tgoop.com/Shayx_Hazrat/39163
Last Update:
ТАСБЕҲ ИШЛАТИШ БИДЪАТМИ?
#раддия
@Shayx_Hazrat CАВОЛ:
Бир танишим айтадиган зикрларингни тасбеҳда эмас, бармоқларинг билан санашинг керак, деди. Зикрларни айтишда тасбеҳ ишлатишим гуноҳми?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қадим-қадимлардан бери юртимизда ҳеч ихтилофсиз ишлатиб келинган тасбеҳ яқин-яқиндан бидъат, ҳаром дейдиганлар чиқа бошлади. Динда бир амални бидъат ёки ҳаром дейиш учун кучли далиллар керак бўлади. Тасбеҳ ишлатишдан ман қиладиган бундай далиллар эса мавжуд эмас. Тасбеҳ ишлатиш жоиз эканига келган далиллар инкор этиб бўлмас даражада қувватли ва кўпдир. София бинти Ҳуяй онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади:
دخل علي رسول الله صلي الله عليه وسلم وبين يدي أربعة آلاف نواة أسبح بها قال لقد سبحت بهذه ألا أعلمك بأكثر مما سبحت فقلت بلي علمني فقال قولي سبحان الله عدد خلقه (رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени олдимга кирдилар, олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот: “Сенга сен айтаётган тасбеҳдан кўра кўпроғини ўргатайми?” – дедилар. Мен: “Ўргатинг” – дедим. У Зот “Субҳаналлоҳи адада холқиҳи” – деб айт, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Мазкур ҳадис тасбеҳ ишлатишни жоизлигига далилдир. Зеро, бунда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари (жоиз ишни ўз ўрнида қолдиришлари) бор. Агар тасбеҳ ишлатиш мумкин бўлмаганида Расул алайҳиссалом онамизни дарҳол бу ишдан қайтарган бўлар эдилар. Онамизни олдидаги данакни кўриб индамаганлари бу ишни жоизлигига далил бўлади. (“Мирқотул мафотиҳ” ва “Туҳфатул аҳвазий” китоблари).
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг халтачада тош ёки данаклари бўлиб, улар билан “Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ” деб тасбеҳ айтар эдилар. Тошлар тугагач чўриларига берар, чўри уларни тўплаб халтачага солиб, яна у кишига қайтариб берар эди (Имом Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Бадрда қатнашган саҳобалардан қирқтаси билан учрашиб, ҳадис эшитган тобеин Қосим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бир халтачада ўнта атрофида ҳисобланган ажва хурмосининг данаклари бўлиб, бомдод намозини ўқигач, халтачадан данакларни бирма-бир олиб тасбеҳ айтар, данаклар тугагач, бирма-бир яна халтачага қайтариб солар эди. Доим шу ҳолатда тасбеҳ айтар эдилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Юнус ибн Убайд онасидан ривоят қилади: Унинг онаси “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Абу София деган киши бизнинг қўшнимиз эди. У кишининг тасбеҳ айтиш учун тошчалари бор эди”, деган (Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” номли асарларида тобеинларнинг улуғларидан бўлган Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб айтадилар: “Ҳасан Басрийдан қўлларида ҳамиша тасбеҳ бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида “Биз авваллари (саҳобалар даврида) буни ишлатар эдик, келажакда ҳам буни тарк қилмаймиз. Мен қалбим, тилим ва қўлим билан зикр қилишни яхши кўраман” деганлар”.
Мазкур далиллардан маълум бўладики, тасбеҳ ишлатиш асло бидъат эмас, балки жоиз, ҳатто мустаҳаб бўлган ишдир. Чунки буни ман қиладиган бирорта далил йўқдир. Балки саҳобалардан келган хабарлар туфайли бу ишни қилиш марғуб амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
✅ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ ТАРҚАТИНГ!
Фотиҳа сурасини ўқиётганда "ғойрил мағдувби" деган жойини "ғойрил мағзувби" деб ўқиса намози бузиладими? 👉ЖАВОБ:
👉 https://www.tgoop.com/Shayx_Hazrat/37277
BY ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ !!!
Share with your friend now:
tgoop.com/Shayx_Hazrat/39163