tgoop.com/advokatnews/218
Last Update:
Давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш: аҳвол “аввалгидан бадтар бўлгандек”
“Давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун кучга кирганига 9 ойдан ошди, лекин амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Қайтага, айрим фикрларга кўра, аввалгидан ёмонроқ вазият вужудга келган.
Умид БЎТАБОЕВ,
АП Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи:
– Қонунда давлат ҳисобидан қатнашишни хоҳловчи адвокат адлия бошқармаси билан шартнома тузиши, инсон омили аралашувисиз, яъни электрон тизим танлаган адвокат иштирок этиши кўрсатилган. Бироқ мазкур тизим ҳалигача ишга туширилмади. Адлия бошқармаси билан шартнома тузган адвокатлар рўйхати сўралган органга берилиб, рўйхатда бор исталган адвокатни чақиравер, мазмунида ишлаб келинмоқда. Ушбу тартиб жорий этилаётганида терговчи ўзига “маъқул” адвокатни чақириши барҳам топади, деб ўйланганди. Бироқ, афсуски, тизим ишламагани учун аҳвол ўзгармади, ҳатто аввалгидан бадтар бўлгандек туюлмоқда. Чунки терговчи барибир ўзи истаган адвокатни чақиришда давом этяпти.
Бошқа томондан, тайинлов бўйича ишларда қатнашган адвокатларнинг ўз меҳнат ҳақини олиши дахмазага айланди. Чунки амалиётда терговчининг қарори, суднинг ажрими билан, адвокат томонидан кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам ҳақини олиш учун адлия бўлимларининг сўровномаси талаб қилинмоқда, яъни адвокатларнинг адлия органига тобелиги ортиб, оворагарчиликлар кўпайди.
Тоҳир ҚОДИРОВ,
АП Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи:
– Эски ҳаммом, эски тос... Қонун кучга кирганига сентябрда бир йил тўлади, лекин эски тизимдан фойдаланишга мажбур бўляпмиз. Адлия масъул қилиб белгиланган электрон тизим ишлагани йўқ. Ҳалигача тергов органларига, судга навбатчилар рўйхатини берамиз. Ҳалигача бу идоралар бизга қўнғироқ қилиб, навбатчи адвокатни юборишни сўрайди ёки хат билан чиқади.
Тизим техник жиҳатдан тайёр эмаслиги устига, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларнинг қоғоз шаклидаги рўйхати ҳам шакллантирилмаган... Бошида бир неча марта адвокат сўраган идораларга адлияга мурожаат қилишни айтдик, қонун кучга кирди, энди бу ишга адлия органи масъул, дедик. Йўқ, адлия қайтадан бизга ҳавола қилди. Яна ўзимизга қолди...
Майли, адвокат билан таъминлашдан бўйин товламаймиз. Лекин, тизим техник жиҳатдан ишлатмаганда ҳам, лоақал адвокат меҳнати учун тузукроқ ҳақ белгиланмаса бўлмайди. Чунки айни тартибда яхши адвокатларни бепул юридик ёрдам тизимига жалб қила олмаймиз, демак, қонуннинг мақсади амалга ошмайди. Ҳақ камлиги учун яхши адвокатлар давлат ҳисобидан қатнашишни хоҳлашмаяпти, натижада терговчилар ишга яна “таниш” адвокатларни чақиришяпти...
BY AdvokatNews
Share with your friend now:
tgoop.com/advokatnews/218