Telegram Web
7 май — Мадина Норчаева туғилган кун!
***
Мени қайтадан чиз,
Бўёғинг етса
Бор совуқ рангларни юборгин сарфлаб.
Бу дайди руҳимни
Ҳа, айни шу кез
Томчилардек ювиб кетмоқда ҳарфлар.

Мени қайтадан чиз,
Тўқнашмасин ҳеч
Ожиз сийратимда қоралар, оқлар.
Дарахт танасидан томган ширадек
Кўриниб тўкилсин кўнглимдан доғлар.

Мени чиз,
Ахир мен тугалланмадим,
Мудом оғриқ берар якунсиз қисмим.
Руҳимга мослаб чиз вужудимни ҳам
О, шунда не шакл топажак жисмим?

Чизавер,
Чаплайвер ранглар додласин
Кўзимни қадаҳдек тасвирга йўғир.
Нигоҳим тўкилса, тупроқ ёдласин
Майсалар йиғласин истиғфор ўқиб.

Мени қайтадан чиз...

@Madina_Norchayeva
ОРАЛИҚ

Шўх апрелнинг охирги туни,
Ёки менинг етди муҳлатим.
Деразани очиб уйқуни
Тамакига қўшиб пуфладим.

"Чух-чух" лайди шамол йўрғасин,
Билагида булутдан боғич.
Ой — момомнинг қатиқ тўрваси...
Юрагимни ғижимлар соғинч.

Липиллайди руҳим пилиги,
Нур таралмас ва лекин ундан.
Беманзилу беном илиқиб
Юргандайман гўё сургунда.

Нечун ғашман, ҳорғину лохас,
Ёввойи қон ўрнида пайноб.
Етар! Келиб шиддат илоҳи,
Кўзларимга сачратгин қайнов.

Сени хафа қилдимми, апрел,
Қай тонгингдан олмадим бўса?
Чурқ этмайсан эзғилаб сабрим,
Шаҳар эса тортар хомуза.

Ланжлик бадтар чертади торин,
Жоним ўйнар — узилмоққа шай.
Гуноҳини билмас айбдорни
Оғушига олармикин май?!

Жонтемир

@Jontemir
​​ТАФТИШ

Ким қалбимни қорар туфроққа?
Ким қадримни кўкка кўтарар?
Тоғ қашқирин ғингшиб ҳурмоққа
Ўргатолмас итфеъл тўдалар.

"Кирланмасин ҳурлар этаги",
Сомон йўлин супуради ким.
Ўнгиб кетган ҳаёт эртагин
Янгилашга етарми илким?

Тирикликнинг онасидир субҳ,
Тунда тушдим ёрилиб қорни.
Шалвираган жасадларга руҳ
Ато этар нафасим борми?!

Борми ажал изидан чопиб,
Тутгач тепиб жойлаган қопга.
Ким Санъондек Қуръонни ёқиб,
Ботинида Худони топган?

Чимчилайди тилимни савол,
Тинглармикин ҳайқирганда ҳу-у.
Шоирини осмас қай замон?
Осмадими? Туғилмаган у.

Унда кимман? Қуртдек беқадр,
Ғижирлаган эски ароба.
Илдизим – ғам, миллатим – жабр,
Алқаб юрган юртим – хароба.

Ахир пўстим шилинишга шай,
Ахир бўйним сиртмоққа интиқ.
Мағрур кетай руҳдошларимдай,
Пешонамга ўқталинг милтиқ.

Дунё тўйган зоғу тўтига,
Арслонини кутмоқда башар.
Оғир ўзни ахлат қутига
Ташлангандек ҳис қилиб яшаш...

Ким кўнглимни кўкка кўтарар?
Ким ичимда кўрмоқчи изғиб?
Ғажинг, майли, итфеъл тўдалар,
Тўйдирайин ҳеч қурса, сизни!

Жонтемир

@Jontemir
​​Валентин Катаевнинг "Хаёл чечаклари" асарини тугатиб.


Шарт кўчага чиқдим отилиб,
Наҳот энди ҳаммаси тамом?
Ёнаяпман,
йўлчи отини
совутгандай совутгин, шамол.
Ахир ўзин ўлдирди шоир!
Нега? Қуршаб турганида шон.
"1.Шалвар кийган булут" лар ҳам гунг.
Юрагини тешиб ўтган ўқ
туйнугидан мўралайди ой.

Эй Мария! Лиля! Коинот!
Юпатинглар ё беринг таскин.
Нур ялаган сойга қарайман —
О, нақадар даҳшатли аксим.
Ҳайқираман, ичимда фақат,
Алдадими тиррақи тузум?
Сиёсатнинг кекирдагини
Ташласайдим тишим-ла узиб!
Етолмайман ўтмиш қаърига,
Қўйвормайди бугуним — қамоқ.
Иблис ўйган йиртиқларига
Жаннат солар руҳидан ямоқ.
Ўлди шоир, ўлди ё Тангрим,
Ўлди шоир — абадий савол.
Хуррагига ботиб хотиржам
Тошкент ухлар, биқсиб бемалол...

1. Маяковский достонининг номи.

Жонтемир

@Jontemir
​​ҲАҚИҚАТ

Туғруқхона чинқириғида,
сукутида ўликхонанинг,
ўтаётган тирбанд автобус
ойнасига қапиштириб юз
қараётган бола кўзида
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Таомида емакхоналар,
ҳаяжонли чимилдиқ орти,
ялтироқ шиор ва
табрик ўқиётган қоғозга қараб
совуқ лаблар ҳаракатида
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Расталарга терилган китоб,
эшикларнинг ичию таши,
рўзномалар, мактуб, радио,
метро вагонларин қорни лиқ тўла
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Хаёл каби сузар ҳавода,
ўрмалайди ер остида ҳам.
Ичимизга жирканч вабодай
сизиб кирар бесўроқ, беғам.

Масжидларнинг меҳробин ялар,
тиланчига узатар ёвғон.
Ҳар муюлиш, бекатда талар —
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Тил учидан тишлаб олган сўз
либосини сездирмай ечиб
қулоқларга осар тескари.
Темир қалам битган қонунлар
ярасига сепар экан туз,
ўтмишини бутун бошли халқ
чайнай-чайнай бадбўй оғзида,
келажакка қараб кекирар:
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Ичганимиз шарблар таъми,
ифорида галдиратган соч,
ҳатто ўлгач қабр қошида
йиғлаб-сиқтаб ўқигувчи нутқ
ёлғон, ёлғон, ёлғон!

Мавжудмиди кўрганинг дунё,
хона, ғазаб, диққинафас май?
Ташқарида аста жимирлаб
отаётган балки тонг эмас,
тинчин бузиб сассиз ҳайқириқ,
чўчиб тушган мулойим туннинг
қўрқувдан оқарган юзидир балки?!

Айқаш-уйқаш: бола, бекат, халқ,
солиб митти оғзинга талқон
ҳақиқатми ёзаётганинг?
Шоирмисан устига-устак?!
Ёлғон, ёлғон, ҳаммаси ёлғон!!!

Жонтемир

@Jontemir
​​Туғилган кунингиз билан, Момогинам!

Ваъда

Набирангдан ранжима, момо,
Беоқибат чиққани учун.
У – кетай деб ҳақиқат томон,
Авлиёга эргашган кучук.

Яшолмайди бир жойда туриб,
На кундуз, на тунга сиғади.
Орзуйингдек ҳашамат қуриб,
Хирмон-хирмон бойлик йиғмайди.

Гарданида Ҳофиз қўйган юк,
Чидайдида, ўтгунча навбат.
Умидидан армони буюк,
Ёзганлари шеър эмас, тавба.

Қайси муҳим: келажак, мозий?
Қайси афзал: қабртошми, хоч?
Деразамнинг ортида ҳозир
Қарс йиқилди мен севган оғоч.

Қўрқиб кетдим, сени ўйладим,
Томоғимни тирнади ёдинг.
Ёзғирардинг “бекор куйларинг,
Чўл бўлади ҳадемай водий.”

Ўзинг ҳақда айтгансан чоғи,
Водий менми?
Сенми ўша чўл?
Тополмайман сўзнинг қаймоғин,
Бизни айиргандан бери йўл.

Ўлмай туриб кўмилди отам,
Онам шўрлик тушимга кирмас.
Ёлғизликдан бошқа ҳеч Ҳотам
Иккимизга тасалли бермас.

Сенсиз умрим – пайтава, латта,
Ертилгунча яшаб кўрай ман.
Момо, момо, қайтсам албатта,
Этагингдан салла ўрайман!

Томоғимни тирнади ёдинг...

@Jontemir
ҚУЮН

Катта (Шаҳрисабзда момони катта дейдилар), меҳрибоним, бобомдан мерос – пойига бош уриб боргувчи Каъбам менинг.
Ҳар гал ёнингиздан кетаётганимда худди сўнгги хайрлашувдек ичкин тикилиб қоласиз ортимдан. Биласизки, ўғлингиз – далли. Биласизки, ўғлингиз – дайди. Биласизки, ўғлингиз – шоир.
Лекин у бемеҳр эмас!
Қочоқ эмас!
Томорқа ишларидан безгани, қишлоқ шароитига чидай олмагани учунгина шаҳарга жўнамайди.
Ўйлайсизки, қўлини совуқ сувга урмас ялқов у. Ўйлайсизки, енгил ҳаёт қурбони у.

– Қариганингда ҳамма сени ташлаб кетар экан.

Сўзларингиз қиррали тошдек, яраламай қўймайди теккан юракни. Ўпириб юборади, ўпириб.

Бугун тўсатдан Тошкентга кетиб қолганимни эшитган катта тоғам қўнғироқ қилиб кинояли кулар экан шундай деди:
– Тошкентга қара, жиян, Тошкентга қара!

Ҳозир нега бу қадар беқўним, беқарорлигимни тушунтириб, ўзимни оқлаш ниятим йўқ. Шуни айта оламанки, ичимда бошқариб бўлмас қуюн бор. Ўша мени истаган кўйига – ўтдан олиб ўтга солади.

–Тошкентда муқим турар жойинг, тайинли ишинг бўлмаса. Ўқишни ҳам кетингга ургансан. Тағин карантин! Нима қиласан бориб?

Кенжа тоғамнинг саволига минг уринай жавоб тополмайман. Жииим эшитаман, холос. Тоғам эса бадтар тутоқади...

Негадир сиз мени исканжага олмайсиз. Кетаман, десам йўлимни тўсмайсиз. Фақат кўзларингизга дош берсам бас.
Маъюс, маҳзун, мазлум кўзларингизга...

Катта, мен етиб бора оладиган дунё чеккаси – Тошкент. Агар ундан чиқиб кетолганимда эди...
Йўқ, ўзимни ёриб чиқиб кетолганимда эди...

Ёнинизда безбетларча чекишим, соч-соқолимни сиз айтмоқчи маймундек ўстириб юришим мумкин.
Аммо...

Йўл тортаверади. Йўл.
Бир жойда узоқроқ қолсам қуюн сўнади. Қуюн сўнса ўғлингиз ўлади, Катта!

Худбинман-а, худбинман! Ўзимни ўйлайман. Демак кенжа тоғам ҳақ. Сен доим ўзингни ўйлайсан, деганда у мутлақо ҳақ бўлган!

Катта, сизнинг мендаги ҳақингизни минглаб илтижоли шеърларим билан узолмаслигимни биламан.
Шунга қарамай ёзавераман, ёзавераман...

Катта, меҳрибоним, қўлимдан шеър ёзишдан бошқа иш келмаслигини тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, бу ҳақиқатдан юз буролмайман. Шеърларим эса сизга наф келтирмаслиги кундай аён.

Катта, меҳрибоним, Каъбам менинг.
Ўғлингиздан кўнглингиз қолмасин.

Сиздан олисда ҳар тун сизни бир умрга йўқотиб қўйиш ваҳми билан уйқуга кетаман.
Бу хаёл ҳаддан ташқари даҳшатли.

Катта, меҳрибоним, сиздан айрилишни истамайман, лекин ёнингизда ҳам узоқ қололмайман. Нега?!

Катта, меҳрибоним, Каъбам менинг.
Бир куни иймоним қўққис уйғониб, сизни бир умр тавоф қилиб яшамоқ учун ёнинггизга йиғлаб қайтишимга ишонинг.

Ўйлайсизки, ўғлингиз бемеҳр.
Ўйлайсизки, ўғлингиз сизни севмас.
Ўйлайсизки, у қочоқ, дайди.

Йўқ, у ўзини бошқара олмас.
Ўзини кўтара олмас.
Ичида бир қуюн бор. Қудратли қуюн.
Бир жойда тўниб қолса, қуюн сўнар.
Қуюн сўнса, ўғлинг тўкилиб тушар,
тўкилиб.

Катта, меҳрибоним, Каъбам менинг...


Жонтемир
ОЧИҚ ХАТ

Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовга

Ассалому алайкум, Муроджон ака (азбаройи яқин олганимдан "ака" деб мурожаат қилаётганимдан ранжимайсиз деган умиддаман). Сиз билан шахсан таниш эмасман, шунга қарамай зиммангиздаги маъсулият залвори ва вилоятимиз равнақи йўлида тинмай ҳаракат қилаётганингизни биламан. Қашқадарё — туб-тубигача очилиб улгурмаган қўриқ. Одамлари самимий, дўлвор, меҳнаткаш. Тупроғи баракали. Сиз ўз салоҳиятингиз билан бу ҳудудда катта ишлар қилишингизга ишонаман. Ҳозир Сизга айтмоқчи бўлганим бутунлай ижодий масала. Яхши биласиз, бирор миллатни санъат аҳли — ижодкорларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан улар (адиблар, рассомлар, мусиқачилар...) сабаб маънавий дунёмиз бойиб, туйғуларимиз тарбияланиб, тасаввур, тафаккуримиз ўсади. Дейлик Қашқадарёни улуғ шоиримиз Абдулла Орифсиз тасаввур қилиб бўладими? У кишининг нафақат Қашқадарё, бутун мамлакатимизга ёйган маърифатининг баҳоси йўқ. Шу қаторда катта ёзувчиларимиз Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Темирпўлат Тиллаев, Баҳодир Абдураззоқ, Мурод Човушларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар адабиётимиз хазинасини бир-бирига ўхшамас, янгича ва гўзал асарлари билан бойитиб келмоқдалар. Энди бу карвонга муносиб етишиб чиқаётган ёшлар ҳам борки, ҳали ҳеч замонда бир ҳудуддан бунчалик кўп истеъдод чиққан эмас! Келинг, уларни сизга таништирай.
Самариддир Сайидзод, Бекзод Ўктам, Азизбек Норов, Жавлон Жовлиев, Жалолиддин Сайид, Бобур Элмурод, Баҳодир Баҳром, Байрам Али, Мансур Жумаев, Мадина Норчаева (Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби), Нажмиддин Эрматов, Хуршид Абдурашид, Суҳроб Зиё, Шаҳриёр Шавкат, Хўжаёр, Нуриддин Расулов, Шоҳжахон Шодмон,... Бу ҳали мен яқиндан таниган, ижоди катта давраларда эътироф этилган, ёшлар орасида ўзига хос овози билан ажралиб турадиган истеъдодлар. Қашқадарё фарзандлари! Ниятим юқорида санаганим ёш ижодкорларнинг ўн босма тобоқдан кам бўлмаган ҳажмда алохида-алохида китобларини каттароқ нусхада нашр этиш ва вилотимиз бўйлаб кенг тарғиб қилишда молиявий кўмак берсангиз. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 йилдаги PF-6017сон буйруғининг 15-банди ижросини ҳам таъминлаган бўлар эдингиз https://lex.uz/uz/docs/-4880189. Деярли ҳаммаларининг китоблари тайёр. Тошкентдаги энг яхши, савияси баланд нашриёт "Akademnashr"га топширилган. Ҳомийлик кўрсатсангиз бас, китоблар дунё юзини кўради. Ажаб эмас, ҳомийлигингиз остида бир неча Абдулла Орифлар етишиб чиқса! Бу шарафли ёрдамингиз қўшни вилоятлар раҳбарларига ҳам ўрнак бўларди. Эшитишимга қараганда адабиёт, сўз қудратини яхши англайдиган, маънавияти баланд раҳбарсиз. Шундай экан Тангри ер юзига ҳар доим ҳам ўз пок нафаси жойланган истеъдодларни беравермаслигини, бердими, уларни кўз қорачиғидек асраш кераклигини ва айнан улар миллат виждони вазифасини ўтаб беришларини жуда яхши биласиз. Бир истеъдод ватанни бутун бошли футбол жамоасидан кўра кўпроқ дунёга танита олишини буюк адиб Чингиз Айтматов мисолида кўришимиз мумкин. Қирғизистон деганда биринчи бўлиб Чингиз Айтматов кўз олдимизга келади. Бу бежиз эмас. Шундай буюк адибни қўллаб-қувватлаганлар ҳам буюкликда у кишидан кам бўлишмаган. Негаки улар келажакни кўра билганлар! Бизнинг ёш шоир-ёзувчиларимизнинг ижодий қуввати ҳам ҳавас қиларли даражада. Иймоним комил, уларга вақтида эътибор қаратилса, маиший муаммоларга ўралашиб қолишларининг олди олинса, ҳеч шубҳасиз жаҳонга чиқиб кетишади! Битта мисол, яқинда босмадан чиқиб, шов-шов бўлган, кўплаб давлат мукофотларини олган, халқ меҳрини қозонган "Қўрқма" романи муаллифи Жавлон Жовлиев ҳам Қашқадарёлик! Ҳозир "Қўрқма" деса, бутун Ўзбекистон билади. Ҳатто қўшни давлатлар, хусусан Афғонистон давлат мукофотини ҳам қўлга киритди бу асар. Ёш деяпману ўттизга етиб қолди кўплари. Иш, уй, оила ташвишлари елкасига тушган, ижод билан етарлича шуғуллана олишмаяпти. Ижодкор ўз имкониятидан энг юқори даражада фойдалана олиши учун истаймизми-йўқми, моддий томондан муаммоси бўлмаслиги керак. Дунёдаги исталган буюк ижодкор ҳаётини ўрганиб чиққан одам, улар ортида Сиз каби оқил, санъатсевар ҳомий турганини кўради.
Ва бу улуғ иш ҳеч бир раҳбар ё сармоядорга обрў келтирса келтирадики, зиён келтирмайди.
Муроджон ака, даврлар, замону одамлар ўтиб кетаверади, лекин яхшилик, эзгулик йўқолмайди. Эзгу ишга қайишганларни ҳам тарих унутмайди. Вилоят ёзувчилар уюшмсига эмас, айнан Сизга мурожаат қилётганим сабаби, бу масалани кечиктириб ё пайсалга солиб бўлмайди. 90-йилда адабиётга гуриллаб кириб келган ижодкорлар айнан кўмак бўлмагани сабаб йўқолиб кетишди. Ҳозирги катта оқимни ҳам йўқотиб қўйишни истамаймиз. Агар уларни саралаб, алохида-алохида халққа кўрсатмасак, умумий оқимга қўшилиб, кўздан панада бўшлиққа сингиб кетишади. Аниқ ишонаман, вилоят раҳбари сифатида Сиз бош суқсангиз, муаммо кўз очиб юмгунча ечимини топади. Боя айтганимдек, юқорида тилга олинган ёш ижодкорларнинг китоблари тайёр. Нашрга бериш, Сизни уялтирмайдиган ҳолда босмадан чиқаришни ўз зиммамга оламан. Фақат сиз хайрихоҳлик қилиб, моддий томонлама кўмаклашсангиз бас. Ҳеч иккиланмай айтаман, бу китоблар билан беъмалол кўкрак кериб мақтанишимиз, вилоятимизнинг юзи, деб исталган катта даврада кўз-кўз қилишимиз мумкин бўлади! Муроджон ака, Қашқадарёни, ватанини, қадим, беҳад улуғ миллатини ва у яратган адабиётни жонидан ортиқ севадиган бир йигитнинг сўровини беэътибор қолдирмайсиз деган умиддаман. Ёрдамингизни аяманг. Ишончингизни оқлаймиз!
Чексиз ҳурмат билан Жонтемир Тоштемиров.

2022-йил. 28-май. Тошкент

@Jontemir
Қашқадарё ҳокимияти ва зиёлилари ва бутун Ўзбекистон, яқинда ҳокимимиз Муроджон Азимовга йўллаган "Очиқ хат"имда зикр этилган шоирлар ичида энг ёши — Шоҳижаҳоннинг икки йил бурун битган мулоҳазаларини ўқинг (Бугун чандон дадиллашган, теранлашгани аниқ!). Яна таъкидлайман, бу йигит Қашқадарёнинг энг ёш ижодкорларидан бири. Фикрлари эса катта-катта йиринглаган яраларни ёради. Муроджон ака, ўткир ёшлар шижоатини шамолга совуриб юборишга ҳаққимиз йўқ. Миллат руҳиятини ўстириб, асрайдиган соҳалар: таълим, санъатни эгаллайдиган шу ёшлар эртага. Ўзларингиз айтганларингиздек, ёшларга катталар маъсул. Кейин ёшлар шунга қараб маъсулятни елкага олади ва ўзлари кўрган муносабатга кўра муомила қилади ёшу кекса билан.

ЗУЛФИҚОР

МУЛОҲАЗА
(Адабиёт дарслари ҳақида)

Мен адабиётни яхши кўраман, лекин адабиёт дарсини эмас, деб ҳазил қилардим дўстларимга. Аслида, бу ҳазил ҳам эмасди. Қайсидир маънода, шундай эди. Адабиётнинг бошқача ўқитилишини истардим чунки.

1.
Абитуриентлик йилларида адабиётни аниқ фандек ёдлаб ўрганишга мажбур бўлганмиз. Биз асарлардан хулосалар, фикрлар, туйғулар эмас, рақамлар, сифатлар ва фактлар қидирардик.

Чўлпоннинг “Гўзал“ шеърида нима ифодаланган, ниманинг рамзи назарда тутилган деган савол қолиб,
“Гўзал“ шеърида гўзални кимлардан сўраган? – деган саволга жавоб беришимиз лозим эди. (Жавоби: ой, қуёш, юлдуз, шамол)

“Кеча ва кундуз“да асар моҳиятини англаш ӯрнига, биз Зебини неча йилга сургун қилишганини эсда сақлаб қолмоққа тиришардик. (Жавоби: 7 йил)

“Дунёнинг ишлари“ асарида қайси образнинг сочи ҳам, соқоли ҳам, ҳатто кўзига қайрилиб тушган қошлари ҳам оппоқ дея таърифланган? (Жавоби: Эрмон бува)

ёки

“Юлдузлар мангу ёнади“ асарида Бўри полвон эски раисни қайси лавозимга тайинлайди? (Жавоби: ферма мудири)

Аслида, “Дунёнинг ишлари“дан онани эъзозлашни, “Юлдузлар мангу ёнади“дан эса жўмардлик, ор-номус хислатларини ўрганишимиз керак эмасми?

Ким айбдор бунга?
Адабиёт ўқитувчиларими?
Менимча, ундай эмас. Уларнинг ҳам жонига тегган, аслида, бу.
Аммо Давлат Тест Маркази саволларни юқоридагидек тузгандан кейин, шу саволлар бўйича тайёрланиб юрган абитуриентга яна қандай дарс ўтишлари мумкин? Бошқа илож қолганми уларда?

(Юқорида мисол сифатида келтирганларим ўтган йилги кириш тестларида тушган саволлар. Қидириб ўтирмай, эсимда борини ёздим.
Олдинги йилларда бундан баттар бачкана ва мантиқсиз саволлар бор эди)

2.
Адабиёт дарсликларида шоир ва адибларнинг таржимаи ҳоли ва асаридан бошқа ҳаммаси китоб муаллифларининг шахсий қарашларидир.
Аммо, ҳатто шуларни ҳам тест қилишади.
Мисол келтирай:

Исталган ўқувчидан Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор“ ҳикоясидан қандай хулоса келиб чиқади деб сўранг. Ҳеч ўйланмай ва ҳатто тушуниб-тушунмай, “ЖАМИЯТ — БEМОР!“ деган жумлани айтади. Чунки бу фикр китобда тўртбурчак ичига олиниб, катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Адабиётнинг вазифаси инсонни фикрлашга ўргатиш эмасми? Аммо бундай ҳолатлар мияни қотириб қўяди, фикрлашни ўлдиради.

Дарсликда асарнинг таҳлиллари берилганини ёқлайман, аммо китоб муаллифларининг шахсий фикрлари ўқувчиларга қандайдир ўзгармас қоида ёки назария сифатида қабул қилдирилишига қаршиман!

3.
Лицейда ўқирдик. Бир куни текширувчилар келишди. Қайсидир гуруҳга кириб, ватан ҳақида шеър сўрашибди. Ўша ўқувчилар айтиб бера олмагани учун бутун лицейга ярим йил адабиёт дарсларида шеър ёдлатишган, шеър сўрашган.

Ватан ҳақида, она ҳақида.

Текширувчиларнинг фикрича, ўқувчи ватан ва она мавзусида шеърларни “шариллатиб“ ёдлайверса-ёдлайверса, унда ватанпарварлик ва онага меҳр ҳислари пайдо бўлармиш.

Шеърни ҳам мажбурлаб ёдлатадими?
Ахир, ўқувчига ёққан шеър бўлса, икки ўқишдаёқ хотирага муҳрланадику. Энг ёмони, шеърларни ўзлари танлаб беришган ва танлашдаги асосий мезон шеърда «Ватан» сўзининг борлиги эди.

Бунақа йўллар билан ватанпарварлар эмас, чинакам маддоҳлар етиштиряпсизлар!

4.
Университетда Адабиётшунослик деган фан ўтилди.

Бир ўқитувчи маърузани “Ўтган кунлар“ билан бошлаб, шу асар билан тугатарди.
Бизга бир дунё вазифа берилганди ва университетдан сотилган бир адабиёт назарияси бўйича китобни сотиб олганлар шу вазифадан озод қилинарди. Ҳозир шу китобнинг чангини артиб турасизларми, курсдошлар?

Семинарда эса шеърият мавзусини гапириб бермоқчи бўлганимда устоз билан ўртамизда шундай диалог кечган:
— Дафтарингиз борми?
— Йўқ, устоз, лекцияда тутилган дафтарим бор. Барибир мавзулари бир хилку.
— Ўтиринг жойингизга!

Айтингчи, адабиётни шундай ўқитиладими?

5.
Мени доим бир савол ўйлантириб келган:

“Нега адабиёт дарсликларида баъзи адиблар қайта-қайта бериладию, лекин Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи каби миллат шоирларининг ҳаёт йўли ҳам берилмасдан, 2-3 та “енгил“ шеърлари ўрин олган?
Асқар Маҳкам ва Аъзам Ўктам каби шоирлар ҳақида ҳатто бирорта гап йўқ...“

Ўқувчиларга шу шоирларни ўқитинг, шунда Ватанни мажбурлаб севдиришингизга ҳожат қолмайди.

ХУЛОСА

Тест тузишга масъуллар, илтимос, ўқувчидан асар қаҳрамони қанақа рангдаги кўйлак кийганию, унинг тулпори анҳор бўйига бориб неча марта кишнаганини сўрашни бас қилинг. Ўқувчи адабий образнинг ички кечинмалари билан қизиқсин, унинг хатоларидан хулоса чиқарсин, чиройли амалларидан ўрнак олсин. Ўқувчининг адабий диди ва савияси ўссин. Бадиий таҳлилни ўргансин.
Ҳеч бўлмаганда, дарсликдаги парчани ўқиб, уйига бориб асарнинг тўлиғини топиб ўқишга тиришсин.

Ўқувчиларни бунчалик бездирманг, адабиётдан!

Ӯқитувчилар, болаларга адабиётнинг ӯрнини, аҳамиятини англатинг. Уларга тушунтиринг, адабиётсиз инсон фикрлашдан тӯхтайди, бундайларни эса қул қилиш осон бӯлади.

Менинг фикримча, барчасини мактабдан бошлаш керак. Чунки айнан шу ёшда пайдо бўлади адабиётга меҳр-муҳаббат.
Аҳвол шундай хароб экан, бизнинг АДАБИЁТ деб бонг уришимиз бефойда!

П.С:
Шоирнинг шеъраридан ҳам намуна ўқинг.

* * *
Қушсан, қанотларинг қандай чиройли,
қандай ҳашаматли олтин қафасинг.
Гарчи масканингдир подшо саройи,
Қирдаги тўрғайга келар ҳавасинг.

Ичингдан саволлар кемирар, аммо
бир тутам овунч ҳам кезинар ҳамон.
Ахир, бош устингда қандай мусаффо
панжара оралаб кўрганинг — осмон.

Мана шу Ватандир!
Сен севган Ватан,
бемалол яшайвер ҳовурдан тушиб,
бунда ҳамма нарса мумкиндир, фақат
Қанотинг борлигин унутсанг, қушим.

Шоҳ Жаҳон
Forwarded from OYINA.UZ
Ёш шоир вилоят ҳокимига очиқ хат йўллади

⚡️Вилоят ёзувчилар уюшмасига эмас, айнан Сизга мурожаат қилаётганим сабаби, бу масалани кечиктириб ё пайсалга солиб бўлмайди. 90 йилда адабиётга гуруллаб кириб келган ижодкорлар айнан кўмак бўлмагани сабаб йўқолиб кетишди. Ҳозирги катта оқимни ҳам йўқотиб қўйишни истамаймиз.

Батафсил: https://oyina.uz/kiril/posts/6828

Расмий саҳифаларимиз👇

Web-site | Telegram | Facebook | YouTube
​​МОЗОР

Асаб тизими ишдан чиққан. Тажангсиз, ниҳоятда тажанг! Мийянгиз китоб, мусиқа, кино ва суҳбатлардан кўчириб олинган билимни зўрға кўтариб юрибди. Тушунябсизми, зўрға! Ичингизга Достоевский кўмилган, Гоген кўмилган, Увайс Қараний... шоирлар, авлиёлар кўмилган. Хуллас атала! Йўқ, бўтқа! Сиз эмас ўша ўликлар гапиради доим. Тилингиз ҳаракатга келадию овозингиз чиқмайди. Сизни тинглаётганларни маҳлиё қилаётган фикрлар ўликларга тегишли эканини сезмайсиз. Сезасизу ўзингизни тўхтатолмаймиз. Чунки тобеъсиз мозор аҳлига! Мия томирларига кислород етиб бормаётганининг сабаби ҳам шу. Ҳазм қилолмаяпти фонограммани руҳ. Уйқудори, аналгин-димидрол танага ёйилади. Руҳ уйғоқ барибир! Руҳ норози. У сизни ўз овозида сайратмоқчи. Йўл бермаяпсиз. Ақлдан — ҳар ёқдан йиғиб-терилган эски-туски олқиндилардан воз кечгингиз келмаяпти. Уларсиз ҳечкимга айланасизми? Гўдаклигингизда ҳозиргидан кўра донороқ бўлгансиз! Ҳаммасини улоқтиринг! Ҳозироқ! Айниган фикрлар бадбўйи уннаб кетган мийя хужраларини шамоллатинг! Ақл, тўпланган билим, хулосалар — барини итқитинг. Фақат ҳаяжон қолсин. Самимий ҳаяжон. Дунёга янги келган гўдак, чангалзордан чиққан Мауглидек яшай бошланг. Ҳеч нарсани билмаслигингизга ишонтиринг ўзингизни. Ортиқ ҳалал бермасин ўзлаштирилган ақл. Яна тилингиз ўликлар ҳаракатлантирмоқчи бўлса, аямай тишланг уни! Илло оғриқ тириклик белгисидир. Ичингиздаги мозор зиёратига токи сиз уларни эмас, улар сизни тинглашга тайёр бўлмагунларича борманг! Умуман мозор аҳлига ваз ўқишнинг нима кераги бор? Яхшиси мозорга телбалик тулкилари ва нодонлик шоқолларини йўлланг, батамом чириб битмаган мурдаларни кавлаб, еб битиришсин! Ишонинг, анча енгил тортасиз. Ер ҳам қиёматда енгиллашади. Шунчалик енгиллашадики, тарвуздек қўлтиқлаб юришингиз мумкин бўлади. Ер... Қиёматда... Енгил... Тарвуз... Гўдак...

@Jontemir
ШАҲАР МАНЗУМАСИ

Бахтсиз шаҳар юпун ухлайди.
Рауф Парфи.

Ҳар гал шаҳардан кетишади
Ҳар гал шаҳарга келишади
Чизиб бўладими шаҳар хотирасини
Харитасини
Ирландия болаларини ейдиган чўчқа
Деди ва шундай чизди шаҳар хотирасини Жойс.
Ҳар шаҳар хотираси битта Сўз,
Харитаси битта Сўз.
Ёкнапатафа - йўқотилган авлод шаҳри.
Хотира харитасида танийсиз дарров.
Макондо - дафн этилган Орзу
Энди Орзу ёлқинланмайди.
Американча костюм-шимда ҳам.
Шаҳар ҳар кун туғилади,
Ҳар кун ўлади.
Ирландия ўз болаларини ейди.
Қошғарий шаҳар қуради кесма ош исидан
Шаҳар қошиқнинг тарихи.
Энг арзимас нарсадан шаҳар тиклайди
Хотира -тафаккур
Алпомиш дейишади кейин номини.
Шаҳар туғилади, шаҳар ўлади.
Ирландия ейди ўз болаларини
Одамлар бўшлиқни кўтариб юради Шаҳар қалбида
Аммо шаҳaр хотирасида бўшлиқ йўқ -
Шаҳар ўз болаларини ейди.
Шаҳар хотираси мукаммал доим.
Шаҳар қуради ўзини
Пирамидалар каби боласи танасидан.
Мозийдан келаётган энг олис
Энг сўлғин куйга айланади шаҳар
Най ноласида.

О, кечалар бу куйни тинглаб ётаман.
Борган сари хотирам топталанар,
Онгим ўлади.
Борган сари хотирамдан жудоман.

Шаҳар туғилади, шаҳар ўлади.

Тилланисо
​​ТИЛАНЧИ

Қашқадарё ҳокимига вилоят ёш ижодкорлари китобларига ҳомийлик қилишини сўраб (албатта ўз ҳамёнидан эмас, мамлакат иқтисодиётининг катта қисмини ушлаб турган газ-нефт корхоналари бор, уларга санъатга ҳомийлик кўрсатиш мажбурияти қонунан юклатилган бўлади) очиқ хат ёзганимдан кейин мени "замонавий тиланчи"га чиқариб қўйган эсли ижодкорлар ва писмиқларча кузатиб турган пўкак ялоқларни ҳам кўрдим. Кўрябман! Қўлингиздан бир иш келмаслиги етмагандек, бурчак-бурчакда минғирлашингиз нимаси? Бундан 100 йил бурун Туркистон болаларини четда ўқитиш учун бойлардан пул йиғган Чўлпон ё 40 йил аввал катта давраларда Чўлпон китобини сотиб олишга одамларни ундаган Рауф Парфи ҳам тиланчимиди?! Сизнинг табирингиз билан айтганда" эски тиланчи", шундайми?! Биз эса янги, модерн тиланчимиз! Икки қулоқ, иккиюзи олти суяк ва саноқсиз ҳужайраларингиз билан эшитиб қўйинг, адабиёт учун тиланчилик қилишга ҳам тайёрман! Уқдингизми? Керак бўлса, кўчада ўтираман садақа сўраб. Буни анча йил аввал дўсту укаларга айтганман ҳам. Ва ишонинг, ҳеч уялмай қила оламан бу ишни! Масжидлар дарвозаси биқинида турадиган "хайрия қутиси"дек қўлимга" "ўлим ёқасидаги ўзбек адабиётига хайр қилинг" деб ёзилган қоғоз ушлаб эшикма-эшик кезаман. Жамиятнинг аҳволини рўйи-рост кўрасиз ўшанда!
Кейин ҳокимга ёзилган жиддий хат тиланчилик эмас, талабдир. Эслатмадир. Сал савияси бор кимса буни пайқайди. Агар эътиборсиз қолдирилса мурожаат, демак биринчи навбатда вилоят ёшлари, истеъдодлари, эртага бошқарувни қўлга оладиган КУЧ қолаверса бутун мамлакат олдида ишончини йўқотади ҳокимият. Синов бу. Мен ҳокимиятдан алоқага чиққанларга ҳам бу истеъдодлар китоблари уларсиз ҳам "кўчада" қолмаслигини, фақат вилоят ўзиникига ўзи эгалик қилса, ҳокимнинг ҳам, ҳокимиятнинг ҳам юзи ёруғ, халқи олдида виждони тозароқ бўлиши ва ёшлар билан ўрталарида кўприк ҳосил бўлишини айтдим. Йўқса, шахсан менинг олдимда қадрини йўқотади ҳокимлик. Чунки шу маҳалгача бирор марта ишим тушмаган, ё бирор марта бирор муаммо бўйича алоқага чиққан, ёрдам сўраган эмасман. Бу сафар ҳам ўзимга эмас, камида 10 нафар вилоят ёш ижодкорининг китобларини чоп этишда кўмак беришларини сўрадим. Агар шу таъна қилишаётганларидек "замонавий тиланчилик" бўлса, майли, шундай бўлақолсин. Ҳокимият барибир эътибор қаратмайди, деб истеҳзоли тиржайиб турганлар ҳафсаласини пир қилишни шу қадар истардимки... Гарчи бундан мен манфаат кўрмасам ҳам. Обрў ҳам, раҳмат ҳам, ишонч ҳам ҳомийга насиб этади. Ва бу анъана унинг номи билан қолади-давом этади. Вилоят ҳокимлиги, сизга мурожаат қиларкан мен адабий тиланчи деган ном олдим ва бундан уялмайман. Аммо сизни шарманда бўлишингизни истамасдим. Ишонинг, агар тайинли натижа чиқмаса, байрамда беш-ўнта ижодкорга йўллаган табрикномаларингиз ҳам сизни нафақат истеъдодли ёшлар, катта зиёлилар — келажак олдидаги шармадаликдан қутқариб қололмайди!

@Jontemir
​​ФАРЁД

Суянган тоғларим қулади,
синди
кулгичимни кийган кўзгулар.
Ранг-баранг таскинлар бағридан қочиб
кўчага отилдим —
ижара уйим
аксириб ташлади мени тишининг
кавагида қолган жимит ушоқдай.
Тун эди,
қиёмат қўпгандай зулмат,
мийям чуқурида қамалган дажжол
довушни тилимга қўйиб юбордим:
КИММАН?
Кимман бу соялар салтанатида?!
Ўзлари жойлашган вужудлар билан
нураб тушган соҳир туйғулар.
Чопаман тахминлар оралаб —
гул бўлсам, узмаслар нечун,
ит бўлсам, юрмасдим икки оёқда,
ўлган бўлсам қаерда қабрим,
тирик бўлсам, худодай сиғинганим Сўз,
жазавамни юпатгин —
Кимман?!
Учраган симёғоч,
дарахт кавагига сепаман савол.
Хотиралар сирлашар ўриндиқларда,
умиди қуриган шаҳар бошида
кафан бичар булутлардан ой.
Совуқ тўшагида ухлар бемалол
қисматига кўнган соялар,
жазаваси сўнган соялар.
Шамолда тебранар ёлғиз тунчироқ,
осмонга қарайман,
юлдуз бу юлдуз,
қушнинг қушлигига шарт эмас исбот —
кимман?
Учаман ёввойи оқимга тушиб,
масжидга кираман (тағин соялар!)
ёнғоқ элтаман мозор қарғаларига,
ёзаман: шеърлар,
шеърлар,
эгизак шеърлар —
сўроқ билан тугайди бари!

Алаҳлаш.
Ёқамдан тутиб ўтмишга
улоқтирар хаёл — ана, бостириб
келаётир араб қўшини.
Халифа ўт қўйган кутубхонада
жон ҳолат чинқирар туркий ёзувим.
Сўнг мўғул
бойлиги таланган карвон
хунига йўқ қилар қадим давлатни
ва Темур — ҳалоскор!
Тиррақи хонлар устига
балодай ёприлар оқпошшо.
Шўрлик халқ қалбидан (яқинда топган)
Худони юлиб,
ўрнига Ленинни сайлашар — сиғин!
Яна қон!
Оҳ, Қўқон!
Содда Туркистон!
Қўққисдан ташланиб банги дашноқлар
бешикдан суғуриб олару мени
бутимни айириб ташлар тириклай!
Чинқириб ёпишган онамнинг
сўт тўла сийнасин сўйиб,
қутурган итига итқитар — ғажи!
Отамни осарлар, минглаб оталар...
Қузғунлар чўқийди душман сурати
қотиб қолган олмос кўзларин...

Воҳ, қоним — ўнлаб лойқа ирмоқлар
мажбуран қуйилган бўтана дарё.
Сиртингда ёвузлик кемаси юзар —
қасос тўлқинлари қўзғолар қачо-он?!

Сингиб кетар бўшлиққа довуш,
қўрқув сиротидан ўтолмаган руҳ
парчалари изғир атрофда.
Осмон танасига санчилган сонсиз
юлдузлар отамнинг кўзидай чақнар —
кимсан?
Уялиб ўзимни яширмоққа жой
излаб югураман тахмин оралаб.
Дарахтлар йўл тўсар сўроқ шаклида,
ариқлар, бинолар, соялар — сўроқ!
Югураман, шу югуришда
сочилиб кетсайдим Хиросимадай...

Қулади олқинди тоғларим,
Кулгичим кўчирган кўзгулар синди.
Қилич бўлсам, қинимдан чиқар,
мурда бўлсам, қабримни кўрсат,
тирик бўлсам, зулмат юзида
қиёфамни чизиб бер, чақмоқ!
Садо бермас на само, ер,
шалтоқ ғумбагидан чиқармас бошин
қисматига кўнган соялар,
жазаваси сўнган соялар.

Кимман бу соялар салтанатида?
Кимман, ахир
ким?!

Жонтемир

@Jontemir
Айрим сабаблар юзасидан канал манзилини бошқасига кўчиряпмиз.

Навбатдаги шеърлар мана шу манзилга жойланиб борилади.
https://www.tgoop.com/jontemir_t
2024/11/28 01:25:41
Back to Top
HTML Embed Code: