Telegram Web
#шеърият

Абдувоҳид Сувонов

Салом. Омонмисан...
Жонгинанг соғми,
Мен учун, юракдан айтар сўз, борми?

Балки эсламадинг, ўйламай бир бор,
Менсиз ҳам ҳаётинг гўзалдир нигор.

Нафрат кўзи кўрдир, исёндир, фироқ,
Меҳрингсиз яшашдан, ўлим, яхшироқ!

Йўқ дейсан биламан, соғингандирсан?
Қай ҳолда экан деб, оғрингандирсан?

Йўллар чизгисида, бош эгмас тақдир,
Йиллар ўтган сайин муҳаббат, бахтдир.

Чўлнинг саҳросида, бир дарахт толган,
Соғинч ҳижронидан, ёнгани-ёнган.

Ўтмишга айланди, энг бахтли онлар,
Ўлсам ҳам барибир...
Отаркан тонглар!

Умр кемасида, тўфондир ҳар он,
Қирғоқлар чорлови гоҳ қилди сарсон.

Бугун сен хуш кўрган - ёмғир тинмади,
Сен ёдимга тушдинг, юрак ингради...

Мактуб юбормоқлик, истайман...
Кечда!
Ёзилган мактублар, ёқилур печда...

@piskenthayoti
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Фақат яроқ билан асралмас Ватан,
Қароғу - кўз билан асрамоқ керак!
Шаънига муносиб топиб айтилган,
Инжа бир сўз билан асрамоқ керак!

Фақат жанггоҳларда асралмас Ватан,
Тингла юрт юрагин, оҳу - титроғин.
Ёвлар ололмагай, Кубро мисоли,
Маҳкам тутиб турсанг қўлда байроғин!

Ўлмасбек Самарқандий.
@piskenthayoti
Шавкат Мирзиёев

"Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда.

Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда.

Ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Шу билан бирга, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир."
@piskenthayoti
#Биласизми

⚠️Қонунчиликка кўра, ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://www.tgoop.com/huquqiyaxborot
#_Ғаллакорлар зафари

ЮКСАК ХИРМОН БУНЁД ЭТИЛДИ

Туманимиз ғаллакорлари йил ўн икки ой қилган меҳнатларининг самарасини кўриб, ғалла тайёрлаш бўйича тузилган контрактация шартномасини бажардилар.
Деҳқон-фермерларимизнинг ғалла парваришига масъулият билан қараб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказганликлари сабабли вилоятда биринчилардан бўлиб режани ортиғи билан бажардилар.
Фермерларимиз режада белгиланган 23 минг тонна ўрнига 24 минг тоннадан зиёд ғалла топшириб, режани 104 фоизга адо этдилар.
Ғаллакор фермерларнинг бундай қувончли натижага эришиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ютуқлар замирида астойдил қилинган меҳнат, табиат инжиқликларига қарши мардонавор кураш ётади.
Пешона тери билан етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, ўз вақтида йиғиб-териб олиш ҳам фермерларимиздан жуда катта меҳнат ва масъулият талаб этади.
Ғаллакор фермерларимиз буни ҳам уддасидан чиқиб, комбайнлар меҳнатидан самарали фойдаланганликлари, ўримни икки сменада ташкил этганликлари ва ўрим-йиғимда иштирок этаётганларга қулай шарт-шароитлар яратилганлиги эришган муваффақиятлари учун омил бўлди. Бу борада Навоий, Охунбобоев, И.Ҳайдаров, Дўстбеков номли ва “Пискент” ҳудуди ғаллакорлари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, ҳосилдорликни 70-80 центнерга етказдилар.
Иш жараёнида илғор техникалар меҳнатидан унумли фойдаланган фермер хўжаликларидан “Муҳриддин бизнес”, “ Турсунбой агро лидер”, Ибодуллаев Мирзамиддин, Раҳматиллаева Сарвиноз, Ойбек Сотболдиев, Тожибоева Завра, Ҳайдарали Ибодуллаев, Авазова Муҳаббат, Тулепов Саидаҳмад номли ва “Нурсултон, Нуркамол”, “Уч авлод”, “Пискент агро лидер” каби фермер хўжаликлари ҳам режани биринчилар қатори бажариб, бошқаларга намуна бўлдилар.
Ғалла ўрим-йиғими жараёнига 20 та юқори унумли комбайнлар, дон ташиш учун 300 дан зиёд транспортлар ажратилиб, ҳар бир комбайн кунига ўртача 9-10 тоннадан буғдой ўрганлиги ҳам мувафаққиятларимизга асос бўлди.
Ғалла ўрим-йиғими каби масъулиятли даврда фермерларга бириктирилган отрядларнинг, хусусан, ҳокимият, прокуратура, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бўлими ва бошқа соҳа ходимларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Улар кун тун фермерларнинг ёнида бўлиб, ҳар бир ўрим комбайни ва дон ташиш техникаларининг узлуксиз ишлашини назорат қилиб, муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам бердилар.
Туманимизнинг 24 минг тонналик ғалла хирмони халқимизга ризқ-рўз, иқтисодиётимизга таянч бўлиб хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

Асрор Аҳроров,
туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси

@piskenthayoti
#Долзарб_90_кун

Дайди итлар назоратга олинмоқда, эмлаш ишлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосарининг 2025 йил 2 июньдаги 186-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида, “Долзарб 90 кун” тадбири доирасида Пискент тумани ФВБ ходимлари томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Ободонлаштириш бошқармаси ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими билан ҳамкорликда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазасини таъминлаш йўналишида ишлар ташкил этилмоқда.

Қутуриш касаллигига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида аҳолининг уй ҳайвонлари ва дайди итлар ушланиб, эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирлар туманнинг турли ҳудудларида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

@piskenthayoti
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Субсидия

Бугун 10 июль, субсидия аризаларининг иккинчи босқичи соат 9:00 дан бошланади!

Субсидия учун кимга мурожаат қилинади?

Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали (http://my.gov.uz/oz/service/325 ариза берилади.

@piskenthayoti
#_"Долзарб 90 кун"

ПУХТА ЎЙЛАНГАН ЛОЙИҲА

Республикамиз Президентининг ташаббуси билан “Долзарб 90 кун“ лойиҳасининг йўлга қўйилиши ўқувчиларнинг ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб боришда жуда катта кўмак бермоқда.
Биз туманимиздаги мактабларда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганганимизда ҳар бир мактабда лойиҳада белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича турли хил тадбирлар ўтказилаётгани, фан ва спорт тўгараклари фаолият кўрсатаётгани, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари учун ғоят қизиқарли тадбирлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик.
Бу борада айниқса туманимиздаги 6-сонли мактабда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир.
Мактабга кириб борар эканмиз, мактаб ҳовлиси худди ўқиш давридаги каби ўқувчилар билан гавжум эканлигини, айниқса, мактабнинг ҳар иккала - ёзги ва қишки спорт майдонлари ўқувчилар билан тўла бўлиб, у ерда ўқувчилар футбол, волейбол, стол тенниси ҳамда шахмат-шашка ўйнаш билан машғул бўлаётган бўлса, мактаб ошхонасида бир гуруҳ ўқувчи қизлар турли хил ширинликлар тайёрлаётганликларини кўрдик.
Яна бир хонада қизлар ўзлари ёқтирган фасондаги кўйлакни бичиш билан овора бўлса, бир томонда қуйи синф ўқувчилари расм чизиш билан шуғулланаётганларини кўриб, демак болаларимиз мана шундай машғулотларга чанқоқ эканларда, ахир ҳамма ҳам ёзда оромгоҳларда дам олиш имконига эга бўлмагани учун болалар зерикиб, мактабни қўмсаб қолар эканда дедик.
-Мактабимизда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси бўйича рус тили, математика, она тили ва адабиёт, инглиз тили, тарих каби фан тўгараклари билан бирга ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, рассомчилик, волейбол, футбол, стол тенниси, шахмат-шашка, театр тўгараклари ҳамда “Заковат” ўйинлари ташкил этилган бўлиб, ўқувчиларимиз барча тўгаракларда бажонидил шуғулланмоқдалар.
Мактабимизга ҳар куни 100 дан ортиқ ўқувчи шуғулланиш учун келмоқда. Айниқса кутубхонамиз ўқувчилар билан гавжум. Кутубхоначимиз томонидан ўқувчилар учун турли қизиқарли китобхонлик тадбирлари ўтказилаётгани болаларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада орттирмоқда.
Умуман олганда, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ҳақиқатан ҳам ўқувчиларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказишлари учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган, жуда пухта ўйланган лойиҳа эканлигини амалдаги исботини кўраяпмиз, – дейди мактаб директори Гулчеҳра Абдуназарова.
Биз мактабда лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишар эканмиз, мактаб ҳовлиси бўйлаб ёқимли ис таралаётган томонга йўл олдик. Бу ердаги каттагина қозонларнинг бирида ўқувчилар ош дамлаётган бўлиб, яна бир қозонда шўрва биқирлаб қайнаётганини кўриб,”мана буни ҳақиқатан ҳам дам олиш деса бўлади, барибир палов дамланаётган, қозон қайнаётган жойнинг файзи бўлакчада“, дедик.
-Ўқувчиларимизнинг орасида пазандачиликка қизиқадиган қизларимиз кўп экан.Кўряпсизми, улар тайёрлаётган таомлар манаман деган ошпазникидан қолишмайди. Таом тайёр бўлгач, ўқувчиларимиз уни тановул қилиб, керакли баҳоларини берадилар, таом тайёрлаш янада қизиқарли бўлиши учун уни ҳам танлов тарзида ўтказаяпмиз, масаллиқларни ўқувчиларимиз ўзлари уйларидан олиб келишаяпти, -дейди Г.Абдуназарова.
Директорнинг гапларини эшитиб, халқимизнинг энг гўзал одатларидан бири бўлган “ҳалфана” ёдимизга тушиб кетди. Яъни , “ҳалфана” таомини ейишни истаган хар бир одам ўзи билан бирга имкон даражасида масаллиқ олиб келиб, таомга қўшган. Кўпчилик томонидан олиб келинган масаллиқлардан тайёрланган таом жуда мазали бўлиш билан бирга, одамларни бир-бирлари билан янада дўст ва иноқ бўлиб, битта қозон, битта товоқда таом ейишга чақирган. Битта товоқдан ош еган одамларнинг эса бир-бирларига бўлган ҳурматлари янада ортиб, яқинлик ришталари мустаҳкамланган.
Демак, бу тадбирнинг ўқувчиларнинг бир-бирларига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббатларини ортишида ҳиссаси катта экан. Биз 6-сонли мактабдаги “Долзарб 90 кун” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишларнинг бир куни билан танишган бўлсак ҳам, лойиҳанинг ўқувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишларидаги ўрни нақадар катта эканлигига гувоҳ бўлдик.
Албатта бу ишларни амалга оширишда мактабнинг аҳил ва иноқ ўқитувчилар жамоасининг ҳамда директор Гулчеҳра Абдуназаровадаги раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилиятининг ўрни каттадир.

Н.Ахмедова.

@piskenthayoti
2025/07/10 14:29:33
Back to Top
HTML Embed Code: