tgoop.com/tnews247/4969
Last Update:
Дўстимиз Шерзодхон Қудратхўжанинг таклифи билан ҳаётимда илк бор Тошкентдаги қадимий, тарихий бинога кириш бахтига муяссар бўлдим. Беҳбудий бобомиз ва жадидчилар фаолиятига бағишланган илмий-амалий анжуман яқиндагина Касаба уюшмалари Федерациясига берилган Маданият марказида бўлиб ўтди. Бу бино бир вақтлар Свердлов номи билан аталган,ундан аввал эса "Колизей" деб аталган.
Сал эртароқ бориб қолдим шекилли, бино ҳақида қисқача лавҳа таёрлашга киришдим. Лавҳадаги гапларимни эшитаётган ёнимда ўтирган ҳарбийлардан бири "бу бино ростдан ҳам қадимийми, қурилганида ҳам шундай бўлганми?" дея сўради. "Ҳа, деярли шундай бўлган" дедим. Ҳарбий ишонқирамади.
Тадбир бошланиб, асосий маъруза билан чиққан ЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа "бугунги тадбир бир жиҳати билан аҳамиятли, бундан 111 йил муқаддам, 1914 йилда айни шу бинода Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Падаркуш" драмаси қўйилган" деганида ёнимда ўтирган ҳарбий менинг гапларига ишонгандек бўлди. Балки, Шерзодхоннинг бу гаплари залда ўтирган бошқалар, айниқса, талабалар учун ҳам янгилик бўлган бўлса, ажабмас.
Аслида, "Падаркўш"нинг "Колизей"да қўйилиши ўша вақт учун жуда катта аҳамиятга эга эди. Чунки, "Колизей" ўша даврларда рус киборлари учун қурилган кўнгилочар маскани эди. Ҳозирги, "Амир Темур ҳиёбони" ҳам киборларга мўлжалланган бўлиб, кираверишга "сартлар ва итлар кириши тақиқланади" деб ёзиб қўйилган эди. Худди шу фикрни "Колизей"га нисбатан ҳам айтиш мумкин эди.
Шерзодхон Қудратхўжанинг яна бир гапи менга жуда таъсир қилди. "Беҳбудий бобомиз ва жадидларга бағишланган тадбир ўтказишимизни билган Касаба Уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов бинодан бепул фойдаланишимиз мумкинлигини айтди" деганда залда қарсаклар янгради.
Тадбир жуда зўр ўтди. Бир ўй билан уйга қайтдим; "Нима учун миллат учун жон фидо қилган боболаримиз ҳақида Голливуднинг "Шерюрак", "Ватанпарвар", "Спартак", "Жанна Д"Арк" каби фильмлар суратга олинмайди? Тўғри олинмоқда. Аммо жаҳон экранларига чиқадиган даражада эмас!"
Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат қаҳрамони.Аммо унинг ўлими ўта мураккаб. Ким ўлдиргани (амирми ё большевиклар) ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Мана шу мавзунинг ўзиёқ битта фильмга арзийди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш борасида қабул қилинган Президент қарорини бажариш борасида ЖОКУ ўзига ҳос қадам қўйди. Бошқа билим даргоҳлари ҳам ЖОКУдан ўрнак олиб,асосий тадбирларни бир вақтлар саҳнасида "Падаркуш" қуйилган "Колизей"да ўтказишса ёшлар онгига тарихга бўлган муносабатни сингдирган бўларди.
https://www.tgoop.com/tnews247
BY T-news...
Share with your friend now:
tgoop.com/tnews247/4969