Telegram Web
***
Бу руҳ — бир мусофир, даргоҳингда, Раб,
Бир қоп гўшт кўтариб, юрар тентираб.

Қирқ йилки бир кулба излади сарсон,
Ҳеч ким эшигини очмади, Раҳмон.

Елкадаги юки омонат эди,
Омонатга дахл қилмасман дейди.

Сув ҳам ичолмайди шошқин дарёдан,
Ҳали хом молини асрар жафодан.

Дарёга ғарқ бўлиб кетмасин, дейди,
Сўнг тилсиз балиқлар сотмасин, дейди.

Саҳрода туш каби бир яшил дарахт,
Бу руҳни чорлади ўзига бир вақт.

Суяги қизиган, чанқаган, ҳақир,
Дарахтга талпинди, шошди мусофир.

Бир дам ором олмоқ орзу қиларди,
Дунё беоромдир — қайдин биларди.

Омади озмиди, бахти йўқмиди,
Қаршисида яшил бир калхат эди.

Мусофир қопида эт айниганди,
Шум калхат димоғи шуни билганди.

Чопди ғам елини ортда қолдириб,
Алам ғажиридан қочарди ҳориб.

Дарё сув бермади, саҳро бир соя,
Улуғ тоғ қошига етди ниҳоят.

“Тоғлар — ер қозиғи, собит ва ростдир,
Эй, ғариб, шу тоғлар вафодор дўстдир.”

Таскин дарасига етгандай бўлди,
Қирқ йиллик азоби кетгандай бўлди.

Аммо ҳануз ғўрдир, содда мусофир,
Бул дарада қўрқув аждари бордир.

Лаллайиб қопини елкадан олиб,
Шу сирли манзилда қолмоққа толиб.

Турган палласида аждар уйғонди,
Морнинг кўзи, руҳнинг ҳаёти ёнди.

Ортига қарамай қочди саросар,
Қўрқув вишилларди изидан баттар...

Мен қирқ йил шу руҳни қилдим томоша,
Юракнинг дарз кетган дарчаси оша.

Магар мен кел десам, ё келармиди,
Тоққа ишонмаган... ишонармиди?

Аммо чорладим мен ул мусофирни,
Елкаси яғирни, юки оғирни.

Ишониб, ишонмай яқинлаб келди,
Қопдан келган бўйдан нафас бўғилди.

“Қопни ташлаб юбор, жой бор ўзингга”,
Десам, таққа тўхтаб боқди кўзимга.

Унинг кўзларига қараб бўлмасди,
Аммо не ажабки, кўз узолмасдим.

Мана, юк ҳидини сезмай бошладим,
Ўла бошладим ё яшай бошладим.

Шундоқ остонада иккимиз ҳам тик,
Мен — мезбон, меҳмоним елкасида юк.

Кўп аср тик турдим, оёғим толди,
Мусофирлар сезгир бўлади... билди.

Шу дам маконимга сизди бир нима,
Нимами ё кимми, недандир шаъма?

Мубҳам кўланканинг номсиз нафаси,
Овоз шуъласими ё шуъла саси.

Қисмат лочинининг шамолимиди,
Ё дийдор тонггининг жамолимиди?

Сезмасдим, нимадир бўларди содир,
Мусофир ҳам ҳайрон, гўё кўрган сир.

Балки, куй нағмаси қанотсиз елган,
Сурнайчи қўшнимнинг чалгиси келган.

Ишқилиб, турибмиз юзма-юз ҳақир,
Меҳмонимнинг эса елкаси яғир.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
#anons

📺Shodmonqul Salom -She’riyat kechasi”
🗓  23-oktabr

  22:00
~~~

Йўқ, бу вақт сираям ўтмоқчи эмас,
Қизил ёл, қашқа от кетмоқчи эмас.

Йўқ, бу шом келмоқчи эмас тун — ҳур қиз,
Хириллаб ётмоқчи сўйилган кундуз.

Пайкал қўриқчиси гунгу лол эди,
Қашқа от бир тилим ҳандалак еди.

Бу оқшом (оқшоммас, асло — қорашом)
Бедил зиёфатдан бир қора ошам.

Уловлар сафари қаримоқчимас,
Одамлар бекатдан аримоқчимас.

Ким ҳамёнин титган, кимдир унутган,
Ким бодани, кимни бода йиқитган.

Юзга ниқоб кийиб мендан юз буриб,
Хавотир тамаки чекмоқда юриб.

Йўқ, бу вақт сираям ўтмоқчи эмас,
Мени куттирмоқчи, кутмоқчи эмас.

Бу оқшом шу зайл туравермоқчи,
Энг пинҳон дардимни кўравермоқчи.

Сенсиз танҳо умрим бунга ярарми?
Сен сиғинган худо мени асрарми?

Туннинг валийлари шомга киролмас,
Шомнинг бўрилари тунга боролмас.

Шом ҳижрон лойидан қуйилган азал,
Аммо не сабабдан туганмас бу гал?

Кутмоқ — ёлғизларнинг умри — саволи,
Кутмоқ — юракларда Тангри камоли.

Эй, шом, ошиқларсиз ким бўладирсан?
Кўнгил қуйилмоқда, жим бўладирсан?

Кўнглим осмонида бир қора дарча,
Талашиб томоша қилади барча.

Эй гул сен келмадинг, умрим ўтмади,
Умрим ўтиб кетди, бу шом кетмади.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ДЕЙМИЗ

Зулм этишар бесабаб,
Фиғон чекиб койиймиз.
“Адолатинг қаерда?
Худо, кўрмадинг”, деймиз.

Шерик бўлиб номардга,
Муттаҳам ошин еймиз.
Иғво охир бўлганда
“Худо кўрмасин”, деймиз.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
ҲОЛИМ
I
Қадаҳни ҳижроннинг гарди-ла артди,
Ўзига тўлдириб қуйди Шодмонқул.

Жон деди – юраги бўғзига келди,
Жонидан бунчалар тўйди Шодмонқул.

Фақат вафо топди Беминнатидан,
Бевафони бунча суйди Шодмонқул.

Ўзи ўтин ташиб, чўғлар келтирди,
Бир лаҳза тўхтамай куйди Шодмонқул.

Бўталоғи ўлган мояни соғди,
Ичмади – қисматин чайди Шодмонқул.

II
Бемурод оламнинг молини урдинг,
Беқора шу қалбинг бойдир, Шодмонқул.

Кўзёшинг лой этди тўрт томон йўлни,
Шу йўлда ёлғонни тойдир, Шодмонқул.

Кимнинг мотам куйи кимларга тўйдир,
Очкўз туйғуларни тўйдир, Шодмонқул.

Отанг айтолмаган сўзларни тингла,
Бу нидо – энг мунис куйдир, Шодмонқул.

Воҳ! Шуни увуллаб айтиб юрибди —
— Одам шаклидаги найдир Шодмонқул.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Нима қилай? Йиққан доним тўкилишга мойил бўлса,
На қилайким, боққан Алпим йиқилишга мойил бўлса,
Тушунмайсиз, билмагайсиз, асли парво ҳам қилмайсиз,
Авлодларим туғдириш ва туғилишга мойил бўлса.

Ўзим билдим, ўзим куйдим, кўриб туриб тушга йўйдим,
Дийдорини қумсагандим, кўрдим сездим, бездим, тўйдим,
Қўлларимда катта қилдим, оч тупроққа ўзим қўйдим,
Нетай, болам лой маъбудга сиғинишга мойил бўлса.

Нима қилай? Далаларим, деҳқонларим, хирмонларим,
Ёғолмасдан ўтаётган булутларим – армонларим,
Гумонларим, фармонларим, андармон-у дармонларим,
Бошим силаб, сўнг кўнглимни синдиришга мойил бўса.

Ниятларинг – амалингдир, амалларинг – подшоҳингдир,
Кўнгил деган подшоҳ билан иноқ бўлмоқ паноҳингдир,
Босмас изинг, айтмас сўзинг гувоҳингдир, гуноҳингдир,
Ва тегрангда аҳли гумон кўндиришга мойил бўлса.

Кошки дейман, менинг болам оғринишга мойил бўлса,
Бир оғригач, дили қонаб уйғонишга мойил бўлса,
Ўз-ўзига ўт қўйишга – бир ёнишга мойил бўлса,
Ўлмай туриб ўлган болам тирилишга мойил бўлса.

Нима қилай...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Forwarded from “Yoshlik” jurnali
#hozir_javob

– Siz uchun yozish (ijod) nima?

Shodmonqul Salom: – Yozish avval-boshda havas, shon-shuhrat havosi edi. Sal-pal yozishni o‘rgangandan so‘ng, yozishning zahmatini, zavq­li og‘rig‘ini tuydim. Bugun menga yozish Xudoga yolvorishga aylanyapti.

@yoshlikjurnali
yoshlikjurnali.uz
#Бугун_шоир_туғилган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин САЙЙИДни ўзанимиз ўқувчилари номидан таваллуд куни билан қутлаймиз! Устозга баракали умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз! @Shodmonqul_SALOM
Чўпон эшитган нидо

Сирожиддин акага!

Ҳасрат таёғига суянма, чўпон,
Қўрқув ва умиддан лойинг қорганман.
Таваккал даштига ҳайда молингни
Баҳорингни ёмғир-қорга берганман.

Қара, бургут тепди — ўнгланмас арслон,
Чоп, умид ғорига беркингин чўпон.
Бил: юлдуз қўшилмай туғилмас султон,
Юкни кўтармоқни норга берганман.

Бир замонда ерни супурган эдим,
Уммонни ой бўлиб чақирган эдим,
Бобонгни кемага яширган эдим,
Гоҳ булбул тухумин морга берганман.

Қуёшдан қарасанг, кўринмас замин,
Тўлдирмоқ шарт эди тақдирнинг камин.
Тошбақадан ортда қолганинг сайин,
Кенг даштни бир ичи торга берганман.

Чўпон, молинг қани, уйқучи чўпон?
Беадоқ яйловинг асли зўр зиндон,
Эшак боғламагин — ташладим арқон,
Унинг бир учини Ёрга берганман.

Неники сўрадинг, барини бердим,
Гоҳ қопқон, гоҳ қашқир шаклида турдим,
Бўрининг аҳволин қўйлардан сўрдим,
Эй, Йўқ, насибангни Борга берганман.

Ҳасрат дарасида ўлтирган чўпон,
Қўрқув камарида титраган нолон,
Умид саҳросида дайдиган сарсон,
Эй, илон инига қўл тиққан нодон,
Тошбақа парвозин сорга берганман,
Йўқнинг насибасин Борга берганман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
БОБОЛАРНИНГ АЙТГАНИ

Мерганлар тонг чоғи қояга етгай,
Булоқли бир ажиб сояга етгай,
Ким ўз манзилига етгай қай маҳал,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.

Унинг йўлларининг олқиши бордир,
Кимгадир зор бўлиб боқиши бордир.
Не-не илонларнинг чақиши бордир,
Барча чаққанларнинг заҳмати кетгай
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.

Мард киши умидвор ҳар дам Худойдан,
Ҳикмат топмагайсан қуруқ дод-войдан.
Бир қултум сув ичса Оққапчиғайдан,
Карвонларнинг бари манзилга етгай
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.

Гоҳ бошидан юлдуз ёғду сочгайдир,
Гоҳо шамс-у қамар бирдан ўчгайдир,
Ҳар кимнинг либосин қисмат бичгайдир,
Қисмат бичган либос қай маҳал битгай,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.

Кимни ҳоритмаган умр жафоси,
Сабрнинг ортида унинг шифоси,
Саксонга кираётган Ғани бобоси,
Улуғ давраларда бир ҳикмат айтгай:
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

2003 йил
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Juma Vasfi
Shodmonqul Salom oʻqidi
Audio
Шодмонқул СAЛОМ

Муаллиф ўзи ўқиган!

@Shodmonqul_SALOM
SHODMONQUL SALOM
<unknown> – Parim bo'lsa...
Бу — менинг нонуштам...

Ш. С.
Шодмонқул САЛОМ

ОНА ТИЛИ УЛУҒ КЕМАДИР
Эссе

"ШОВУЛЛАМАНИНГ НАРЁҒИДА..."

Кўкибийнинг ҳаворида тўқсон олти бовли ўзбекнинг Қўнғирот уруғидан чиққан Эрманбой деган чорвадор бир бой яшар эди. Қўйининг ҳисобини биров билмасди, чўпонлари баҳорюртга кўчиш маҳалда сурувларни бу йил қирқ чиқарса, кейинги йил қирқ бир чиқарарди. Йилқиси уюрланиб юрар эди, бунинг сонини билиш учун барисини бир жойга йиғиш керак эди. Йилқи жонивор эркталаб келади, йилқи­боқарлар бир жойга йиғолмай гаранг эдилар. «Йилқилар қанча?» дейишса, йилқичилар: «Шунча – Худонинг берганича, банданинг олганича!» деб қўяр эдилар.
Ана шу Эрманбойга тақдир олти ўғил берди. Тўрттаси ёлқи туғилди, иккита кенжаси эгиз бўлди. Ўғилларига Эрманбой шундай исм берди: Бойбўри, Бойқўзи, Бойкўл, Бойқамиш, эгизлари Пичоқбой ва Қайроқбой деб ном олди. Бойбўриси туғма тиш билан туғилган, Бойқўзиси чорвадан тўл олиш маҳалида бино бўлган, Бойкўли кузакда, кўл бўйида дунёга келган, Бойқамиши баҳорюртга кўчиш маҳали туғилганди, болани шошилинчда қамиш чийга ўраб олишгандилар. Эгизакларини эса бир тиғга бир қайроқ ҳамиша керак – ўз оти ўзи билан деб Пичоқбой, Қайроқбой қўйишганди.
Шул ўғлонлар вақти-вояга келиб камолга ета бошладилар. Эрманбой уларнинг тўнғичи Бойбўрини уйлантирди. Тўй бўлиб ўтди. Эндигина бир ҳафталик келиннинг фаҳм-фаросатини синамоқ ниятида Эрманбой аёлига гап солди:
– Кампир, келинингнинг тилини кўрдингми? Боллими, аччими?
Кампири ҳам ҳозиржавоблик билан шундай деди:
– Бойбобоси бир жонлини жонсиз қилсин-чи – кейин кўрамиз-да келиннинг тилини...
Эрманбой эрталаб даштга – чўпонлар қошига боришини айтиб, отланиб чиқиб кетди. Ўғиллар ҳам ҳар қайсиси ўз юмуши билан кетдилар. «Эркакка – эгар, аёлга – ўрмак»: уйда қайнона-келин қолишди.
...Эрманбой дашт айланди, чорвадан хабарлашди. Бош чўпонлари билан бу йилги куз-қиш ҳақида маслаҳат қурди. Отнинг бошини тушга яқин овулга қараб бурди. Ўтови кўринадиган қир устига чиқди-да, уйга қараб:
– Ҳов, кампир-ов! – деб овоз берди.
Ўтов ичида ўтирган келин-қайнона бойнинг чақираётганини эшитишди. Қайнона келинига: «Келин, қаранг-чи, анов чоли тушгур нима деётир?» – деди.
Уйдан бир қизил кўйлакли чиқди. Керага қошида кўриниш берди. Бой олисдан келинни таниди-да, тушгача ўйлаб пиширган гапини айтди:
– Қамишзорнинг нарёғида, кўккўлнинг берёғида бир қўзини бўри бўғизлаб кетибди. Пичоқ билан қайроқни тезда бировдан бериб юборинглар, қўзини ҳалоллаб олайлик!..
Келин уйга қайтди. Қайнона унга савол нигоҳини тикди. Бир муддат эрганак-эшик олдида оёқ илган келин уйга кириб шундай хабар берди:
– Шовулламанинг нарёғида, жилдираманинг берёғида бир манграмани увиллама бўғизлаб кетибди. Шунга бойбобом «кесама билан угамани бериб юборинглар», деяпти!
Келин ўтовга кириш асносида ўрнидан қўзғалган бойнинг кампири бу жавобни эшитиб жойига «таппа» ўтирди, енгилгина «воҳ» деб юборди. Бирпасдан сўнг ўзига келиб тилга кирди:
– Ҳай, майли, кетган мол бўлсин, келинжон. Қўтондан чиқибди, энди қозондан чиқмасин. Сиз уйда ўтиринг – чиллалисиз. Пичоқ билан қайроқни мен ўзим бериб келаман.
«Қирқ қулоқли қозонда қулуннинг эти қайнасин», дея кўкрак кериб юрган хирмондай бойбича тик тепага етиб боргунча пишнаб қолди. Қирқ отар қўйи бўлган бойнинг сурувига жондор ораласа-ю, шу ердаги ўнлаб чўпонларда пичоқ бўлмайдими? Ё бу хабарни етказишга бойнинг ўзидан бошқа одам йўқмикан? Бу каби саволлар ҳақида ўйлашга фурсат ва фаросат керак. Буни келин топа билган эди. Уйи кўриниб турган тепалик тумшуғида бой билан кампири юзма-юз бўлдилар. Ҳали бой гапирмай туриб кампир тилга кирди:
– Бул келин мени пичоқсиз сўйди, чол. Зукко экан, кўнглимдагидан ҳам зиёд чиқди. Энди бир жонлини жонсиз қилиб боринг, уятга қолмайлик...
Бой аёлидан келинининг жавобини тўлиқ эшитиб, хурсанд бўлиб изига қайтди ва сурувнинг олди бўлган бир қўчқорни бўғизлатиб, отга ўнгариб уйга йўл олди.
–––––––––––––––––––––
*Келинларнинг эр томондагиларнинг исмини айтмаслик удуми ҳануз сақланган. «Кесама» – М. Кошғарий­нинг «Девону луғотит-турк» асарида «кесасi» – кесадиган; «Угама» – «uгула» – эговла; «кэрoгy» – чодир; «бoрi» – бўри; «кol» – тўпланиб қолган сув; «қамiч» – қамиш; «бiчак» – пичоқ; «қаjiр» – қум. Қайир, қайрамоқ; қумқайроқ ва ҳоказо.
Шовуллама – қамишзор; жилдирама – сув манбаси, кўл; увиллама – бўри; манграма – қўй-қўзи.
ОНА ТИЛИ УЛУҒ КЕМАДИР
(Давоми)

ҚОРА ЖИЛВА

«Ҳали қора саҳар эди. Қора уй тўрида ётган Қорамомо «воҳ, болам», деб алаҳсиб уйғонди. Қаватидаги келини сапчиб тушди. Келин қорачироқнинг шуъласида тимирскиланиб бориб, хумдан сув олиб келди. Момо сув ичди, бир нималар деб пичирлаб қўйди. Тонг оқармай нон синдирди, қўни-қўшнига улашди, бир парчасини итга ташлади. Ҳар кун қора овқат – кепак қориқ еб ўрганган ит нонни илиб кетди. Ўғлига атаб танҳо қора моли – қисир қолган соғин сигирни худойига деб ният қилди. Ташқаридан ёмғир товуши эшитилди.
Кузакнинг калта куни таёқ бўйи кўтарилди ҳамки, момо туз тотмади, ташқари совуққина бўлса-да, момонинг манглайидан қора тер қуйилаверди. Келинининг «Бирор нима енг», деб чириллаганига қулоқ солмади. «Кўнглим қоп-қора. Ютганим ичимга тушмайди, болам...» деб изиллайверди. Икки кўзи овулга ошиб келадиган тупроқ йўлда эди. «Қора мошин ошса, раис келади. Раис билан почтачиям келади...»
Момо ёлғончига келиб тўққиз қурсоқ кўтарди. Шулардан олтовини қора ерга топширди. Икки қиз ва танҳо ўғил омон қолди. Қизларини «Отанинг уйи – арчанинг кўланкаси», дея тенги чиққанда узатиб­узатиб юборди. Чоли етти йил аввал бандалик қилганди. Суянгани, таянгани ёлғиз ули – Тоштемирни эса урушга олди-кетди. Қўли калтаям, бош эгаси йўқ ҳам демади. Ҳувиллаган уйда Қора момо ва қирқ кунлик гумонаси билан уч ойлик келин қолди. Момонинг оти Бибисулув эди. Суяк суриб қорамағизли, отаси раҳматлидай полвонкелбат бўлганидан ҳамда қўлидаги қушночлик ҳунари борлигидан элу хеши ҳаммаси уни Қора момо деб атаб кетди.
Ниҳоят, кампирнинг силласи қуриди, чўзилиб ётиб қолди. Ташқарида ёмғир ёға бошлади. Кампир келини пиширган кесканошдан ўзини мажбурлаб-мажбурлаб ичди. Тағин терлади, бироз ўзига келди. «Менинг кўнглимни шартта узиб, шу итнинг олдига ташлайдиган-да ўзи, келин», деб ўзини-ўзи юпатган бўлди. Ташқарилади. Кузакнинг сурункали ёмғири жимиллаб ёғар эди. «Бу қора жомғир икки кунсиз тинмайди энди. Осмоннинг меши тешилди», – дея гапиринди.
Кун пешин бўлди. Бир маҳал ташқаридан «Қора мома!» деган сас келди, сўнг отнинг кишнагани эшитилди. Ит ҳурди. Кампирнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Кампир ётган ўрнидан қандай ирғиб турганини ўзи ҳам билмади. Биргина «Қора мома» деган садо уни ўрнидан қоим қилди. Келин-қайнона олдин-кейин ташқарига чиқди. Уй олдида бир отлиқнинг қораси кўринди. У Жиловдор почтачи эди. Хатни берди-ю, гум бўлди. Кампирнинг «Чой ичиб кет» деганига ҳам қарамади...
...Жипакдан эшган арқонинг
Тортарга келмай узилди.
Қизиблар турган бозоринг
Савдолар келмай бузилди.

Онанг бўлмай, ўлайин-а...
Очилмади бир гулинг,
Ўтовда қолди булбулинг,
Сени олмай мени олса бўлмасми?..

Ана шундай садо билан асрнинг кўкси тилинди. Оломон йиғилди. Кампир уй олдида, ёмғир тагида, қора лойга ботиб бўз тортди. Келин соч ёйиб ўзини қора уйнинг эшигига урди. Қора мошинда раис келди. Почтачиям келди. Кампир она арслондай айқириб почтачининг ёқасидан олди:
– Қора хат бергунча оғзингдан қора қонинг келса бўлмасмиди, йўли қора?!
Одамлар музтар турган почтачини кампирнинг чангалидан аранг айириб олдилар. Кампир раисга ўтдай тармашди:
– Боламни сен единг, раис бўлмай қоранг ўчгур. Бегим калнинг улини урушдан об қолдинг – бойга боқдинг. Менинг тузим урсин сени. Қора халққа қайишмадинг, қора ноним урсин сендай ичиқорани...
Бахти қора бўлган келиннинг доғи Қора момоникидан кам эмасди.
– Қоронғи бозор қип
кетдинг, тўрам-ов,
Қора сочимни қорлар
босди-я, тўрам-ов...

Бул кун ана шундай бир қора кун эди...»
Мақола муддаоси учун ушбу воқелик ҳикоя шаклини олди. Бу ғамгин манзара ўқувчига бегона ҳам эмас. Бу ерда муддао воқеликдаги ижтимоий ҳолатга урғу бермоқ, бадиийлик даражасини таҳлил этмоқ эмас, балки тилимиз бойлигини, имкониятларини тасаввур қилишни бироз бўлса-да осонлаштиришдир.
Одамнинг кўзлари жуда кўплаб рангларни фарқлайди. Илмий далил ва фаразларга кўра, борлиқда биринчи пайдо бўлган ранг – қора рангдир. Бошқа ранглар олис эврилишлар асносида қора ранг­дан ажралиб чиққан. Энди шартли «ҳикоя»мизда ишлатилган «қора»ларга эътибор қаратсак.
Диққат қиладиган бўлсак, матндаги қора сўзлари ҳеч бири аслан қора бўлмаган негизли сўзлар билан бирга келаётир. Қора саҳар. Саҳар аслида оқлик, илк тонг отиш палласини англатувчи вақт мезони. Аммо қора дейилиши халқнинг бадиий топилдиғи. Қишин-ёзин тонгдан аввал – саҳар чоғида руҳият учун малоллик туғдирувчи сирли бир юк бўлади. Саҳар қишда совуқ, ёзда ҳам этни жунжиктирар эпкинли яхи бўлади. Уйқу эса бу маҳал жуда тотлидир. Бу пайтда уйғонган киши одатдагича ўрнидан турмаган, уни тасодифий бир сабаб уйғотган бўлади. Бу руҳий босим саҳарнинг аслида оқ бўлган рангини қорага «бўяйди». Қора чироқ. Чироқ аслида ёруғлик таратувчи ашё, ундан нур, оқлик инади. Аммо «қора» дейилишида қора чироқдан фойдаланувчи мискин кишининг ҳолати мужассамдир. Кейин қора чироқ ўзидан қурум қолдириб тутаб ёнади. Қора уй. Қадимдан туркий қавмлар учун қора ранг эътиборли, нуфузли ранг ҳисобланган. Қора рангда ёвқурлик ва жиддият омихта бўлган. Гарчи қора уй – ўтовда аслида қора ранг қаторида оқ, қизил, яшил тусли ашёлардан ҳам қарийб тенг фойдаланилган. Қора овқат – кундалик, меҳмон келмаганда, байрам ёки бирор сабаб бўлмаганда пишириладиган овқат. Лекин бу кундалик овқатнинг асл ранги қора эмас, оқчил, сарғиш-қизғиш ёвғондир балки, бироқ сира ҳам қора рангда эмас. Оддий шўрва, шавла, нонпалов сингари таомлар қора овқат саналади. Қорамол. От, эшак, сигир – буларнинг барчаси халқ тилида қорамол дейилади. Шундай бўлса-да, бу жониворларнинг ранг-туси оқ, сариқ, малла, кулранг бўлиши ҳам мумкин. Қора тер. Биологик мавжудотнинг барчасига терлаш хос. Лекин ўлим олди ёки оғир руҳий ҳолат ёхуд вужуд бетоблигида келадиган тер қора тер дейилади. Изтироб, ҳорғинлик, қаттиқ уялиш, натижасиз уриниш кайфияти билан уйғун ҳолда қора тер босади кишини. Лекин бу терлашда ҳам бирор ранг фарқланмайди. Бу аслида одатдаги тер, гармонал ўзгаришга асосланган биологик жараёндир. Сув томчиси каби тер ҳам рангсиз суюқлик, лекин санаб ўтилган ҳолларда тер «қора» бўлади. Қора мошин деб юк машинасига айтилган. Эҳтимол, бу улов турининг ранги кўк, қизил, сариқ ҳам бўлиши мумкин, лекин унинг умумий номи – қора мошин. Қора ёмғир деб, куз ва баҳордаги муттасил ёғувчи ёмғирга айтилади. Сабаби бу ёмғирда ҳўл бўлмаган нарса ҳам, ивимаган ашё ҳам қолмайди. Бадиий иборада айтсак, бу ёмғир юракни хит қилиб, одамни эзиб юборади. Номидаги қора рангда ана шундай толиқиш жам. Бу изоҳлар барчага тушунарли. Аммо уларнинг ҳеч бирида тилга олинаётган предмет моддий жиҳатдан қора эмас. Қоронғи бозор сўзи эса «ҳикоя»мизда ноаён, туманли, андармон бўлиб, қорнида гумонаси билан тул қолган келинчакнинг ҳолини тасвирлаяпти. Бу ердаги қора ранг изтиробли, номаълум мавҳумотнинг рангидир. Кўнглим қора, ичи қора, бахти қора, йўли қора, қора халқ, қора ер, қора лой, қора ёмғир, қора кун, қора нон, қора қон... Бу қўшма сўзлардаги «қора»ларни изоҳлашга унчалар зарурат йўқ. Чунки кўнгил, ич(и), бахт халқ тушунчалари эстетик тушунчалар бўлиб, тўлиғича тафаккур ҳосиласи, моддий жиҳатдан ҳеч қандай рангга тобе эмас, кун эса ёруғликни англатадиган сўз, қоннинг ранги ҳамиша қизил, нон жигарранг ва оқ тусга эга, лойнинг тасаввур қабул қилган ранги ҳам жигаррангдир.
Булардан ташқари, қора курси, қора иш, қора яғрин, қора совуқ сингари мазмун жиҳатдан қора-ю, асл ранги қора бўлмаган ашё ва тушунчалар ҳам жуда кўп.

Тилимизда учрайдиган қора қозон, қора мой (нефть), қаро тун, қора кўз, қора соч, қора қош, қора булут каби асли қора рангда бўлган ашёлар ҳам борки, бу сўзларни ҳеч бир оғринмай ишлатаверамиз. Одатдаги турмушимизда қўлланаверади.


Шодмонқул САЛОМ
Forwarded from Duel
Duel kashfiyotlari

Duel 2024 tanishtirgan isteʼdodlardan biri – Sanjar Toshbekov. Albatta, bunday topildiqlarga boy oʻtdi duel. Sizni ham Ular bilan tanishtirib boramiz!

(👍)lar va izohlar bilan qoʻllab-quvvatlang,
Bu bizni ilhomlantiradi!

https://youtu.be/vWSTMtyyCyg
2024/11/05 01:02:48
Back to Top
HTML Embed Code: