tgoop.com/iqtisod4i/3139
Last Update:
Мағлуб бўлишни биладиган фуқаролар демократия учун муҳим
Имейл орқали Принстон университети нашриётига обуна бўлганман. Улар доим китоб тавсиялари ва баъзида асар ёзувчиларнинг фикрларини улашиб туришади. Бугун сиёсатшунос олим Жульет Хукернинг эссесини жўнатишибди.
Ундаги фикрлар менга қизиқ туюлди. Муаллиф Трамп ва унинг сайловлардаги мағлубияти ҳақида фикр юритиб, нима учун мағлуб бўла олиш муҳим фазилат эканини тушунтирган.
Барчамиз биламизки, Трампнинг энг севимли ҳақоратларидан бири бу кимнидир лузер деб аташ ҳисобланади. Унинг мантиғи бўйича мағлубият фақат ва фақат кучсизларга алоқадор нарса. Бу ғолибликка, ўзининг кучини бошқаларга кўрсатиб қўя олишга тескари тушунча.
2020 йили Трамп ўзининг мағлубиятини "касал мағлуб"лардек қабул қилди: Мағлубиятини тан олмай, сайловлар адолатсиз ўтгани ҳақидаги фитна назарияси кучайтирди. Трамп бу борада ёлғиз эмас. Бугунги кунда Америка сиёсатида ўзининг қонуний мағлубиятини тан олмайдиган, бунинг ўрнига эса сиёсий институтларни заифлаштириб, ҳокимиятни эгаллаш ёки сақлаб қолишга уринадиган мисолларни кўплаб топиш мумкин. Бу эса Америка демократияси учун катта муаммо.
Демократияда мағлуб бўла олиш ҳам асосий фуқаролик фазилатларидан бири ҳисобланади. Мағлуб бўла олиш демократия учун муҳим. Демократик сиёсатнинг асосий воқеликларидан бири сайловлардаги мағлубият ва ҳокимиятдан айрилиш ҳисобланади. Шундай экан мағлуб бўла олиш ҳам кўпчилик ҳокимияти каби демократиянинг муҳим элементларидан бири бўлиши лозим.
Агар фуқаролар мағлубиятни тан олишни рад этиб, ҳокимиятдан айрилмаслик учун ўйин қоидаларини бошқа йўллар билан ўзгартиришга интилса, улар демократияни емираётган ва авторитаризмга мурожаат қилаётган бўлади.
Ҳокимиятдан кетиш қийин нарса. Лекин бу демократия сиёсатчилардан ҳам, сайловчилардан ҳам доимий талаб қиладиган нарса. Демократия ишлаши учун доимий равишда қонуний мағлубиятларни қабул қила олиш лозим.
Мағлуб бўла олиш нафақат ҳаёт дарси, балки демократия яшаб қолиши учун муҳим фуқаролик фазилатидир.
BY Iqtisod4i
Share with your friend now:
tgoop.com/iqtisod4i/3139