Telegram Web
Содда ўйлаш - муваффақиятга элтувчи қисқа йўл

Бу фикрлар айрим стартап асосчилари билан бўлган суҳбатлардан кейин пайдо бўлди. Улар ўзлари қилиб юрган ишни узоқ ва мураккаб қилиб тушунтиришарди. Ҳар бир сўз ортида тўғри фикр бор эди, лекин улар шу қадар қопланганки, аслида нима қилишаётганини англаш қийин эди.

Паул Грэм айтганидек, ҳақиқий ақл — содда фикрлашда. Агар ғоянгизни 30 сонияда тушунтира олмасангиз, демак у ҳали пишмаган.

1. Қисқартир. Соддалаштир. Фокуслан.
Бир стартапчи айтди: “Биз ML асосида NLP’ни real-time’да call center’ларда автоматлаштиряпмиз, бу engagement ва efficiency’ни яхшилайди.”
Аслида улар нима қиляпти? — Телефонда оператор ўрнига гапирадиган бот яратяпти.

Қисқа ва равшан.

2. Одамларнинг оғриғини топинг
Технология — бу восита, муаммони ҳал қилиш — мақсад. Стартап ғояси фойдаланувчи муаммосига жавоб бериши керак. Ундан сўранг:
→ “Бу нимани енгиллаштиради?”
→ “Мижоз учун қайси оғриқли нуқта йўқолади?”

3. Жавоб эмас, савол изланг
Савол бериш содда фикрлашга олиб келади.
→ “Агар биз ҳозир янгидан бошласак, нимани қилмасдик?”
→ “Бу маҳсулотсиз ҳам одамлар қандай ҳал қилишяпти?”
→ “Нима учун бу ғоя жуда узоқ тушунтирилишга муҳтож?”

Агар ғоя яхши бўлса, у ўзини ўзи сотади. Ёмон ғоя эса қопқон: уни тушунтиришга бор кучинг кетади.

Хулоса
Стартап — бу мураккаб дунёга содда ечим топиш. Агар ғоянгизни бола, инверстор, ҳамкасб ва мижоз бир хил даражада тушуна олса — сиз тўғри йўлдасиз.

Унинг устига соддарок уйлаш анча энергиянгизни тежайди.

@paiziev24
Бир кунда 100 000 дан ортиқ email.

Кеча жуда кўп вақтимиз код ва маълумотлар базаси структурасини ўзгартиришга кетди. Кечанинг ўзида Numeo’га 100 000 дан ортиқ email келди. Ҳар бир email’ни таҳлил қилишни ҳисобга олсак, бу жуда катта ҳажм. Биз бу даражага 6–7 ойда етамиз деб ўйлаган эдик.

Аммо Numeo Analytics тизими мижоз уланган пайтдан бошлабоқ катта ҳажмда маълумотларни йиғади ва мижоз профайлини бойитади. Бу эса диспетчерларга қарор қабул қилишда ёрдам беради.

100 минглаб email’ларни таҳлил қилиш жуда кўп сервер ва GenAI ресурсларини талаб қилади. Лекин агар компания билимлар базасини шундай йўл билан тузмаса, диспетчер учун энг яхши ко-пилотни яратиш қийин бўлади.

Аввалги CRM ёки TMS (Transport Management System) тизимларидаги асосий муаммолардан бири — маълумотларни қўлда киритиш. Бу фойдаланувчилар учун жуда ноқулай бўлгани учун, кўп компанияларда бундай тизимларни жорий қилиш қийин кечади.

AI келиши билан замонавий тизимлар маълумотларни ўзлари топиб, автоматик равишда бойитиши керак. Биз айнан шундай тизим қуриш устида ишлаяпмиз.

@paiziev24
Иш бериш — иш ўрни эмас, имконият беришдир

Кўп танишларим: “Яхши ишчи топиш кийин”, “Компаниямга ходим керак”, “Одам йўқ” деган гапларни кўп айтяпти.

Муаммо факат кадрларда эмас. Муаммо — муносабатда.

Иш бериш — фақат маош ва вазифа бериш эмас. Бу — имконият бериш. Эътибор бериш. Ургатиш. Ишониш.

Кимдадир салоҳият бор. Аммо у ўзини кўрсатишга имконият олмаган.

1. Резюмега эмас, салоҳиятга қаранг
Ҳамма ҳам кучли CV ёза олмайди. Лекин баъзилари биринчи имкониятни олса, энг яхши жамоа аъзосига айланади. Савол беринг:
→ “Бу одам нимага қизиқади?”
→ “У қандай вазиятда очилади?”
→ “Уни кучли қилувчи тараф нима?”

2. Хатога тайёр бўлинг
Янги одам билан ишлаш — қийин. У хатолар қилади. Лекин шу жараён орқали у ўсади. Агар ҳар бир хатони жавобгарлик деб қабул қилсангиз, ҳеч қачон кучли жамоа қура олмайсиз.

3. Иш берманг — мақсад беринг
Агар сиз инсонга фақат иш эмас, маъно берсангиз — у сиз билан қолади. Ҳатто бошқа жой кўпроқ тўласа ҳам.
→ “Бу ерда у нимани ўрганади?”
→ “Унинг ҳиссаси қандай натижа беради?”
→ “Унинг иши нима учун муҳим?”

Хулоса
Биз иш эмас, имконият беришни ўрганишимиз керак. Ҳақиқий раҳбар — одамни кўради, ишонади ва ўсишига ёрдам беради.
Ҳатто у ҳали тайёр бўлмаса ҳам.

@paiziev24
Бугун биз 300 га яқин брокерлар фойдаланадиган Parade платформаси билан ҳамкорликни эълон қилдик. Тизимларимиз бир-бири билан боғланди, бу брокерларнинг миллионлаб янги юкларини тўғридан-тўғри платформамизда кўрсатиш имконини беради. Ушбу ҳамкорлик натижасида бош офиси Сан-Францискода жойлашган компания асосчилари билан дўст ҳам бўлиб қолдик.

https://www.parade.ai/resources/new-parade-numeo-syndication-partnership
Май ойи бошида Los Altos туманига кўчиб ўтдик. Бу туман аввал яшаган Menlo Park шаҳарчасидаги уйимиздан тахминан 15 дақиқалик йўл масофасида жойлашган. Кўчишимиздаги асосий мақсад — болаларимизнинг High School (9–12 синфлар) таълими учун эди.

Ховлига кўчиб келиб, уйга биринчи бўлиб Tesla заряд станциясини ўрнатдим — энди арзонроқ тушади ва уйда заряд қилиш мумкин бўлади, деб ўйлагандик. Лекин бир ҳафта ўтганидан сўнг, уй эгаси бизга: "Бу тарзда ток ишлатсангиз, ойига $1100–$1200 тўлашингизга тўғри келади", деди. Аввал бошда адашяпти деб ўйладим — чунки аввалги уйдаги электр харажатимиз ойига тахминан $200 атрофида эди. Tesla Supercharger тармоғида эса ойига икки машина учун тахминан $500 сарфлардик.

Кейин билсам, Los Altos да уй эгаси тахминан 43 цент/кВтс тўлар экан. Menlo Park да эса электр нархи 32 цент/кВтс атрофида бўлиб, биз у ерда арзонроқ тўлар эканмиз. Иккала шаҳарда ҳам ток етказиб берувчи компания бир хил — PG&E.

Аммо кейин тушундимки, PG&E ўзи ток ишлаб чиқармайди, балки бу — транспорт компанияси экан. У турли туманларда турли ток ишлаб чиқарувчи компаниялардан ток харид қилиб, устига ўзининг транспорт ва инфратузилма харажатларини қўшиб сотар экан. Масалан:

* Menlo Park учун токни Peninsula Clean Energy (PCE) дан олади,
* Los Altos учун эса Silicon Valley Clean Energy (SVCE) дан.

Ҳақиқий бозор иқтисодиёти — нарх ҳар туманда ҳар хил.

@paiziev24
Биз инглиз тилидаги Instagram саҳифамизни юритиш учун видеоконтент билан ишлай оладиган, дисциплинали ва креатив агентлик излаяпмиз. Агар сиз шундай агентликларни билсангиз, ушбу хабаримни уларга юбориб қўйинг. Портфолиоларини [email protected] манзилига юборишларини сўрайман.

@paiziev24
Рафиқам мазали ўзбекча овқат тайёрлашни билмаганида, аллақачон Ўзбекистонга қайтиб кетган бўлардим. Барака топсин!

@paiziev24
Биз Numeo да 40 та мижозга чиқдик. Шу вақт мобайнида кўп компаниялар билан суҳбатлашдик ва айримларида диспетчерлар томонидан ўзгаришларга қаршилик борлигини кузатдим. Бу — табиий ҳол. Ташкилотлар ичида ўзгаришларга доим қаршилик бўлади.

Лекин агар сиз компанияда оддий ходим бўлсангиз ёки фаолиятингизда ўсишни истасангиз, ўзгаришлар сиз учун имконият эшигини очади. Кўпчилик пессимистик бўлган пайтда, ташаббус кўрсатинг. Бу ихтиёрий ташкилотда шундай ҳолатларда лидерлар сараланади.

Бизнинг аввалги компанияларимизда ҳам янги технологияларни жорий қилиш ҳар доим осон бўлмаган. Лекин бирор процесс ўзгарганида, уни имконият деб қараганларни кейинчалик биз раҳбарликка тавсия қилар эдик.

Шунинг учун ҳам ўзгариш — бу ўсиш учун имконият.

@paiziev24
Google Photos’дан бир расмни қидириб кирган эдим, архивдаги расмларга кўзим тушиб қолди. 2014–2015 йиллар, MyTaxiни ишга туширган даврлар. Офисда кечаси билан тест қилишлар, нагрузкаларни ошиб кетиши, уйқусиз кунлар… Жуда қизиқ ва эсда қоларли вақт бўлган.

@paiziev24
Жуда яхши янгилик! Ғарбий ва Осиё давлатларига виза тизимининг соддалаштирилиши ўзбекистонликлар учун катта имкониятлар эшигини очади ҳамда Россияга боғлиқликни камайтиради.


https://www.gazeta.uz/en/2025/05/21/usa/

@paiziev24
Numeo ҳақида кўп ёзаман ва гапираман, лекин “у қандай ишлайди, нима эканлигини кўрсатинг” деб ёзишди. Мен қисқа видеода кўрсатишга ҳаракат қилдим. Агар саволлар бўлса, ёзинг — жавоб бериб, тўлиқроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Platform demo: https://youtu.be/ofWfE2MuNS0

AI Call demo: https://youtu.be/75qRMj0Ixzg

Demo by Adam: https://youtu.be/jNJsvXp73DI

@paiziev24
2025/05/21 23:51:48
Back to Top
HTML Embed Code: