tgoop.com/safinauz/7948
Last Update:
Киши илм орқали молга эга бўлмаса ҳам, чиройга эга бўлади
Изоҳ. Умар розияллоҳу анҳу дунёдан ўтганида Ибн Масъуд айтган экан: «Илмнинг ўндан тўққизи кетди». Ҳайрон бўлиб, ундан: «Орамизда шундай саҳобалар бор-ку, бу қандай бўлди? – дея сўрашди. Шунда Ибн Масъуд: «Мен бу билан фатво ва ҳукм чиқаришни эмас, Оллоҳ таолони таниш илмини назарда тутяпман» – деб жавоб берган экан. Оллоҳни танитадиган илм инсонга нур, чирой бахш этади.
Қуръони каримда шундай илм эгалари ҳақида айтилади: «Оллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража – мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).
«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Олимларнинг даражаси илмсиз мўминларнинг даражасидан етти юз марта юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг».
Ким нимани ният қилиб, унга интилса, Оллоҳ у кишига интилган нарсаси томон йўл очади. Ҳақни таниган олимлар учун мол-дунёнинг қиймати йўқ. Шунинг учун тарихда илм аҳлининг мулкдор, бой бўлгани кузатилмайди.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дейди: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир, Мол сарфлаш билан камайса, илм зиёда бўлади».
Бузругмеҳрдан сўралди:
– Илм афзалми ё мол-дунё?
– Илм, – деди у.
У ҳолда нега олимларни бойлар эшигида кўрамиз-у, бойларни олимлар эшигида кўрмаймиз? – дейишди.
Чунки олимлар молнинг фойдасини билади, бойлар эса илмнинг афзаллигидан бехабар, – жавоб берди Бузругмеҳр.
Оллоҳ таоло ҳаким Зот. Агар илм эгаси учун мол-дунёда хайр бўлса, ундай кишига мол-мулк ато этилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтди: «Сулаймон алайҳиссаломга илм ё мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Сулаймон алайҳиссалом илмни танлади. Кейин у зотга мол-у мулк ҳам ато этилди».
“Унвонул баён” китобидан.
@safinauz
BY Safina.uz - Najot kemasi
Share with your friend now:
tgoop.com/safinauz/7948