Telegram Web
Айрим сўзларни бекорга "садақа" дейилмаган. Чунки улар руҳингни жарлик ёқасидан қайтариб келади.

Мубашшир АҲМАД
@din_nasixatdur
ХУШУЪ НИМА?

“Хушуъ” сўзи луғатда “бўйсуниш”, “сокинлик”, “хотиржамлик”, “хокисорлик” маъноларини англатади .
Мазкур сўз кўпинча “хузуъ” билан бирга ишлатилади. Уларнинг маъноси бир-бирига яқин. Бироқ хузуъ танада, хушуъ эса танада, овозда, кўзда бўлади. Яъни, хушуъ баданнинг хотиржам туриши, овозни пасайтириш, нигоҳни ерга қаратиш маъноларини билдиради .
Хушуънинг истилоҳий маъносига тўхталадиган бўлсак, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу уни қўрқув ва сукунат деб таърифлаган.
Али розияллоҳу анҳу: “Ҳақиқий хушуъ қалб хушуъсидир”, деган.
Қатода айтади: “Қалбдаги хушуъ қўрқув ҳамда намозда нигоҳни пастга қаратишдир”.
Ибн Қаййим: “Хушуъ – қалбнинг Парвардигори ҳузурида хокисорлик билан туриши”, деб айтган .
Аллома Ибн Касир таърифига кўра, намозда виқор, тавозеъ билан хотиржам туриш хушуъ саналади. Аллоҳдан қўрқиш, Унинг кўриб турганини ҳис этиш бандани хушуъга ундайди.
Хушуъ фақат намозда эмас, кишининг ҳар бир ҳаракатида, ибодатида, хусусан, Қуръон ўқишида, дуо қилишида, садақа беришида, рўза тутишида ҳам бўлади.
Хуллас, намоздаги хушуъ хотиржам, тинч турган тиниқ сувдек, Аллоҳни кўриб тургандек ёки Унинг кўриб турганини ҳис қилиб, қўрқув ва умид билан туриш, бутун вужуди билан Парвардигорига юзланиш, дил юмшаши, ибодат вақтида хаёлни бир ерга жамлаш, қалб ва тана аъзолари сокинлиги, атрофга алангламасдан, Аллоҳга ихлос билан муножот қилишдир .

Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан
@din_nasixatdur
ҚАЛБАКИ ЗОҲИДЛИК
Ибн Асокир ўзининг "Тариху Димашқ" номли китобида, ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг "Лисонул мизон" номли китобида келтиради:
"Халаф ибн Тамимдан ривоят қилинади:
"Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ва Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ Маккада учрашиб қолишди. Иброҳим сўради:
-Ишингнинг аввали, яъни Аллоҳга қайтишинг қандай бўлган?
Шақиқ деди:
- Саҳрода кетаётган эдим. Саҳрода қанотлари синиб ерда ётган бир қушни кўрдим. Унинг қаердан ризқланишини кўраман деб ундан узоқроқда туриб кузатиб турдим. Бир қуш оғзида чигиртка билан учиб келди. Қаноти синган қушнинг оғзига чигирткани қўйди. Мен ўзимга: "Эй нафс! Ушбу қаноти синган қушга ушбу соғлом қушни мусаххар қилган Зот сен қаерда бўлсанг ҳам ризқ беради" , деб ишлашни тарк қилдим ва ибодатга берилдим.
Иброҳим деди:
-Эй Шақиқ! Нега сен қаноти синган қушга овқат берадиган соғлом қуш бўлмайсан. Ундан афзал бўласан-ку! Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Юқоридаги қўл пастдаги қўлдан афзал" , деганларини эшитмаганмисан? Мўъмин киши аброрлар даражасига етиши учун икки даражадан доимо олийсини танлаши лозим.
Халаф ибн Тамим айтади:
"Шунда Шақиқ туриб келиб Иброҳимнинг қўлини ўпди ва деди:
"Сиз бизни устозимизсиз, эй Абу Исҳоқ!".


Ислом гўзал диндир. Аммо афсуски, бизнинг тушунчаларимиз гўзал эмас. Исломий тушунчалардан энг кўп нотўғри тушунилгани зоҳидлик бўлса керак. Зоҳидлик молни тарк қилиш эмас, мол сизга хўжайин бўлмаслигидир!

Усмон розиёллоҳу анҳу ниҳоятда бой эди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ҳам бадавлат эди. Аммо уларнинг бойлиги қалбида эмас, қўлида эди. Ислом уларнинг молига эҳтиёж сезганида улар иккиланмасдан сарфлашар эди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу Билол розиёллоҳу анҳуни мол билан озод қилган-ку!
Усмон розиёллоҳу анҳу "қийинчилик қўшини"нинг учдан бирини мол билан жиҳозлаб берган-ку ахир!

Зоҳидлик- ишлашга қодир бўлсангда, уйда ишламасдан ўтириб олиш эмас. Бу текинхўрликдир, беғамликдир, хорликдир!
Зоҳидлик- янги ва чиройли кийимда юриш имконинг бўлатуриб эски ва ямоқ солинган кийимда юришинг эмас. Бу фаросатсизликдир ва харобликдир. Аллоҳ таоло берган неъматларини бандасида кўринишини суяди!
Зоҳидлик- тозалашга, тартибга солишга, янгисини сотиб олишга имконинг бўлатуриб ифлос уйда яшаш, дабдаласи чиққан анжомларни ишлатиш эмас. Бунинг исми тадбирсизлик, фаросатсизликдир. Зоҳидлик бу тозалаш, тузатиш ва тартибга солишдир!
Зоҳидлик- ўсишга имконинг бўлатуриб ўқув даргоҳларида паст даражага рози бўлиб юриш эмас. Бунинг номи ҳимматсизлик бўлади. Зоҳидлик бу ўсиш, бу заминни обод қилишдир!

Зоҳидлик қўлда қанча мол борлиги ёки йўқлигига қараб эмас, қаноатинг миқдорига қараб бўлади. Баъзан қўлида ҳеч нарсаси бўлмаган фақирнинг қалби дунё муҳаббати ила тўла бўлиши мумкин. У билан зоҳидликнинг ораси машриқ ва мағриб қадар узоқдир. Гоҳида эса кишининг қўлида моли кўп бўлиб қалби ундан холий бўлади. Зоҳид ана шу кишидир. Зоҳидлик қалбдир, ташқи кўриниш эмас!
Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу эгилиб, беҳафсала юриб кетаётган бир кишини кўриб қолиб унинг кимлигини суриштирди. Унинг обид эканини айтишди. Шунда Умар розиёллоҳу анҳу уни асо билан уриб деди:
"Динимизни ўлдирдинг, Аллоҳ сени қатл қилсин. Тўғри юр, исломнинг иззатини кўрсат!".

©Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
Ибн Салоҳнинг “Табақотуш Шофиъийя” китобида келади: “Луғат олими Абул Ҳасан Аҳмад ибн Фориснинг таржимаи ҳолида келишича, у Қазвинда яшаганида ҳар пайшанба куни битта китоб кўчирар, уни жума намозидан олдин сотиб пулини фақирларга садақа қилар эди. Токи вафот этгунича шундай давом этди!”.

Ҳар инсоннинг ўз амалидан садақаси бўлиши лозим. Бу иши неъматга шукр ва унинг заволидан муҳофаза бўлади иншааллоҳ!

Агар шифокор бўлсангиз, ақалли ҳафтада битта беморни бўлсада бепул даволанг.

Агар мударрис бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта дарсни фаҳмламайдиган талабага дарсни қайта тушунтириш учун вақт ажратинг.

Агар нонвой бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда кунда битта нонни садақа қилишга одатланинг.
Агар озиқ-овқат дўконингиз бўлса, кунда битта маъданли сув бўлсада, садақага одатланинг.

Агар адвокат бўлсангиз ойда бир марта бўлсада, бир фақир мазлумнинг ҳимоясини текинга бажариб беришга одатланинг.

Сиз ўзингизни яхши танийсиз. Аллоҳ сизга берган ишингизга боқинг. Ишингиздан садақа қилиш имконини албатта топасиз. Ана шундай бардавом бўлинг.

Чунки, Аллоҳга энг суюкли ишлардан бири, оз бўлсада давомли бўлган яхшиликдир!

© Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
Рўзадор дўстим: Рамазон тонгидаги табассум билижмоъ, рўзани очиб юбормайди, уни бузмайди, ишонавер. (Шунинг учун сал кулиб юравер)

Изоҳ: Рамазон ойи келганда рўза тутишни малол кўриб, зўр бериб ўзини мажбурлаб машаққат билан тутувчилар, саҳарлик қилиб бўлгач, энди кун ботгунча оч юришини ўйлаб сиқиладиган, ифторга яқин қолганда тунд юзли бўлиб олиб, тинмай асабийлашадиган, соатга қарайверадиганларга ҳазил маъносидаги киноя.

@arabicuz
@din_nasixatdur
ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ
Расмий ҳужжатлар унинг исми Эдсон Арантис де Насименту эканлигини айтади. Аммо футболда уни Пеле номи билан танишади!
Уни “қора гавҳар” дейишади. Айтишларича, у футбол тарихидаги энг афзал ўйинчи бўлган!
У ўн ёшдалигида футбол бўйича жаҳон чемпионати Бразилияда бўлиб ўтди. Ўшанда Пеле футболга қизиқмас эди. У ҳатто Бразилия ва Уругвай ўртасида бўлиб ўтган финал ўйинини ҳам кўрмаган. Пеле ўшанда уйига келганида отаси қаттиқ йиғлаётган эди. Шундан Уругвайнинг чемпион бўлганини англаган эди!
Пеле гўдакларча беғуборлик билан отасининг олдига келиб кўз ёшларини артди ва унга шундай деди:
“Куни келиб сизга ўша кубокни албатта олиб бераман!”.
Пеле ваъдасининг устидан бир эмас, уч марта чиқди. У 1958 , 1962 ва 1970 йиллардан жаҳон кубогини қўлга киритди. Тарихда бунақа ғалаба фақатгина Пелега насиб қилган. Менимча шундай бўлиб қолса ҳам керак!
Пеле аслида учувчи бўлишни орзу қилар эди. Аммо отасининг кўз ёшлари уни афсонага айлантирди.
Инсоннинг ҳаётида шунақанги лаҳзалар бўладики, бу лаҳзадан олдинги ва кейинги ҳаёти бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бунақанги ўзгариш учун албатта кўз ёшлари ва қалб маҳзунлиги бўлиши шарт!
Ўқувчилардан бири менга содда услубда мактуб битган эди. Мен уни бироз таҳрир билан ҳукмингизга ҳавола қиламан:
“Бир куни йиғладим. Мен севган аёл келиб мени қучоқлади. Сўнгра кетиб айнан мени йиғлатган ишни қилди. Ана шунда инсон токи ўзининг олдида хор бўлмасидан олдин ўзгалар олдида хор бўлмаслигини англадим. Бундан кейин хор бўлмасликка, обрўйим билан ёлғиз қолишга аҳд қилдим. Бу нарса бошқаларнинг раҳмини келтиришимдан кўра анча яхшироқ эди. Ана шу лаҳзаларда ўшанда кўзларимдан оққан ёшлар аслида мени уйғотган шапалоқ эканлигини англаганман. Ўзимга- ўзим: “Наҳотки шу мен бўлсам!”, деганман. Бугун англадимки, ҳақиқий куч бировга осилишда эмас, ёлғиз қола билишда экан. Шундан бошлаб ўзимни хорламасдан ўз ҳаётимда яшашга аҳд қилдим. У аёлни эса ҳалиям севаман. Бундан кейин ҳам севиб қоламан. Аммо ер юзида ундан бошқаси қолмаса уни истамайман!”.
Аммо мен айтаманки, шодлик лаҳзалари худди қаҳвахонага ўхшайди. Чиройли макон, дунё ташвишларидан бироз узоқлашасиз. Аммо сизга ҳеч нарсани ўргата олмайди!
Маҳзунлик лаҳзалари ва қалбнинг синиши эса мактабдир. Сизни дунёдан суғуриб олади, партага михлаб қўяди. Аммо сизга энг идеал дарсларни беради!
Қалбингизни икки марта синдиришларига йўл қўйманг!

©Abdulqodir Polvonov

@din_nasixatdur
АЛЛОҲНИНГ БИЛИШИ ЕТАДИ
Абдуллоҳ ибн Муборак Тартусга кўп борар эди. Чунки Тартус чегарада жойлашган эди. Баъзида Раққадаги карвонсаройга ҳам бориб турар эди. Карвонсаройда бир йигит унга хизмат қилиб, сўнгра Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳадис эшитар эди.
Сафарларидан бирида Абдуллоҳ ибн Муборак яна Раққадаги карвонсаройга тушди. Аммо хизматкор йигитни кўрмади. Жиҳодга шошиб тургани учун уни суриштирмади. Жиҳоддан қайтганидан кейин ўша йигитни суриштирди. Кишилар у йигитнинг қарзи кўпайиб кетганлиги учун ҳақдор уни қаматганини айтишди. Абдуллоҳ ибн Муборак унинг қарзи қанчалигини сўради. Йигитнинг қарзи ўн минг дирҳам(икки юз дирҳам закот нисоби бўлади) экан. Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақдорни қидириб топди. Қарзни ҳаммасини унга тўлади. Аммо ҳеч кимга айтмаслигини тайинлади.
Йигит қамоқдан озод бўлди. Кишилар уни Абдуллоҳ ибн Муборак суриштирганини айтишди. Йигит Абдуллоҳни топди. Абдуллоҳ ундан сўради:
- Қаерда эдинг, карвонсаройда кўринмадинг?
- Қарзим учун қамашди!
- Қандай чиқдинг қамоқдан?
- Кимдир келиб қарзимни тўлабди. Унинг кимлигини билмадим. Мени чиқариб юборишди!
Абдуллоҳ ибн Муборак деди:
- Ўша кимсани сенга юборган Аллоҳга ҳамд айтаман!
Ҳақдор то Абдуллоҳ ибн Муборак вафот қилмаганича сирни яшириб юрди. У вафот қилгач, қарзни у тўлаганини айтди. Йигит ана ўшанда қутқарувчиси Абдуллоҳ ибн Муборак бўлганини билди!

Ҳар-бир қилган яхши ишимизни ҳужжатлаштириб қўйишимиз шарт эмас. Аллоҳ таоло бу вазифага баъзи фаришталарни бириктириб қўйган. Хотиржам бўлайлик, ҳеч бир яхшилигимиз зое қилинмайди. Ҳаммаси китобда ёзиб қўйилган!

Агар бордию инсонлар билмаса Аллоҳ билади. Шу етарли!
Имом Заҳабий ўзининг "Сияру аъломин нубало" номли китобида келтиришича, Ҳорун ар-Рашиднинг қўшинида исмини девонга ёздирмайдиган йигирма минг аскар бўлган экан. Улар маош ҳам олишмас экан. Аллоҳнинг билгани уларга етарли бўлган экан!

Соиб ибн Ақраъ Наҳованд жангидан қайтиб келиб халифа Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳуга машҳур мусулмонларнинг шаҳид бўлганини айтди ва уларнинг исмини санади. Сўзининг охирида "...ва мўъминлар амири танимайдиган бир қанча кишилар шаҳид бўлди", деди. Уни эшитган Умар розиёллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва деди:
"Умарнинг танимаслиги уларга зарар бермайди. Уларни Аллоҳ танийди!".

Камералар суратга тушира олмайдиган, кишилар кўра олмайдиган яширин солиҳ амални кўпайтирайлик. Бунақа амални Аллоҳ суяди. Қабримиз эса шунақа яширин амал билан мунаввар бўлади!

©Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: "Олдингдаги нон бурдаси сенга етиб келгунча уч юз олтмиш ҳунарманд қўлидан ўтиб келади. Уларнинг боши Микоил алайҳиссалом бўлиб, Раҳмат хазинасидан сувни тортиб олади, сўнг фаришталар булутларни ҳайдаб келади, қуёш, ой, фалаклар, ҳаво фаришталари, ер ҳайвонлари... охирида новвой бўлади.

"Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар." ("Наҳл" сураси, 18-оят).
@din_nasixatdur
Ф О Й Д А Л И Т И Ж О Р А Т

92-йиллардан одамларимиз орасида чет элга чиқиб тижорат билан шуғулланиш бошланиб кетди. Биз ҳам Туркия, Дубай, Малайзия, Эронга қатнай бошладик. Бир гал ўзимдан ўн беш ёш катта бўлган акахон билан бирга Дубайга бордим. Зиёли, ҳар нарсага ақли етадиган одам эди. Сафарда яна уч-тўртта Тошкентлик одамлар билан яқинлашиб қолдик. Бирга юриб, бирга овқатланар эдик. "Gold sity" деган жойдаги меҳмонхонага тушиларди ўшанда. Меҳмонхонада деярли ҳаммаси ўзбеклар.

Ҳалиги улфатларим ўзига тўқ. Бировга сўзини бермайдиган, пулиям оғзиям полвон йигитлар. Уларнинг ичида фақат мен намоз ўқийман холос. Ҳаммалари озгина кайфу сафога мойил бўлсалар ҳам, ўзимни тутишимга қараб мен билан жиддий муомала қилардилар. Айниқса, биттаси унча-мунча одамларни менсимайдиган ҳар томонлама ишлари беш, мендан бир-икки ёш каттароқ йигит эди. Кўчани болларидан эди. Бу йигит бор жойда фақат уни овози эшитилиб турадиган сергапгина йигитлардан эди. Шу одам ҳам менга ҳурмат билан муомала қиларди. Ҳалигидака ишларни мендан беркитиброқ қиларди. Анча "тақволи" эдим-да ўшанда. Хуллас, тўрт-беш кунлик сафар мобайнида, менга домлага муомала қилгандек, ҳурмат кўрсатишди...

Орадан бир йилча ўтиб яна Дубайга бориб қолдим. Ҳалигилар ҳам мендан икки кун аввал боришган экан. Улар бошқа хонада туришарди. Мен иккита ўзимдан ёшроқ боллар билан битта хонага жойлашганман. Улар ҳам диндан бехабар йигитлар эди.
Лекин, мен ҳам бу бир йилда анча ўзгарган эдим. Аввалги тақволар йўқ. Қалбим қанақадир қорайган эди. Унинг устига, бу сафар тижорий ишларим ҳам унча юришмаётган эди. Шунинг учун ҳам кайфиятим яхши эмас эди. Ҳалиги боллар билан бозорларда бирга юриб, бирга мол сотиб олдик. Чекишни ташлаган бўлишимга қарамай, орада улар билан бирга сигарет чекдим...

Нима учун мен ўзгарган эдим? Очиғи, шу ўтган даврда Ҳизбнинг китобларини ўқий бошлагандим. Эсингизда бўлса, ўша вақтларда атрофда ҳизбчилар кўпайиб кетган эди. Бу жамоанинг дастурларини ҳеч қачон қабул қилмаган бўлсам ҳам, ҳатто доим улар билан тортишиб юрсам ҳам, лекин уларга хос бўлган адабсизлик, сигарет каби баъзи ишларни мубоҳ дейишлари, ўзим билмаган ҳолда, менга ўз таъсирини ўтказган эди...

Хуллас, бир куни бозордан вақтлироқ келиб меҳмонхонадаги номеримда ухлаб қолибман. Бир маҳал кўзимни очсам, иккита шеригим хонада маишат қилиб, ароқ ичиб ўтиришибди. Тошкентдан обкелишган экан ароқни. "Ҳой, нима қиляпсанлар?" дейишга духим етмади. Бундай дейишга маънан ҳаққим йўқ эди. Улардан ҳам, ўзимдан ҳам ижирғаниб, ўзимни ухлаганга солиб ётавердим.
Бир пайт ўтган сафар мени авлиёдек кўрган анави кўчани одами эшикни очиб қолди. Қараса, ухлаб ётган "домла"ни олдида иккитаси беадаблик қилиб ароқ ичиб ўтиришибди.
– Нима қивоссанла, ў? -деб, мени уйғотвормаслик учун овозини пастроқ қилиб ўшқирди.
– Нима? -дейишди ширакайф боллар бепарво.
– Окани олдида ичвоссанлами?
– Ҳа, нима бўпти?
– Домла-ку бу ока...
– Қанақа домла? Ўзи сигарет чакиб юрибдию, дейишди.
– Йўғе.. Ўзимиздан бўп қоптилами?

Мен бу гапларни эшитиб ётиб: "Ўлганинг яхши, бу кунингдан" дейман, ўзимга ўзим...

Хуллас, бу сафардан олиб келган молларим унчалик фойда бермади. Лекин, бу сафар маънавий жиҳатдан фойдали "тижорат" сафари бўлди.

Шундан кейин сигаретни ҳам, ҳизбнинг китобларини ҳам қўлимга олмадим. Аллоҳнинг ўзи менга берган чиройли дарсини ҳеч қачон унутмасам керак...

Ҳозир нега иззатимиз йўқлигини сезяпсизларми?

14.04.2019
©Shoolim Shomansur
@din_nasixatdur
Қадр кечасининг дуоси

Аллоҳим, агар ушбу кеча (Сен тайин этган) Қадр кечаси бўлса, тақсим қилганингни энг яхшисини менга тақсим эт. Тақдир, қазоингдан белгилаганингни энг яхшисини менга белгила. Саодатни белгилаганларинг каби менга саодатни муҳрла, белгила.
Аллоҳим, ушбу кечада менинг номим ва зурриётларимнинг номларини саодатмандларда, руҳимни шаҳидларда, эҳсонимни Иллиййинда, ёмонликларимни эса мағфиратингда битгин.
Аллоҳим, мен учун ушбу кечада тоат аҳлинг, авлиёларинг ва халқларингдан бирига очганинг каби барча яхшиликлар эшигини менга очгин ва мени ундан асло тўсмагин.
Менга ҳалол покиза ризқингга эришишимда ёрдам бўладиган ризқ насиб этгин.
Аллоҳим, ушбу муборак кечада хайр, офият, сиҳат ва саломатлик, кенг ризқ кабилардан нимаики тақсим қилажак бўлсанг, менга улардан бир насиба, улуш ато этгин!

@arabicuz
@din_nasixatdur
АВВОБ
- Гуноҳ қиламан, сўнгра тавба қиламан. Гуноҳ қиламан, яна тавба қиламан. Мен мунофиқманми?
- Йўқ, сен аввобсан(пушаймон қилувчи, Аллоҳ томон қайтувчисан)!

Қуръони каримда "аввоб"лар кўп бора мақталган. Аллоҳ таоло Довуд алайҳис саломни "аввоб" дея зикр қилган.
Биз гоҳо нафсимизга кучимиз етмасдан Аллоҳга исён қилиб қўямиз. Аммо бундай ҳолатда умидсизликка тушмасдан дарҳол тавбага шошилишимиз лозим. Ана шунда "аввоб"лардан бўламиз иншааллоҳ!

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан сўрашди:
-Биздан биримиз Роббисига истиғфор айтади. Сўнгра яна гуноҳ қилади. Яна истиғфор айтади, сўнгра яна гуноҳ қилиб қўяди. Аммо Роббисидан ҳаё қилмайди?!
Ҳасан Басрий деди:
- Шайтон сиздан ана шу (умидни узишингиз) билан ғолиб бўлишни истайди. Истиғфордан чарчаманг!
Бир қавлда Ҳасан Басрий буни "мўъминлар ахлоқидан" деган!

©Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
🤲 Лайлатулқадр дуоси

- Аллоҳумма иннака ъафуввун туҳиббул ъафва фаъфу ъанний - Аллоҳим, Сен афв қилувчисан (кечирувчисан), афв этишни яхши кўрасан. Мени афв эт. Менинг аҳлим ва зурриётимни ҳам афв эт...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени онамни, отамни ва уларнинг ота-оналарини, ота-оналарининг ота-оналарини ҳам афв этгин...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг оға-иниларим, биродарларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг тоғаларим, холаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг амакиларим, аммаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг дўстларим, ҳамкасбларим, қўшниларим, мени севган ва мен уларни севганларимни афв этгин...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени ҳаққимга ортимдан ғоибона дуо қилганларни ва мени дуо қилишга ундаганларни ҳам афв эт...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизни зиммамизда ғамхўрлик қилишимиз ва адо этишимиз лозим ҳақлари бўлган ва биз улар хусусида сусткашлик қилганларимизни афв эт...
-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизнинг вафот этган марҳумларимизни ва мусулмонларнинг марҳумларини афв этгин...

-Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Барча ушбу дуоимни ўқиб “амийн” деб турганлари афв этгин. Амийн, амийн, амийн..

@arabicuz
@din_nasixatdur
КАСАЛЛИК
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.

Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!

©Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
Аллоҳ таолони фақат рамазондагина танийдиган қавм яхши қавм эмас. Сиз рамазоний эмас, Раббоний бўлинг! Ким рамазонга ибодат қилса, билсинки, рамазон ўлувчи, (ўтиб кетувчи)дир. Ким Аллоҳга ибодат қилса, Аллоҳ таоло Ҳай (абадий ҳаёт)дир, У ўлмайди.

Юсуф Қаразовий

Рамазондаги интизомни имкон қадар йўқотмайлик!

«Ҳикматлар чашмаси»дан
@din_nasixatdur
Оила фиқҳидан.
Унаштирилган кишилар муносабатлари тўғрисидаги саволлар жуда кўп сўраладиган саволлардан. Масалан:
- Унаштирилган йигит билан қиз телефонда гаплашиб юрса бўладими?
- Унаштирилган йигит - қиз ёлғиз қолсалар бўладими?
- Унаштирилган йигит - қиз учрашиб юрса бўладими?
- Унаштирилганлар бир-бирларига расмлар юборса бўладими? Ва ҳоказолар.
Унутмангки, шариатда никоҳланган ва никоҳланмаган деган мақомлар бор.
Унаштирилган деган мақом йўқ. Бинобарин, ўзаро муносабатларда унаштирилган билан унаштирилмаганнинг динда асло фарқи йўқ. Унаштирилиш йигит ва қизнинг ўзаро муносабатларида ҳеч қандай янги нарса пайдо қилмайди. Ундан олдин ҳаром бўлган нарсалар ундан кейин ҳам ҳаром бўлади.
Унаштиришнинг ягона фойдаси томонлар бир-бирига ваъда бериши холос. Бу ваъда ҳам кўп уламолар наздида суннат бўлади, баъзилар вожиб деган.
Бироқ унаштириш деган нарсанинг салбий томонлари талайгина:
1. У томонларни бир-бирига яқиндек қилиб қўяди. Оқибатда, ношаръий - ҳаром ишларга журъат пайдо қилиши мумкин. Ҳаётда бу тез-тез учраб туради. Унаштирилганлар ўзаро гаплашиб, учрашиб юришлари, баъзида зинога олиб бориши ҳам мумкин.
2. Йигит - қиз унаштирилган ҳолда гаплашиб юриш билан ўзаро жанжаллашиб, бир - бирларидан совиб қолишлари мумкин. Ҳали бир-бирини яхши билмаганидан ўртада турли одобсизликлар, дилхира гап-сўзлар бўлиши мумкин. Никоҳдан олдин шайтон кўп фитналар қилади. Никоҳнинг баракаси билан бу фитналар, одатда, анча камаяди. Айниқса, тўй шаръий қоидалар асосида эҳсон-садақа шаклида чиройли ўтган бўлса.
Бироқ никоҳдан олдин арзимаган хато ришталарни мутлақо узиб юбориши мумкин. Шу сабаб ҳам, унаштирилгандан кейин то никоҳ бўлиб, бирга яшагунча гаплашиб юриш яхши оқибатларга олиб бормайди.
3. Унаштирилгандан кейин кўпинча унаштирув бекор қилинса, бу қизнинг кейинги ҳаётига салбий таъсир қилиши, унинг совчилари камайиб, бошқа муносиб жуфт топиши қийинлашиши мумкин.
4. Унаштириш билан боғлиқ ва унинг ортидан келадиган тўйгача бўлган беҳуда маросимлар ва сертакаллуф борди-келдилар томонларни чарчатади, ортиқча чиқим, исроф ва оворагарчиликларга, бемаъни одатлар ва тамаъгирликларга олиб келади.
Арабларда никоҳдан кейин эркак ва аёл хилватда қолгунча ўзаро гаплашиб юриш одати бор.
Кўп араблар никоҳ ўқитиб, бироқ тўй қилмай ва бирга ёлғиз қолмаган ҳолда ойлаб гаплашиб юришади. Мабодо, муносабатлари ижобий бўлмаса, бир талоқ билан никоҳ бекор бўлади. Маҳрнинг ярми берилади.
Бироқ бу одат шаръан жоиз бўлса-да, бизнинг диёр аҳли урфида бўлмагани ва ортидан турли фитналар урчиши мумкинлиги сабабидан, бизнинг диёрларда бундай қилишдан сақланишга буюрилади.
Шундай экан, унаштириш деган нарсани камайтириб, никоҳни тезлаштириш ва тўйларни осонлаштириш керак. Валлоҳу аълам.

©Маҳмуд Усмон
@din_nasixatdur
ОИЛА БУ ҚЎШИН!
Оиламдан кўрган муҳаббатимни бошқа ҳеч кимдан кўрмаганман.
Энг оғир аҳволга тушганимда ҳам мен учун фақат ота-онамгина туриб беришган.
Гоҳида оиламдаги муҳаббатни изҳор қилиш услуби менга унча мақбул бўлмасада, барибир бу услуб замирида албатта муҳаббат бўлади.
Кишининг ягона кучли қўшини унинг оиласи эканлигига кундан-кун ишончим ортиб бораяпти.
Киши уларсиз ҳеч ким. Мен улардан доимо миннатдор ва қарздорман!
Ота-онангизни, оилангизни авайланг. Уларга вақт ажратинг, кўнгилларини олинг. Телефон ҳам, дўстлар ҳам, ижтимоий тармоқлар ҳам топилади...!

©Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
"Айтадиган гапларинг кўп бўлиб, аммо уларни бирор кишига айтишдан ҳожатинг йўқлигини сезмагунингча пишиб етилмайсан"

Нажиб Маҳфуз.
@din_nasixatdur
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Басрада бир масжидига кирсам, одамлар масжидга пешинда кириб, хуфтондан кейин чиқишяпти экан. Қарасам, улар пешинни ўқиб, асргача, асрни ўқиб, шомгача, шомни ўқиб, хуфтонгача дуо қилишяпти. Улардан: «Сизларга нима бўлган?» деб сўрасам: «Қурғоқчилик бўляпти, ёмғир ёғмаяпти, қаҳатчилик бошланди. Шунинг учун ёмғир сўраб, дуо қиляпмиз» дейишди ва шу кўйи яна хуфтондан кейин чиқиб кетишди. Лекин ҳамон ёмғирдан дарак йўқ, осмонда бир парча булут ҳам кўринмас эди. Дуолари ижобат бўлмади, деган гап кўнглимдан ўтди. Менинг эса борадиган жойим йўқ эди, кечаси тунаш учун ўша масжидда қолдим. Бир чеккада тафаккур қилиб, ҳаёл суриб ўтирсам, эшик ғичирлаб очилиб, қоп-қора бир одам кириб келди. Ўзи пакана бурни пачоқ, қорни катта, устида икки бўлак матоси бор, холос. Жуда ночорлиги шундоққина ташидан билиниб турарди. У келди-да, уёқ-буёққа қаради, масжидда ҳеч ким йўқ эди, мени ҳам кўрмади. Кейин қисқа қилиб икки ракъат намоз ўқиди, кейин яна ёқ-бу ёққа қараб, масжидда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, икки қўлини кўтариб дуо қила бошлади: «Эй Роббим, бандаларингга одоб бериш учун улардан ёмғирни тўсиб қўйдинг. Эй улуғ Роббим, ёмғир бер!..»
У дуо қилиб, қўлини пастга туширмасиданоқ осмонда булутлар пайдо бўлиб, шаррос ёмғир қуйиб юборди. У эса масжиддан чиқиб кетди. Мен унинг орқасидан эргашдим. У кўча оралаб юриб, бир эшикка кириб кетди. Уйни эслаб қолай деб, белги қўйиш учун ердан бир кесак олидим ва ҳалиги уйнинг деворига, эшигига белги қўйиб, қайтиб кетдим. Эртасига тонг отгандан кейин ўша уйни излаб бордим. Ўзим қўйган белгига қараб, уйни топдим. Қарасам, бир қулфурушнинг уйи экан. Кирдим-да, у одамга «Мен қул олмоқчиман, қулларингни кўрсат», дедим. У ҳамма қулларини кўрсатди, лекин уларнинг орасида кечаги одам йўқ эди. Мен ноумид бўлиб, ташқарига чиқсам, қулфурушни эшиги ёнида бир кичик чайла бор экан. Ичида одам бордек кўринди. Қулфурушдан сўрадим:
— «Бу ким?»
— «Нима қиласан уни? Сенга фойдаси тегмайди, энг қийматсиз қулим бу, бировга нафи йўқ, кучи йўқ, қўлидан бирон иш ҳам келмайди. Қўй, уни олма, мана, бақувват қулларим бор», деди.
Мен:
—«Йўқ, мен мана шуни оламан», дедим. Ўзи ҳам безор бўлган экан, арзимаган пулга берди. Қарасам, ўша одам. Уни уйга олиб бордим. У менга қараб, «Хожам, мени нима учун сотиб олдинг? Мендан куч-қувват истасанг, мендан кучли қуллар бор эди. Қўлимдан бирор иш келишини кутсанг, ҳеч иш келмайди. Нима учун айнан мени олдинг?» деди. Мен унга кечаги воқеани айтиб бердим. «Мен кўрдим, сен дуо қилдинг, қўлинг пастга тушмай туриб, дуонг ижобат бўлди», дедим. У бўлса: «Балки адашаётгандирсан?», деди.
— «Йўқ, ўша сенсан!» дедим, қатъият билан. Охири у менга қараб, «Таниб қолган экансан-да?» деди. «Ҳа, танидим», дедим.
— «Аниқми, ишончинг комилми?»
— «Ишончим комил», дедим. Шу пайт у бошини эгиб, узоқ сажда қилди. Саждада мунча узоқ турди деб, энгашиб, қулоқ солсам, у яна дуо қиляпти:
— «Эй сирлар соҳиби бўлган Зот, сир зоҳир бўлди, энди менинг яшашга иштиёқим йўқ», деётган экан. Бироз ўтмай, у сажда қилган ҳолида жон таслим қилди».

Ҳайҳот!
Униниг сири нима эди?! Бизнинг сир нима?!
Одамлар наздида қийматсиз, Аллоҳнинг наздида эса қадри баланд қора қул қай даражада мухлис ва муҳсин экан?! Бу даражани топгунча Аллоҳга қанчалик боғланди экан?!
Биз ҳозирги ҳолимизга кўра Аллоҳга қанчалик боғланган эканмиз?!!

Аллоҳим, ҳолимизни ислоҳ қил!

@din_nasixatdur
Ҳар бир аёлнинг ичида битта Нажия яшаши керак!)

Шайх Роғиб аёли билан ажрашмоқчи бўлганида, биринчи марта унга

—"ота-онангни уйига кет!" деди.

Нажия эса;

—"Мен ҳеч қачон ота онамнинг уйига қайтмайман, ва бу уйдан тирик чиқмайман!" деб жавоб берди.

Шайх:

—"Мен сени жавобингни бердим, менга керак эмассан, кет уйимдан!" деди.

Нажия:

—"Кетмайман! İдда вақтим тугамагунча, мени ҳайдашга ҳаққингиз йўқ ва сиз мени таъминлашингиз керак!" деди.

Шайх:

—"Бу ҳудбинлик, беҳаёлик ва қўполлик!" деди.

Нажия:

—"Мен сизни Аллоҳнинг сўзларидан кам даражада жазоламайман" деди ва

Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг ва Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар). Ва ана шу нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатда ўзи ўзига зулм қилибди. Сен билмайссан, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса.

оятларини ўқиди.

[Талоқ сураси, 1-оят]

Шунда шайх, чакмонини жахл билан қоқиб, тескари қараб олди.

Нажия эса, табассум қилди ва ҳеч нарса бўлмагандек ўзини қўлга олиб, ҳар куни атайин, уйни ёқимли ифорга тўлдирар, энг гўзал либосларини кияр, мушки анбарларга бурканар эди.

Эри уйга кириб чиқса, унинг қаршисига ўтириб оларди.

Шайх беш кун ҳам сабр қилолмай, аёлига қайтмоқчи бўлди.

Кунларнинг бирида, Нажия нонуштани тайёрлашда бироз кеч қолди, шайх эса, жахл билан:

—"Бу вазифаларингга ва менинг ҳақларимга нисбатан масъулиятсизлик, бу муслима аёлга тўғри келмайди!" деди.

Нажия:

—"Дини бир бўлган биродарингиз учун, 70 та ҳайрли сабаб қидиринг, инсон ҳақида яхши гумонда бўлиш, инсондаги энг яхши сифатлардан биридир, бу қалб сокин ва покизалигидан даракдир.

Ким инсонлар ҳақида яхши гумонда бўлса, уларнинг муҳаббатига эришади!" деб жавоб берди.

Шайх:

—"Бу гаплар сенинг масъулиятсизлигингни оқламайди, наҳотки мен нонушта қилмай чиқиб кетишимга рози бўлсанг?" деди.

Нажия:

—"Мўминнинг энг яхши сифатлардан бири–Аллоҳ берганига қаноат қилишдир, гарчи у жуда оз бўлса ҳам!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам;

İсломни қабул қилиб, Аллоҳ берганига рози бўлган киши саодатдадир деганлар" деб жавоб қайтарди.

Шайх:

—"Мен ҳеч нарса емайман!" деди.

Нажия:

—"Сиз ҳали ҳам, сабоқ олмапсиз" деди, шайх аёлининг гапларига эътибор бермай, уйидан ғазабда чиқиб кетди.

Уйга қайтгач ҳам, аёли билан гаплашмади.

Тунда эса, алоҳида ерга жой солиб ётди.

Шу ҳолат 10 кечаю, 10 кундуз давом этди.

Аёли кундузи унга овқат пишириб, уй ишлари билан машғул бўлар, тунда эса, зийнатланиб, хушбўйланиб, бирор оғиз гапирмай, ухлашга ётар эди.

11 чи кечада, шайх одатдагидек ерга жой солиб ётди ва ҳеч қанча вақт ўтмай ётоққа чиқиб олди.

Нажия кулиб юборди ва:

—"Нега тепага чиқиб олдингиз?" дебди.

Шайх:

—"Йиқилиб тушдим" дермиш.

Нажия:

—"Аммо, одатда тепадан пастга йиқилиб тушишади, пастдан юқорига йиқилиб тушиш мумкинлигини эшитмагандим" дебди.

Шайх табассум қилиб:

—"Ётоқ устидаги магнит ернинг тортиш кучидан кўра кучлироқ экан" дебди.

Бироз ўтгач қувонч билан:

"Агар ҳамма аёллар сен каби бўлганида эди эй Нажия, эркаклар улардан ажрашмас эдилар ва уйдаги муаммолар эса, тез ечим топарди.

Сен менга Аллоҳни рози қилишимда катта кўмакчи бўлдинг эй Нажия, Аллоҳ сени энг улуғ ажрлар билан сийласин ва бизни ҳеч қачон айирмасин" дермиш.

***

Бу ҳикоядан кейин ўзимизнинг ҳолимиз кўз олдимга келди..

Бизга жуфтимиз кет дейиши ҳам шартмас, араз ва гина бизнинг қоидамизга айланиб қолгандек гўё. Бир нима бўлса, кетаманга тушиб олиш, кунлаб гаплашмаслик, аёллик вазифасини бажармаслик..

Валлоҳи, Аллоҳга бўлган муҳаббат барча нарсадан устун.

Агар биз аёллар, ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг ризолигини истасак, бизнинг ғуруримизни ҳеч нарса синдиролмайди.

Ҳикоянинг қаҳрамони Нажияда ғурур бўлмаган дейсизми?

Бўлган, аммо у кўпроқ Аллоҳга ошиқ эди..

Аллоҳим барчамизга Нажиядек фаҳм фаросат берсин..)

@din_nasixatdur
ҚОРБОБО.
Салом Қорбобо!
Биринчи бор сиз ҳақингизда эшитганимда гўдак эдим. Менга хабар беришган эдики, сиз янги йил кечаси мўридан совғалар тўла қопингиз билан уйга кириб бизга ўйинчоқлар берар экансиз. Табиийки, ўша оқшом уйимизнинг мўриси бўлмасада сизни интизор бўлиб кутдим. Ҳатто хаёлимга келмабтики, сизнинг кийикларингиз ва аравангиз мўри тугул уйимиз томида ҳам сиғмас экан.
Муҳими сиз келмадингиз. Мен ўзимча уйимизда мўри ёки бошқа шароитлар бўлмагани учун келмадингиз деб ўйлаганман ўшанда. Сиз ҳақингизда менга сўзлаб берган устозимизга ўша кеча сизни шифтга қараб қанчалар интизорлик билан кутганимни айтиб бердим. У менга деди:
- Қорбобо фақат мўридан келади-да!
Мен устозимга дедим:
- Уйларида мўри бўлган болалар ўйинчоқларга муҳтож эмас!
Устозим менга даҳшат ила боқиб деди:
- Қорбобога бир мактуб ёзиб уни пайпоғинг ичига солиб қўй. Унга бу мулоҳазангни айт!
Табиийки, мен сизга мактуб ёзишга қарор қилдим. Аммо пайпоқларимнинг бари йиртиқ эди. Бутун пайпоғим йўқ экан. Сўнг сизга мактуб битиш фикридан қайтдим.
Ўша кеча онамдан менга совға сотиб олишларини сўрадим. Онам авлиё. Аммо у киши ҳақиқий авлиё. Сиздек эмас. Кўп намоз ўқийдилар. Қуръон тиловат қиладилар. Уйга мўридан эмас, эшикдан кирадилар. Онам менга:
- Иншааллоҳ бир ҳафтадан сўнг ўйинчоқ сотиб олиб бераман, дедилар.
- Нега бир ҳафтадан сўнг?
- Чунки биз бошқаларга ўхшамаслигимиз лозим.
- Бошқалар ким? Уйларида мўри борларми?
- Йўқ! Бошқалар деганим қорбобонинг борлигига ва мўридан тушишига ишонадиганлар!
- Кийиклар ва аравачи?
Онам табассум қилиб меърож воқеасини айтиб бердилар. Жаброил алайҳис салом Маккага келиб Муҳаммад алайҳис саломни Буроққа миндириб Байтул Мақдисга олиб кетадилар.
Одам алайҳис саломнинг биринчи осмонда эканликларини, Иброҳим алайҳис саломнинг еттинчи осмонда эканликларини, Мусо алайҳис саломнинг биз учун эллик вақт намозни беш вақтга тушишига сабабчи бўлганликларини айтиб бердилар.
Ўша кундан бошлаб сизнинг кийикларингизга эмас, Буроққа иймон келтирдим, ишондим.
Катта бўлдик. Шифтга, мўрига қарамайдиган бўлдик. Чунки тепадан тушадиган ягона нарса Ийсо алайҳис салом эканлар. У киши мўридан эмас, самодан тушадилар. Уйимизга эмас, Димашқдаги оқ минора устига тушадилар. У киши ўйинчоқлар халтаси билан эмас, Дажжолни ўлдирадиган ўқ билан тушадилар. У кунда ўйнашга вақт бўлмайди.
Катта бўлдик. Англадикки, Ийсо алайҳис салом бизники эканлар. Сизники эмас. Йўқса Ватиканга ёки Санкт Петербургга тушар эдилар. Катта бўлиб англадикки, кийиклар учмас экан. Осмонимизда учадиган ягона нарса F-16 самолётлари ва гўдакларимизни осмонга учириб юборган Cy-35 самолётлари экан.
Катта бўлиб билдикки, гарчи Рум Европа иттифоқи ёнида бўлса ҳам Рум экан. Форс гарчи оловга ибодат қилмасада форс экан.
Катта бўлиб билдикки, сизлар ёлғончи экансизлар. Чунки Байтулаҳмнинг болалари Ғазонинг болаларини қатл қилинишига рози эмас экан.
Қорбобо! Бизникига келманг! Чунки "Рафаҳ йўлаги" сиз учун ёпиқ. Уйларимизда мўри йўқ. Диёримизда ўзи уй ҳам қолмади. Болалар бугун уйларида эмас, зеро уйлари ҳам портлаб йўқ бўлди. Улар чодирларда. Уларга ўйинчоқ эмас, совуқдан ўлмасликлари учун адёллар керак. Умар ўлган. Сафар қилиб ўзингизни қийнаманг. Кийикларингизга азоб берманг. Биз фарзандларимизга Буроқ, Жаброил алайҳис салом ҳақида, Ийсо алайҳис салом ҳақларида, уларнинг ўйинчоқ бергани эмас, фарзандларимиз тинч яшаши учун Дажжолларни ўлдиришга келишлари ҳақида сўзлаб бермоқдамиз!

Адҳам Шарқовий.
"ал-Жазира қораламалари".

Abdulqodir Polvonov
@din_nasixatdur
2025/02/06 01:53:00
Back to Top
HTML Embed Code: