tgoop.com/readnroll/1145
Last Update:
Оқ тунлар, Ф.М.Достоевский
Достоевскийнинг "Оқ тунлар" қиссасини мен бир неча йиллар олдин ўқигандим. Шундаёқ асар менга катта таъсир кўрсатган бўлса-да, яқинда уни қайта ўқиб чиққач, Достоевскийнинг инсон туйғулари ва ички кечинмаларини бу кичик қиссада қандай маҳорат билан тасвирлаши мени лол қолдирди. Вақт ўтиши билан асарга бўлган қарашим ҳам ўзгар(иб)ди десам хато бўлмайди.
Асарнинг асосий қаҳрамони – Мечтатель (Хаёлпараст), ҳаётдан узоқлашган, ўз ўйлари, орзулари ва хаёллари билан яшайдиган чинакам ёлғиз инсон. Илгари унинг хаёлпарварлигига қараб, унинг ҳаётдан қочишига кўпроқ эътибор қаратган бўлсам, бу сафар унинг ички туйғулари, муҳаббатга, тўғрироғи бошқа инсонга (мулоқотга) бўлган чинакам интилиши менинг диққатимни олди. Унинг Настенька билан учрашуви ва унинг дўстлик ва муҳаббатга умид боғлаши ҳақиқий ва самимий туйғулар билан тўла. Аммо бу муҳаббат якка томонлама эканлигини тушуниши ва севги йўлидаги қурбонлиги қаҳрамоннинг юрагидаги оғриқни янада чуқурроқ ҳис этишга мажбур қилади.
Қайта ўқиб, мен Мечтательнинг қурбонлигини бошқача қабул қилдим. У Настеньканинг бахти учун ўз муҳаббатидан воз кечади ва бу ҳолат унинг шахсий ютқузиши эмас, балки унинг ҳис-туйғуларининг чинакам эканлигини кўрсатади. Илгари бу қурбонлик менга қайғули туйилган бўлса, бу сафар у менга ҳаётдаги ўзаро муносабатлардаги мураккаб ва табиий жараён сифатида кўринди.
Бундан ташқари қайта ўқиш давомида мен Настеньканинг ҳолатини ҳам яхшироқ тушунишга ҳаракат қилдим. Унинг иккиланиши ва қалбидаги қийин танловини маълум даражада тушуниш мумкин: у ўз севганини кутаркан, ёлғизлик ва муҳтожлик туйғулари билан курашади ва шунинг учун Мечтатель билан дўстона муносабат ўрнатади. Аммо, ўйлаб қарасам, Настенька бу вазиятда ўзини ҳали жуда ёш ва бирозгина ақлсиз тутади: у ўз ҳис-туйғуларини яхши тушуниб етмай, Мечтательнинг қалбига қандай оғриқ етказаётганини англамай ҳаракат қилади. Балки у ҳолатнинг жиддийлигини ҳам тўлиқ ҳис қилмагандир. Унинг ҳаракатларини шунчаки ёшлик ва тажрибасизликка йўяқолдим.
Асарни қайта ўқиб, яна бир нарсани чуқурроқ англадим: биз барчамиз вақт ўтиши билан Достоевскийнинг "Мечтатель"ига айланамиз: тўрт девордан чиққиси келмаган, инсонлар билан муносабатлардан қочган ва ўз ўйларида яшашни афзал кўрган хаёлпарастлар. Ҳикоя қаҳрамони каби ёшликдаги орзуларимиз ҳаёт ҳақиқатлари билан тўқнашганда, биз ҳам хаёл ва реаллик ўртасида аросатда қоламиз. Достоевскийнинг қаҳрамони орқали биз ўз ўтмиш хотираларимиз, умидларимиз ва ички кечинмаларимиз билан юзма-юз келамиз.
Қисқа қилиб айтганда, "Оқ тунлар" нафақат муҳаббат ҳақидаги қисса, балки инсон қалбининг мураккаблиги ва орзу билан ҳаёт ўртасидаги кураш ҳақидаги ва, шу билан биргаликда, инсон ҳис-туйғуларини тасвирлашда Достоевскийнинг маҳоратига тенг келадигани йўқ эканлигини янада яхшироқ англашга ёрдам бераоладиган чуқур асардир.
@readnroll
BY Read'n'Roll

Share with your friend now:
tgoop.com/readnroll/1145