Warning: Undefined array key 0 in /var/www/tgoop/function.php on line 65

Warning: Trying to access array offset on value of type null in /var/www/tgoop/function.php on line 65
2894 - Telegram Web
Telegram Web
Кеча Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Заркент қишлоғидан тоғлар оша Сўқоқ қишлоғигача 18,5 километрлик маршрутни босиб ўтдим. Заркент санаторийси олдидан бошланган кўтарилиш Шохқўрғон тизмаси бўйлаб давом этиб, Бигизтош (2020 метр), Шохқўрғон (2025 метр) чўққиларидан ўтиб, Оқтош (2510 метр) чўққи томон давом этди. Чўққидан орқа томонга эмас, ёндош тизма орқали Сўқоқ қишлоғига тушиб бордик. Ёмғирдан кейинги ҳаво жуда ёқимли эди. Тушликдан кейин Тошкент ва Чирчиқ томондан ёпирилган смог атрофнинг кўриниши чеклади.
"Ватан – қалбимда, юрагимда!"

Бугун миллий байроғимиз куни. Уни қанчалар яхши кўришимни кўпчилик билади. Аммо, бугун Она Ватан туғи ҳақида эмас, Фаластин байроғи ҳақидаги ажиб хотираларимни бўлишмоқчиман.

2011 йилнинг ёзида Германияга сафар қилдим. Ўшанда ҳам Исроил Фаластинга қарши ҳужум қилиб, Ғазза ва Ғарбий соҳилни бомбалаётган эди. Берлиннинг айрим жойларида Исроил режимига қарши норозилик ҳам бўлган, айрим уйларда норозилик рамзи сифатида Фаластин байроғи илиб қўйилган эди. Улардан бирини суратга олган эканман.

Турли миллат, халқ, мазҳабларни бир жойга йиққан мўжазгина масжидда жума намозини ўқидим. Ярим немисча, ярим арабча қилинган хутбадан Фаластин учун дуо қилинганини англадим. Масжиддан чиқиб, Ливан емакхонасига кирдим. Намоздан чиққанлар кафени тўлдирган, бўш жой йўқ. Қарасам, бир ажнабий йигит олдида жой бор. Ўтиришга рухсат сўрадим.

Аста танишишни бошладик. Берлинга келганману, ўзимча миллатпарварман. "Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб". Дўппи зўр нарса, дарров кўзга ташланади, гапни бошлаш учун ҳам зўр сабаб. Ажнабий дўппини кўрди-да, бош бармоғини юқори кўтариб, "Cool!" (Зўр!) деди. "Қаернинг қалпоғи бу?" деб сўради. "Ўзбекистонники!" дедим. Юртим ҳақида билмаса керак, деб ўйлагандим. "Ие, бухориймисан?" деди. Бўйнига кичкина хоч тақиб олган, замонавий кийинган бу жингалаксоч ажнабийнинг саволидан, ҳайратландим, тўғриси.

Ажнабий фаластинлик насронийлардан экан. Исми Аҳмад. Берлинда ахборот технологиялари бўйича таҳсил оларкан. Суҳбат қизиб кетди. Бугунги воқелик эсланди. Исроил зулми ва фаластинликларнинг ватанпарварлиги ҳақида сўз кетди. "Биз мусулмонлар билан бир маҳаллада турамиз, катта акам мусулмон - Ақсога боради. Биз ҳам Аллоҳ деймиз, машааллоҳ, иншааллоҳ деймиз. Ёшликдан Исроилга нафрат билан катта бўлганмиз. Бусиз иложи йўқ. Кунда-кунора, қариндошларингдан бирини Исроил аскарлари ўлдиради, ҳибс этади, олиб кетади, исталган пайт уйингга бостириб киради. Зулм, зулм, зулм. Биз тарафдан нафрат, куч, қасос туғёни. Ҳар бир Фаластин боласи шунақа кайфиятда катта бўлади. Биз ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. На бомба, на ўлим, на йўқлик. Бу халқни мағлуб этиб бўлмайди" деди Аҳмад.

Бу ҳақда яна узоқ гапирди. "Бу ерда илм олиб, юртимга қайтаман ва унинг равнақи учун курашаман" деди у. Ҳозиргача ўшанда ёшлик қилиб, Аҳмадга берган саволимдан хижолат бўламан. "Аҳмад, хафа бўлмагин-у, уст-бошингга, юзингга қараб сенда Ватан севгисини кўрмаяпман" деб юборибман. Аҳмад бирданига қизариб кетди-да, кўйлагининг икки тугмасини йиртиб, кўкрагига мушт билан қаттиқ урди-да, ярим арабча, ярим инглизча қилиб, "Кўряпсанми, мана, Ватан - Фаластин қалбимда, юрагимда!" деди.

Унинг кўкрагига тарихий Фаластин харитаси фонидаги Фаластин байроғи татуировка қилинган эди.

Давронбек Тожиалиев
@davronbekt
Бу йилги ноябрь анча илиқ келди. Тоғларда ҳам қор бу йил ҳали анча юқорида. Кеча Пском тизмасининг Чатан чўққисига сафар қилдим. Чўққи сари йўл Бўстонлиқнинг Нанай қишлоғидан бошланди. Аксарсойни кесиб ўтиб, Қудуқ шаршараларига кетадиган тарафга пиёда йўлга тушдик. Ажойиб ўрмонлар ичидан ўтдик, адирларга эркин қўйиб юборилган отлар билан тиллашдик. Денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда қорли сўқмоқлар бошланди. Чўққигача бир неча тоғларни ошишга тўғри келди. Чўққи атрофи 40 сантиметр қалинликдаги қор билан қопланган. 2504 метр баландликдаги Чатан чўққисидан Чотқол, Пском, Угом, Қоржонтов тизмасининг энг баланд чўққилари яққол кўриниб туради.
Кун бўйи ўтириб ишлайсиз, асосан ақлий меҳнат билан бандсиз. Жисмоний ҳаракат жуда оз. Чарчайсиз – жисмоний меҳнат қилгандан кўра кўпроқ. Баъзида ҳеч нарса қилгингиз ҳам келмай қолади. Руҳан толиққанингиз билинади. Сиз эса яна компьютер, телефон ёки телевизордан нимадир кўриб дам олмоқчи бўласиз – бу нотўғри. Сиз учун энг тўғриси эса ҳеч бўлмаса бир соат ташқарида пиёда юришдир. Янаям яхшиси, имконга қараб узоқроқ масофага сайр қилишдир.

Мен ҳам шундай қиламан. Ҳафталаб ақлий меҳнат зўриқишни келтириб чиқаради. Мен учун руҳий толиқишнинг олдини оладиган энг яхши усул тоққа сайр қилишдир. Ҳафталаб ишламаган жисмингиз тоққа чиқиб тушгунча маза қилиб ҳаракат қилади, қонингиз бир маромда айланади, энг кичик тўқималаргача қон етиб боради, ўпкангиз очилади, энг тоза ҳаводан нафас оласиз. Табиат билан бирга қоласиз, атрофнинг гўзаллигидан завқланасиз, тафаккур қиласиз. Энг асосийси, цивилизациядан узоқда бўласиз: телефон, интернет ишламайди, иш ҳақида ўйламайсиз. Қишки тоғ сайрларининг эса завқи ўзгача. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан тозарган вужуд билан янги ҳафтани бошлайсиз.

Якшанба куни Бўстонлиқ туманидаги Кўкбет (1945 метр) ва Мойғашқон (2310 метр) чўққиларига чиқиб келдим. Шулдак қишлоғидан кўтарилиб, тушгунча 18 км масофа босдик. Юқорида қорнинг қалинлиги ярим метрга етади. Қайтишда арчазор ўрмон оралаб тушдик.

https://www.youtube.com/watch?v=k_51-rfpNio

@davronbekt
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Янгиобод шаҳарчаси атрофида ҳам жуда гўзал тоғли масканлар жойлашган. Чилтонсой дарёси Чотқол тизмасидаги қорларнинг эришидан юзага келади. Сой дарасида 2 та катта шаршара ҳам мавжуд. Денгиз сатҳидан 2100 метр баландликда қор қалинлиги 1 метрдан ошади. Кечаги саёҳатда белгача қорга ботдик. Жами 15 км йўл босдик.

https://youtu.be/6CTvYpzvTeY

@davronbekt
Китобхон болаларга 8 тавсия

1. Кунига бир соатни китоб ўқиш учун ажратинг. Бунда давомийлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзингизга ҳар куни камида бир соат китоб ўқишни вазифа қилиб олинг. Шу тарзда китоб ўқиш тезлигингиз мунтазам ошиб боради. Секин-аста кунлик китоб ўқиш соатини ҳам ошириб бориш мумкин.

2. Ўзингизга ёқадиган қулай жойда мутолаа қилинг. Ётиб ўқимасликка ҳаракат қилинг — кўзингиз чарчайди. Китобни кўзингиздан 30-40 см узоқликда, 45° бурчак остида ўқинг. Ёруғлик чап тарафдан тушгани маъқул, муҳими етарли даражада бўлсин. Китоб танлашда матннинг ҳажми, шрифти сизга қулай эканига эътибор қаратинг.

3. Мутолаага энг қулай вақтни танлай билинг. Ухлашдан аввал китоб ўқиш тавсия қилинмайди — кун давомида турли ахборотларни қайта ишлаган миянгиз кечқурун бироз толиқиши ва маълумотни яхши қабул қилмаслиги мумкин. Эрта тонгдаги мутолаа эса жуда фойдали — яхши дам олган миянгиз ахборотларни осон қайта ишлайди ва узоқ вақт эслаб қолади.

4. Китобдан олган энг яхши фикр ва фактларни қайд этиб боринг. Баъзилар бунда китобнинг ўзига чизиш ёки бўяшдан фойдаланади. Ундай қилманг — сиздан кейин ҳам биров ўқиши мумкин. Алоҳида дафтар тутиб, унга ёзиб борсангиз фойдалироқ. Мутолаадан сўнг китобдан олган хулосаларингизни ҳам қайд этинг.

5. Қўлингизга тушган ҳар қандай китобни ҳам ўқийверманг. Китобни танлай билишни ўрганинг. Аввало ота-онангиз, устозларингиздан китоб тавсияларини олинг. Ёшингизга мос, сизга қайси бири фойдали эканини улар яхшироқ билишади. Тавсиялар асосида ўқишингиз керак бўлган китоблар рўйхатини тузиб олинг. Режа асосида мутолаа қилинг.

6. “Тўғри ўқиш” бу тез ўқиб тугатиш дегани эмас. Муҳими — тушуниб ўқиш. Китоб ўқиш салмоғи унинг бетлари сони билан эмас, қанчалик тушунганингиз билан ўлчанади. Китобдаги тушунарсиз сўз ва жумлалар маъноларини билиш учун луғат ва энциклопедиялар титкилашдан эринманг ёки яқинларингиздан сўранг.

7. Ҳадеб бир хил мавзу ва жанрдаги китобларни ўқийверманг. Бир марта саргузашт қисса ўқисангиз, кейинги сафар тарихий асар ўқинг. Илмий адабиётлар, ахлоқий китоблар, психологик қўлланмалар ҳам фойдали. Имкон борича турли мавзулардаги китобларни мутолаа қилинг — дунёқарашингиз кенгаяди.

8. Китоб ёқмаса — ўқиманг. Аввало китобнинг мундарижаси билан танишинг. Агар китоб илмий-оммабоп бўлса, олдин ўзингизга ёққан мавзуларни ўқинг. Китоб ёқмадими, миянгиз қабул қилмаяптими, чарчадингизми — давом эттирманг. Танаффус қилинг. Истасангиз овоз чиқариб ўқинг. Ёқтирмаган китобингизни ўзингизни мажбурлаб тамомлашингиз керак эмас. Муҳими — ўзингизга фойдали ва тушунарли китобдан завқ олиш.

Давронбек Тожиалиев, Ziyouz.com кутубхонаси асосчиси

2021 йили чоп этилган 3-синфлар учун “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслигидан

@davronbekt
2025/07/13 10:49:17
Back to Top
HTML Embed Code: