tgoop.com/centerasiastudy/13603
Last Update:
САЛАНГ ДОВОНИ – Афғонистон шимолини пойтахт Кобул ва мамлакатнинг жануби билан ҳамда Марказий Осиё давлатларини Пешовар орқали Жанубий Осиё транспорт тизими билан боғловчи стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳиндукуш тоғидаги довон (баландлиги 3383 м). 1964 йилда собиқ Иттифоқнинг молиявий ва техник кўмагида Парвон ва Бағлон вилоятлари чегарасида тоннель қурилган (узунлиги 2676 м). 1973 йилгача у дунёнинг энг баланд (тоғда жойлашган) тоннели бўлиб ҳисобланган. Тоннелнинг қурилиши Афғонистон минтақаларининг ўзаро транспорт ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлади. Тоннель ҳарбий-стратегик аҳамиятга ҳам эга. 40-армиянинг узлуксиз ҳарбий-техник ва озиқ-овқат таъминоти мазкур довонни назоратда ушлаб туриш билан боғлиқ бўлган. Довондан ўтадиган трасса бўйлаб Баграм авиабазасигача қувур ётқизилган. Мазкур қувур орқали Иттифоқдан ёқилғи етказиб берилган. Кобул режимига қарши курашда Аҳмадшоҳ Масъуд кучлари уни ўз назоратида ушлаб туришга ҳаракат қилган. 1997 йилда толибларни шимолга ҳаракатини тўхтатиш мақсадида тоннель “Шимолий альянс” кучлари томонидан портлатилган. Унинг фаолияти 2002 йилда Россия, Франция ва Буюк Британия мутахассислари кўмагида тикланган. 2003 йилдан Саланг узра Ўзбекистон байроғи ҳилпирай бошлади. Ўзбекистонлик мутахассислар Термиз – Кобул йўналишида 11 та темир-бетон конструкцияли кўприкларни қуриб битказишди.
Library @centerasia_library
Каналга уланиш👇
@centerasiastudy
BY Markaziy Osiyo
Share with your friend now:
tgoop.com/centerasiastudy/13603