tgoop.com/centerasiastudy/13722
Last Update:
ҲЕНТИГ - НИДЕРМАЙЕР МИССИЯСИ – Биринчи жаҳон уруши йилларида (1915-1916) Германия ҳамда Туркиянинг Афғонистонни Россия ва Британияга қарши урушга тортиш мақсадида Кобулга юборилган қўшма миссияси. Немис делегациясининг етакчилари мамлакат Қуролли кучлари бош штаби вакиллари гуруҳи раҳбари капитан Оскар фон Нидермайер ҳамда ташқи ишлар вазирлиги ходими, Эронда хизмат қилган ёш дипломат лейтенант Вернер Отто фон Ҳентиг эди. Туркия томонидан Қосимбей вакил бўлган. Шунингдек, миссия таркибига икки нафар ҳинд революционерлари – Махендра Пратап ва мавлоно Баракатулла ҳам киритилган. Улар 1916 йилнинг охирида Британия Ҳиндистони ва Ўрта Осиёда қўзғолонни ташкил этиш ва амалга ошириш режасини ишлаб чиқиши лозим эди. 80 кишидан иборат миссия 1915 йилнинг март ойида Боғдоддан йўлга чиқди ва 24 августда Ҳиротга, 7 сентябрда эса Кобулга етиб келди. Амир Ҳабибуллахон делегация аъзоларини 26 октябрь куни қабул қилди. Амирга турк султони ва Германия императорининг шахсий мактублари топширилди. Нидермайерга амирни Германия ва унинг иттифоқчилари тарафида бўлиб, Ҳиндистон ва Туркистонга ҳужум қилишга, хусусан, пуштун қабилаларини инглизларга қарши қўзғолон кўтаришга кўндириш вазифаси юклатилган эди. Буни эвазига улар амирга ҳарбий ва молиявий кўмак беришни ваъда қилишди. Шубҳасиз, ушбу миссияни қабул қилиш билан амир инглизларга ўз мустақиллигини намойиш этишга ҳаракат қилди. Шу билан бирга, амир нейтарлитетни бузиш Афғонистон ҳукуматига қанчалик қимматга тушишини англаб турар эди. Мазкур масала юзасидан Ҳабибуллахон томонидан чақирилган Лойя жирға (1915) яна бир бор мамлакатнинг нейтралитет мақомини тасдиқлади. Охир-оқибат 1916 йилнинг январида миссия амирни Афғонистон билан Германия ўртасидаги шартнома лойиҳасини тузишга кўндира олди. Германия Афғонистон мустақиллигини тан олди. Бироқ ҳужжатда Афғонистонни урушга киришига оид қоида ўз аксини топмади. Афғонистон амири Ҳабибуллахон Россия нейтралитети таъминланганида, турк ва немис қўшинлари Афғонистонга кириб келганида, Германия ва унинг иттифоқчилари ғалаба қозонган ҳамда Афғонистонга Шимолий Ҳиндистон ва Балужистонни қайтариб бериш мажбуриятини олган тақдирдагина урушга киришга тайёрлигини айтди. 1916 йилнинг баҳорига келиб, Ҳентиг ва Нидермайер ўзларига юклатилган миссиянинг истиқболи йўқлигини тушуниб етди ва май ойида Германиянинг Афғонистондаги илк дипломатик миссияси (“маъносиз шартнома билан” (with their meaningless treaty) (Дюпре)) мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ҳентиг Воҳон коридори, Хитой ва АҚШ орқали, Нидермайер эса Ўрта Осиё, Эрон ва Усмонли турк салтанати ҳудудлари орқали Германияга қайтди. Қосимбей, Пратап ва Баракатулла Афғонистонда қолиб, сиёсий бошпана олишди. 20-асрнинг 40-йилларида афғон ҳукумати тажрибали разведкачи, абвер полковниги Отто фон Ҳентигни Германиянинг Афғонистондаги элчиси бўлишига розилик бермади. 1970 йилда Ҳентиг Зоҳиршоҳнинг меҳмони сифатида Афғонистонга ташриф буюрди.
Манба: Dupree L. Afghanistan. 2 nd ed. - NJ: Princeton University Press, 1980;
Library @centerasia_library
Каналга уланиш👇
@centerasiastudy
BY Markaziy Osiyo
Share with your friend now:
tgoop.com/centerasiastudy/13722