tgoop.com/ustoz_kundaligi/593
Last Update:
Ўқувчилар ўртасидаги низоли вазиятда ўқитувчи воситачилиги
Ўқувчилар ўртасидаги низони бартараф этишда ўқитувчи воситачи бўлиши мумкин.
Воситачи ҳакам ёки қози эмас:
Буларнинг вазифаси ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлаб бериш.
Воситачи эса низодаги тарафларни қандайдир умумий нуқтада яқинлаштириш орқали зиддиятдан имкон қадар беталофат чиқишни осонлаштиришни кўзлайди.
Ўқитувчи бу вазиятда ҳеч бир тарафнинг позициясини қўллаб қувватламайди, ҳеч бир иштирокчини ўз қарашидан воз кечишга чақирмайди.
Унинг воситачилик вазифаси – учинчи хил позицияни, яъни иккала томоннинг ҳам манфаатлари етарли ҳисобга олинадиган янгича ёндашувни топиш мумкинлигини кўрсатиш.
Ўқувчилар ўртасидаги низода устоз воситачилиги методикаси 4 қадамдан ташкил топади:
1. Томонлар гаплашиб олишини ташкил этиш:
Учрашув барча ўзинг фикрини тўлиқ билдириши учун етарлича давом этадиган, ҳеч нарса ҳатто ногоҳон чалғитмайдиган жойда ва пайтда уюштирилиши лозим.
2. Ўзаро суҳбатга йўналиш бериш:
Кириш сўзида одамлар ўртасида баъзида зиддиятлар бўлиши табиий экани, бу учрашувдан мақсад эса низони тўғри ҳал қилишга ўрганиш эканини таъкидлаш ўринли ҳисобланади.
3. Кўнгилни бўшатиш:
Ҳаммага ўз фикр-мулоҳазасини айтиб олишга имкони берилади.
Бу ўқитувчига муаммо моҳиятини тушунишга ёрдам беради, томонлар кўнглини бўшатиб олади, бироз бўлса-да тинади.
Фақат ўқитувчи бировнинг шахсиятига тегмаслик, иложи борича ҳурмат сақлаб гапириш муҳимлигини эслатади.
4. Келишув:
Ўзаро аҳдлашув тузиб олишни таклиф қилиш. Икки томон ўз вариантини тайёрлайди, қарама-қарши томондан нима кутиши, ўзи нималар қилиши мумкинлигини ёзадилар.
Сўнгра икки аҳднома ўртада муҳокама этилади ва улар асосида битта умумий матн чиқарилади.
Уни ўқувчилар доим кўриб турадиган бирор жойга ўрнатиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Низоли вазиятда ўқитувчи воситачилиги самарали кечиши учун:
- ўртада диалог тинмаслигини таъминлаш, агар томонлар жим бўлиб қолишса, ўртада савол ташлаб ёки охирги бўлиб гапирган ўқувчининг фикрини бироз бошқа шаклда (“Демак, шундай фикр бўлаяптики...”) билдириб жараённи жонлантириб туриш;
- фикр-мулоҳазаларни позитив руҳга йўналтириш (“Шу учрашувимизнинг ўзи катта гап”, “Бир бирини тинглашга куч топа олганлар, ечимни ҳам топишга қодир бўлади” кабилидаги мулоҳазалар билан).
Педагог касби бошдан оёқ куюнчакликка қурилган. Болаларнинг ҳаёти-ю хаёли, юриш туриши-ю муносабатлари заррача қизиқиш уйғотмаса, касб танлашда ўқитувчиликни бемалол рўйхатдан ўчириб қўяверса бўлади.
Қолганлар бемалол, ўқувчиларга маданиятли одамлар низони қандай ҳал қилишини кўрсатиб қўйишга тайёр тураверинг.
Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)
@Ustoz_kundaligi
BY Ustoz Kundaligi
Share with your friend now:
tgoop.com/ustoz_kundaligi/593