tgoop.com/centerasiastudy/13889
Last Update:
Амударё Каспийга оққанми?
Дарҳақиқат, Амударё Осиёнинг, нафақат Осиёнинг, балки бутун курраи заминнинг энг баланд тоғликлари — Ҳимолайдан бошланади. Аму дастлаб сув оладиган Ваҳжир дараси гарчанд Афғонистон ҳудудига кирса-да, бу тор йўлак жанубда — Ҳиндистон, шарқда — Хитой билан туташиб туради. Ваҳон водийсининг юқори қисми ёзин-қишин тўнглаб ётувчи музлик билан қопланган. Музликнинг қуйи қисмида эса Зар номи билан аталувчи бир гўзал, аммо мўъжазгина кўл мавжуд.
Амударёнинг ибтидоси худди ана шу кўлдир. Ўша ерга етиб бора олсангиз, денгиз юзасидан 4080 м. баландликка кўтарилган бўласиз.
Ваҳжирдан қуйироқ энгандан сўнг у Ваҳондарё деб атала бошлайди. Ваҳон водийси қадимда обод бўлгани боисми — минг йил муқаддам битилган, муаллифи номаълум «Ҳудуд ал-олам» асарига водий шу ном билан кирган. Ушбу китобда Амударё Жайҳун дея аталиб, Ваҳон ҳудудидан оқиб чиқади, дейилади. Қизиғи, шу ҳудуддаги тоғлар минг йил бурун қандоқ аталган бўлса, бизнинг давримизда ҳам шундай тилга олинмоқда. Ваҳоланки, шунча давр ичида кўпгина жуғрофий атамалар бир неча бор ўзгарган. Хуллас, Ваҳондарё Помир дарёси билан қўшилиб, Панж номини олади. Панжга эса ўнг томондан Гунт, Бартанг, Язғулом, Ванч ва Қизилсув ирмоқлари бирлашиб, янада қудратли оқимга айланади. Кейин унга серсув Вахш дарёси келиб қўшилади ва худди шу ердан бу бебошвоқ оқим Амударё деб номланади.
Юқорида санаб ўтилган ҳар бир ирмоқнинг йирик дарёларга тенг кела оладиган чоғи бор. Чунки улар сайёрамиздаги энг баланд тоғли ўлкалардан бошланишини айтиб ўтдик. Дунё томи деб бекорга айтишмаган — Помир бу ерларда ниҳоятда кўкка ҳаволаниб кетади. Ҳозир олимлар Фанлар академияси деб аташаётган тизма атрофида гўё улкан тугундек бир неча йирик — Дарвоз, Ванч, Язғулом, Танимас тоғларининг боши бириккан. Бу ерларда саратонда ҳам қор ёғади. Ва уларнинг эришга улгура олмай қолган қисми йил сайин музликларга айлана боради. Натижада, энг йирик тоғ музлиги ҳосил бўлган. Унинг қалин жойи 1000 м., узунлиги 77,8 км., кенглиги 1500-3100 м., майдони 907 кв.км. Бу- ҳалиям кичрайиб, анча юпқалашиб қолган ҳолати. Дарвоқе, Ўрта Осиё тоғларида музликлар қисқармоқда. Баъзилари кейинги юз йил давомида бир неча баробар кичрайиб қолган. Бу ҳолат Федченко музлигини ҳам четлаб ўтмаган. 1976 йилги экспедициия даврида Ванч воҳасида Хирсдара номи билан машҳур бўлган, бот-бот ҳаракатланувчи музликнинг қадимги изларидан то тил қисмига етгунимизча, бир кун пиёда юрганимиз эсимда… Ана кўрсаткич. Демак, қадимда бу улкан музлик ҳозиргидан ҳам катта бўлган. Ундан сув олаётган Амударёнинг Ванч, Язғулом, Абдуқаҳҳор ва ҳоказо ирмоқлари илгари янада тўлиб оққанини кўз ўнгимизга келтиришимиз билан тасаввуримиз янада кенгайиши тайин.
Тоғ музликларини ўз кўзи билан кўрмаган кишига уни ҳарчанд келиштириб таърифламанг, ишонтиришингиз қийин. Шундай бир жумбоқли табиат синоати — бу музликлар. Уларнинг юқори қисми қаттиқ қор кўринишида бўлади. Секин пастлаша борсангиз, на қор, на муз шаклида бўлган қисм бошланади. Музликларнинг қуйи қисми тил, музликлар тили деб аталади. Худди бузоқ тилидек водий этагига осилиб тушиб туради. Ҳамма ғаройиботлар музликнинг худди ана шу тил қисмида жойлашган. Энг кўзга ташланадигани — бу катта-кичик ёриқлардир. Дарҳақиқат, музлик ҳаракатланаётганда ёки совуқлик ошиб қисқариб, кейин эса кенгайганида, тарс-тарс ёрилиб кетади. Ёриқлар узунасига бир неча км. ларга чўзилиб, кенглиги ва чуқурлиги бир неча м. ни ташкил этади.
Library @centerasia_library
Каналга уланиш👇
@centerasiastudy
BY Markaziy Osiyo
Share with your friend now:
tgoop.com/centerasiastudy/13889