tgoop.com/ALRISALAH_UZ/36639
Last Update:
НИМА УЧУН БОМДОД НАМОЗИНИНГ СУННАТИНИ ҲАМ ҚАЗОСИ ЎҚИЛАДИ?
#намоз
❓685-CАВОЛ: Нима учун Бомдод намозининг суннатини ҳам қазоси ўқилади?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фиқҳий китобларимизда баён қилинишича қазо бўлган намозларнинг суннатлари ўқилмайди. Фақат бугунги бомдод намозининг қазосини қуёш тиккага келгунгача ўқиган киши суннатини ҳам фарзи билан бирга қазо қилиб ўқийди. Аммо қуёш тиккага келгунча бугунги бомдоднинг қазоси ўқилмаса, бомдодни ҳам фақат фарзи қазо қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
عَرَّسْنَا مع نَبِيِّ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ، فَلَمْ نَسْتَيْقِظْ حتَّى طَلَعَتِ الشَّمْسُ، فَقالَ النبيُّ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ: لِيَأْخُذْ كُلُّ رَجُلٍ برَأْسِ رَاحِلَتِهِ، فإنَّ هذا مَنْزِلٌ حَضَرَنَا فيه الشَّيْطَانُ، قالَ: فَفَعَلْنَا، ثُمَّ دَعَا بالمَاءِ فَتَوَضَّأَ، ثُمَّ سَجَدَ سَجْدَتَيْنِ، ثُمَّ أُقِيمَتِ الصَّلَاةُ فَصَلَّى الغَدَاةَ ( رواه الإمام مسلم)
яъни: "(Сафарда) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан кечанинг охирида бир жойга дам олиш учун тушдик. (Қаттиқ чарчаганимиздан) Қуёш чиққан пайтда уйғондик. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Ҳамма бу жойдан бошқа жойга кўчсин! Чунки бу ерда шайтон ҳозир бўлди" дедилар. Биз шундай қилдик. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом сув сўрадилар ва таҳорат қилдилар. Сўнгра икки ракат намоз ўқидилар. Кейин такбир айтилди ва Бомдод намозининг фарзини ўқидилар" (Имом Муслим ривоятлари).
Уламолар ушбу ривоятдаги "Сўнгра икки ракат намоз ўқидилар" жумласини бомдоднинг суннатини қазо қилиб ўқилишига далил қилганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
👇👇
@ALRISALAH_UZ
BY ALRISALAH | ibratli kanal
Share with your friend now:
tgoop.com/ALRISALAH_UZ/36639