кияман — ям-яшил,
юрагим айланар куртакка.
Бирам соф, беғубор жавониб,
ўралган гўдакдай йўргакка.

Жимирлаб шивирлар еру-кўк,
на кузак, на қишнинг ваҳми йўқ.
Ариқда ҳўпиққан сувдаги
аксига қузғунлар маҳлиё.

Табиат ранг сочиб чарчамас,
кўзларим лаҳзага сураткаш.
Шамоллар қовушар руҳимга —
тарсиллаб ёрилар куртаклар!

Қатортол. Ўриндиқ. Тамаки,
қаҳва...


Жонтемир

@Jontemir
ТИЛСИМ

1
Ўқилмай оловга ташланган мактуб —
туғилмасдан жон берган гўдак.

Қайси туйғу доялигида
ёдимда йўқ,
нималар ёздим.

Очмадинг,
мўжиза бўлмади содир.
юрагингни эзмади наҳот
куйиб битган гўдак фарёди?
Сен қотилсан,
чиройли қотил!

2
Капалакнинг ҳарир қаноти,
қумга ботган пирамидалар,
скрипкадан таралган оҳанг —
мактуб,
бизнинг тишимиз ўтмас.

Баъзан қўққис ям-яшил кўклам
қора хат йўллайди —
шоир Фахриёр
ўқидию мактуб ўрнига
ўзи ёнди тутаб, гуриллаб.

Гўзалликда сен ҳам баҳорсан,
қорахатдир қорачиқларинг —
ўқимоққа юрак бетламас.
Лек маҳкумман уларга қараб
қипяланғоч олов кечмоққа.

Кўзларингда турар ғилтиллаб
фақат менга аталган фоже!

Жонтемир

@Jontemir
БОҒДОД

Юртни ўғри босган.
Орифнинг пуштин қийиб,
омиларни урчитар аркон.

Қўй терисин ёпиниб олган арслонлар
кута-кута қулай фурсатни
кимлигини унутиб қўйган.

Сув сўрайди йўловчи —
кўлмакни кўрсатарлар.
Нон сўрайди тиланчи —
туфроқни кўрсатарлар.

... Дор остига келган ҳақгўй девона
урфга кўра
сўнгги сўзини айтар:
"Бу шаҳарнинг орифи ким, муллоси ким, қозиси ким?
Буси кимдир, буси кимдир, буси ким?"

Қаҳ-қаҳ отиб кулар халойиқ.
Томоғига сиртмоқ соларкан
ўзин тўхтатолмай жаллод ҳам кулар.

Тағин қичқиради ҳақгўй девона:
"Алвидо, қуллар!"

Қичқириқдан чўчиб уйғонган подшоҳ
кўзини мушукнинг панжасидай момиқ
кафти билан тўсиб турган вазири аълам
алла оҳангида куйлар оҳиста:
"Боғдодда ҳаммаёқ тинч,
ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч.
Боғдодда ҳаммаёқ тинч,
ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч..."

Жонтемир

@Jontemir
​​ҳижрат
(термаларга татаббу)

аттанглар ухлаб ётар,
харсанглар ухлаб ётар,
сатанглар ухлаб ётар,
ватан кетиб боради.

ҳижрат замони етар,
имконлар қўлдан кетар,
хоин муродга етар,
ватан кетиб боради.

заҳарланади муҳит,
қарғар боболар руҳи,
жадидларнинг андуҳи –
ватан кетиб боради.

ернинг дини ўзгарар,
қилич қини ўзгарар,
оға, ини ўзгарар,
ватан кетиб боради.

ҳар қадаминг пойлоқчи,
сарҳадда ётлар соқчи,
қол дегувчи зот тақчил,
ватан кетиб боради.

тилни эгаси зўрлар,
томоша қилар кўрлар,
фиғон фалакка ўрлар,
ватан кетиб боради.

борар манзилин айтмас,
на хорижмас, на сайтмас,
кетар, ортига қайтмас,
ватан кетиб боради.

қайтаргувчи бир зот йўқ,
ҳайдагич кўп, имдод йўқ,
атар, минар бир от йўқ
ватан кетиб боради.

булутларга тўқнашар,
ой-у юлдуздан ошар,
билмам, қайларга шошар,
ватан кетиб боради.

эр қолмас, қуллар қолар,
мардикор, туллар қолар,
эгасиз гуллар қолар,
ватан кетиб боради.

хоинлар ҳайдаб солар,
қилич забтига олар,
мунғайиб бир эл қолар,
ватан кетиб боради.

Фахриёр
* * *
Икки кўзинг — икки анкабут,
Ишқ тўқийди зулматим ичра.
Жами сайёҳ ҳисларим — жануб —
уюштирар қалбингга ҳижрат.

Икки кўзинг — эгизак найбоз,
Авраб олиб чиқар хилватдан.
Икковида заҳролуд май бор —
Томчисидан куйгай дил бадтар.

Икки кўзинг — иккита Юсуф,
Тикилганнинг ҳаққи аросат.
Сайёралар сингари руҳим
Атрофида кезмиш саросар.

Икки кўзинг — икки жаҳаннам,
Иймонимни ютмоққа шайдир.
Гарчи жаннат эшиги очиқ —
Аммо чиқиб кетгим келмайди.
Нега чиқиб кетгим келмайди?

Жонтемир

@Jontemir
XXI АСР

Фақат рақамлардан иборат калла,
тиланчи нигоҳда томоқ сурати.
Ланг очилган баҳайбат оғиз
тубсиз ҳатто Темур ғоридан —
унда яшар гўл кабутарнинг
букри тумшуғидан ўлжа ўмариб
наҳс шапалаклар.

Ириб кетган юрак ўрнида
кекиради бадбўй қурбақа.

Юрт — рақам!
Халқ — рақам!!
Рақам — қабртош!!!
Ногоҳ етса ажал пичоғи
қайноқ тавба эмас,
кекирдагидан
шариллаб оқади чиркин тангалар...

Жонтемир

@Jontemir
2025/02/18 00:35:32
Back to Top
HTML Embed Code: