tgoop.com/m_kenjabek/5095
Last Update:
Болалар васфи билан боғлиқ шеърлар
****
ОТИШМАЛАР
(Жажжи дўстим Жамшидга)
Менинг гўдаклардан душманим йўқдир –
Холисман гумон деб аталган ҳисдан.
Гўдаклар поклиги билан улуғдир,
Соддалиги билан каттадир биздан...
Жажжи бармоқларин тўппонча қилиб,
У отаверади – қулайвераман.
Гоҳо очиқ жойдан, гоҳо беркиниб,
У отаверар, мен «ўлавераман».
Агар «ўлмай қолсам» отган кезида,
Бола хафа бўлар ва чекар озор.
Унинг мўлжал олган тиниқ кўзида
Нишонга теккулик нималардир бор!
Пинҳона ғараз йўқ бу бармоқларда,
Зимдан пиширмаган у ўз ишини.
Бу содда ўқлардан, бу пок ўқлардан,
Ўлими гўзалдир, ўлган кишининг!
Менинг гўдаклардан йўқдир душманим,
Гоҳо, ўз-ўзимни сезганда танҳо,
Машқ ҳам қилмай туриб чин отишмани,
Унинг ҳузурига шошаман гоҳо;
Даволаб қайтаман ҳар гал янгидан
Фалак инъом этган олий шукуҳни –
Ҳаёт ўқларининг турфа зангидан
Омон қолаётган омонат руҳни.
1980
Мирзо КЕНЖАБЕК
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
BY Мирзо Кенжабек ижодхонаси
Share with your friend now:
tgoop.com/m_kenjabek/5095