Telegram Web
Биринчи маънога кўра, осмонлар ва ундаги жисмларни тутиб турган "бизга кўринмайдиган устунлар" бор ва улар борлиқдаги ўзаро тортишиш кучидир.

Олимлар бутун олам ва ундаги сон-саноқсиз жисмлар, юлдузлар, планеталар, галактикалар ва галактикалар мажмуалари супергравитация, суперсимметрия, ўзаро тортишиш ва ўзаро бир-биридан итариш каби кўзга кўринмайдиган омиллар, кучлар ва қонунлар асосида шундай уйғунликда ҳаракатда давом этишини исботлаганлар.

Фаразан, агар Ер Қуёшнинг гравитация майдонидан чиқиб кетиб, очиқ фазо бўйлаб ҳаракатланиб кетадиган бўлса, уни яна Қуёш атрофига қайтариш учун миллионлаб тросларга муҳтож бўламиз. Маълумки, дунёдаги энг метин ва мустахкам трос бу эшилган пўлатдан ясалган трос ҳисобланади. Шундай қилиб, Ерни яна Қуёш атрофидаги ўз траекториясига қайтармоқчи бўлсак, диаметри беш метрли пўлат трослардан миллионларча балки, миллиардларча керак бўларди. Бундай троснинг биттаси икки миллион тонна юкни кўтара олади. Тасаввур қилинг, Ерни Қуёшга боғлаш учун шунча тросни Ерга экиб чиқдик, ўзимизни ҳамма нарасани тўсиб қўядиган, ҳаракатланиш, бинолар қуриш, йўллар ётқизиш ва бошқа нарсалар ҳалақит берадиган, ҳатто қуёш нурини ҳам тўсиб қўядиган баҳайбат арқонлардан иборат жуда катта ва қуюк ўрмон олдида кўрамиз. Ҳар бирининг диаметри беш метрдан иборат бўлган бундай арқонларнинг орасида фақат биттадан арқон сиғадиган жойгина қолган бўлади. (Булар энди арқон эмас, балки, жуда йўғон устун бўлади). Ҳа, кўз ўнгимизда ниҳоятда қуюк ўрмон вужудга келади. Бу битта Ер планетасининг ўзини Қуёш атрофида ушлаб туриш учун керак бўладиган малзама эди. Аллоҳнинг ҳикмати ва қудратини қарангки, бутун бошли коинотни Ўзи яратган гравитация қуввати ила ана шундай устунларсиз, тросларсиз кўтариб, юрғазиб, ҳаракатлантириб қўйди.

Инсон шу пайтгача илм-фан соҳасида қандай ютуққа эришган бўлса, у фақат Аллоҳ яратган махлуқотларга назар солиб, улар борасида тафаккур юритиб, ва У яратган физик ва бошқа қонунларни кашф қилиб, шу даражага етиб келди, холос. Яъни, коинотдаги физик қонунларни инсон ихтиро қилмади, инсон яратмади, балки, инсон уларни илғаб бормоқда ва уларга ном бермоқда, холос.

Инсониятнинг илм-фан ва техника соҳасидаги барча ютуқлари ҳам Аллоҳ таоло унинг вужудига солиб қўйган илоҳий бир томизғи бўлмиш ақлу онгининг қуввати билан амалга ошмоқда. (Ҳолбуки, шу томизғини Аллоҳ инсонга бермаслиги ҳам мумкин эди ёки бошқа йиртқич ҳайвонларга ҳам бериб, ҳаётимизни дўзахга айлантириб қўйиши мумкин эди).

Лекин, маиший ҳаётдаги қулайликларни яратиш учун кифоя қилаётган ақл, физик қонунларни кўра билаётган ақл ўзича Холиқни топиб, Унинг исму сифатларини билиб, Унинг иродасини, бандаларидан хоҳлайдиган нарсаларни билиш учун кифоя қилмайди. Шу нуқтада у ақлни нақл билан тўлдириш ва уйғунлаштиришга муҳтож бўлади. Зеро, ваҳий бу нурдир. У инсон билан унинг Яратувчиси ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди. Ушбу нур бўлмаса, инсон Раббисига бўлган йўлни тополмай қоронғуликларда адашиб қолади.

Тасаввур қилайликки, бир инсоннинг кўриш қобилияти бениҳоя кучли. Агар у қоп-қоронғу хонага кириб қолса, кўзи бирон нарсани кўра оладими?.. Шу вазиятда унинг кўзи ожиз кишидан бирор фарқи бўладими?.. Агар нур бўлмаса кўриш қуввати энг кучли бўлган кўзнинг қандай қиймати қолади?..

Кўз нарсалар билан ўзи орасида воситачилик қиладиган ёруғликсиз бирор қийматга эга бўлмаганидек, ақл ҳам ўз олдидаги йўлини ёритувчи ваҳийсиз ҳеч қандай қийматга эга эмас.

@ziyo_ashraf
Болага ҳеч нарса бермасдан туриб, на диний, на дунёвий билим бериб, на бир керакли касб-ҳунар ўргатиб (яъни шу ишларни қилмаган ҳолда), уни ривожлантирмай, кейин пул топиб келишини талаб қилиш ақлли иш эмас.

Шундай одамлар борки, ризқни Аллоҳдан эмас, боласидан кутади. Фарзандли бўлишдан мақсади битта: "мени боқади!".

Бу ақиданинг қанчалик аҳмоқоналиги ва нотўғрилиги бошқа масала. Лекин майли, шунга рози бўлдик ҳам дейлик. Фақат, бунинг учун ўз вақтида фарзандингизни ўқитдингизми, репетиторга бердингизми, ўқишга қизиқтириб, рағбатлантириб, яхшиликларга йўналтирдингизми, ўқишни битириб, яхшироқ ишга жойлашгунча сабр қилдингизми?!.. Шунингдек, унга меҳр бериб, ўзига бўлган ишончини кучайтириб, муваффақият пиллапояларида ҳеч нарсани ўйламасдан юксалиши учун ўз вақтида кичик муаммоларингиз ва дардларингизни ундан яширдингизми, сабр қила олдингизми, шахс сифатида ривожлантира олдингизми уни?.. Ота ёки она сифатида фарзандингиз учун оғзига овқат солиб қўйишдан бошқа бирор бир қаҳрамонлик қилдингизми?.. - деган саволлар пайдо бўлади.

Буларнинг биронтасини қилмасдан ишлаб пул топишини талаб қилиш ўтакетган мантиқсизлик ва парадоксдир.

Бу ҳолатда болага пул топиб кел, деб босим қилинаверса, у нима қилади, қачонки бирор жойга ишга қабул бўлиши учун етарли малакаси, дипломи, бирор устунлиги бўлмаса?..

Ахир, ҳозир замон ўзгаряпти, аввалги вақтлардагидек, бирор фабрика ёки заводга ҳар куни бориб вақт ўтказиб келса, бемалол оиласини боқа оладиган ҳолат йўқ. Ҳамма нарса қандайдир билим ва маҳорат талаб қиляпти.

Ҳозир қандайдир фирма, ташкилот ва ҳоказоларда ишлаб яхшироқ даромад қилиш, имтиёзларга эга бўлиши учун албатта билим керак, акс ҳолда қора ишчи бўлиб қолиб кетиш мумкин.

Бирор ишхона ёки ташкилотга иш учун ариза топширганда ҳам нималарни билиши, қаерда ўқигани ҳақида ёзма маълумот талаб қилинади. Кейин, суҳбатга чақирилганда ундан сўраладиган асосий савол: "қўлингиздан нима келади?" жумласи бўлади. Шунда фарзандингиз "фалон чет тилларини яхши биламан, тижорий шартномалар бўйича музокаралар ўтказа оламан, шунингдек, фалон соҳани биламан, пистон нарсада тажрибага эгаман" дея тегишли ташкилот ёки фирмага ўзининг керакли эканлигига ишонтира билиши керак.

Демак, пул топа олиш учун инсоннинг қандайдир фазилати, устунлиги, ўзига хослиги бўлиши лозим. Агар бу нарсалар бўлмаса, у жуда қийналади, фақат қўл меҳнати билан бажариладиган оғир ишларда, муайян касби йўқ ишчи сифатида ишлаши мумкин. Лекин, бу ишларда саломатлик кетиши билан бирга, яхши даромад бўлмайди ва ўсмайди инсон.

Хуллас, болага ҳеч нарса бермай, ривожлантирмай, ҳеч қандай қурбон беришга юрмай, сал каттароқ бўлиши билан "пул топ!" деб босим ўтказавериш, унинг ҳаётини барбод қилади. Нима қилиб бўлса ҳам пул топишим керак экан деб бола эгри йўлларга кириб қолади, ҳаром йўл билан пул топиб келишга уринади. Кейин бунинг оқибати фақат ачинарли бўлади, Аллоҳ асрасин. Ёки сиқилиб, депрессияга тушиб қолиши ёхуд турли ёмон иллатлар, масалан наркоманликка мубтало бўлиб қолиши ва умуман ҳаёти барбод бўлиши мумкин.

Буларнинг ҳаммасидан ташқари, бир инсоннинг шахс сифатида камол топиб, жамиятда ўз ўрнини топиши ва муқим бир даромадга эга бўладиган даражага чиқиши учун йиллар керак, вақт ва сабр керак. Бу бирпасда амал ошиб қоладиган жараён эмас. Ота-она ҳар доим шу нарсани эсдан чиқармаслиги лозим.

Ақлли ота-она фарзандга ризқ ва пул топиш воситаси сифатида қармайди, аксинча, фарзанднинг ўзини Аллоҳнинг буюк ризқи ва инъоми деб билади ва уни гўзал парваришлаб, чиройли тарбия бериб, ўқитиш ва ривожлантиришга ҳараат қилади. Чунки, шундай қилинса, фарзанди келажакда яхши ютуқларга эришади, ҳаёти бир умр машаққатда ўтмайди, карамли ва обрўли вазифаларни эгаллаб, фароғатда яшайди ва ота-онаси талаб қилмаса ҳам, ўз-ўзидан уларни эъзозлаб, албатта уларга яхшиликлар қилади. Ўз ақли билан ота-онасига уларнинг ёшликда қилганлари яхшиликларини қайтаради.

Энг яхши инвестиция фарзанд учун қилинган инвестициядир. Болангизнинг ўқиши учун бугун пул сарфлайсиз, инвестиция қиласиз ва эртага албатта унинг самарасини кўрасиз.

@ziyo_ashraf
#Дуолар_қўрғони

Уйдан чиқишда ўқиладиган дуолар

1: بسم الله توكلت على الله ولا حول ولا قوة إلا بالله,

2: اللهم إني إعوذ بك أن أضل أو أضل أو أزل أو أزل أو أظلم أو أظلم أو أجهل أو يجهل علي

Ўқилиши: 1. “бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, валаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ".

2. "Аллоҳумма инний аъувзу бика ан адылла ва удолла ав азилла ва узалла ва азлима ва узлама ав ажҳала ав южҳала ъалайя”.

Маънолари: 1. “Аллоҳ номи ила (уйдан чиқаман), (барча ишларимда) Аллоҳга таваккул қилдим. Ёмон ҳолатдан яхшисига ўзгариш, ундан кейин тўғри йўлда собиткадам қолиш учун керак бўлган куч-қувват фақат Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан ҳосил бўлур".

2. "Эй Аллоҳ, мен Сендан адашиш ёки адаштирилишдан, ўзим хато қилишим ёки биров томонидан хатога туширилишимдан, бировга зулм қилишдан ёки менга зулм қилинишидан, бировга жоҳиллик қилишдан ёки менга жоҳиллик қилинишидан паноҳ беришингни сўрайман”.

Изоҳ: Юқоридаги икки дуо баъзи ҳадисларда биргаликда, бошқаларида эса бир-биридан алоҳида ривоят қилинган бўлиб, уларни Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Насоий ва Табароний каби сунан ва муъжам йўналишида ёзилган ҳадис тўпламлари соҳиблари ўз китобларида Умму Салама онамиз ва Анас разияллоҳу анҳулардан ривоят қилиб, келтирганлар.

Анас разияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: "ким (уйдан чиқаётганда) "бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, валаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ" деса, унга “هديت وكفيت ووقيت” (ҳудийта ва куфийта ва вуқийта) яъни: “ҳидоятландинг, ҳимоя қилиндинг ва барча мушкилотларинг осон бўладиган бўлди!” дейилади ва шайтон ундан узоқлашади" (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ривояти).

Абу Довуднинг ривоятида эса ҳадиснинг қуйидаги қўшимчаси ҳам бор: "... шунда шайтон бошқа бир шайтонга: "ҳидоятланган, мушкиллари аритилган ва ҳимояга олинган" кимсани қандай ҳам адаштира олардинг?!", дейди".

Демак, киши уйдан чиқар экан мазкур дуоларни ўқиса, иншоаллоҳ у кимса ўша куни залолат ва жаҳолатга тушмайди, бировга зулм қилмайди ва ўзига ҳам зулм-зўравонлик қилинмайди. Ундан бирор насиба ололмаслигини билиб, шайтоннинг тамаъси пучга чиқади ва алам билан юқоридаги сўзларни айтиб, ундан нари кетади.

@ziyo_ashraf
Инсон нисёнга (унутишга) мойилдир,.. ҳар куни, ҳар тарафда ўлим билан юзлашса ҳам уни кўрмаганга олади, гўё ўзини ўлмайдигандек тутади.

Ҳолбуки, бу ёлғон дунёнинг ягона ҳақиқати ўлимдир. Инсон эса уни эсдан чиқаради, ўлмайдигандек яшайди. Қасрлар қуради, данғиллама тўйлар қилади, бойлик ортидан қувади, унга эришади аммо, бир жигарига, қариндошига ёхуд дўстига яхшилик қилишга келганда бахиллик тўнини кийиб олади.

Ғофилдир инсон, бечорадир у, бу дунёсини обод қилиш учун кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилгани ҳолда охират уйини обод қилиш ҳақида ўйламайди, ўзини унутади, Аллоҳни унутади, қиёматни унутади.

Аллоҳ таолони ниҳоятда оз эслайди, ўзининг соғлом жисми, молу мулки ва ичида бўлгани бошқа неъматларга мафтун бўлиб, уларни берган Зотни унутади, неъматларнинг эгасига шукр қилмайди.

Бу дунё лаззатлари, мафтункор неъматлари инсонга ўлимни унуттиради. Натижада, инсон бу дунёга вақтинча келганини эсдан чиқариб, яхшиликларни тўсувчи бўлиб қолади, узун-узун орзулар гирдобига ғарқ бўлади, худбинлашади.

Намоз ўқийди, лекин қалби ҳамон ғафлатда бўлади, дунёни ўзи учун охират экинзори қилмайди. Ўзини танимайди, нафсини танимайди, ўзига вақт ажратмайди, Аллоҳни танимайди, Унинг розилигига интилмайди.

@ziyo_ashraf
Ҳаёт ўчирғич ишлатмасдан расм чизиш санъатидир.
"Чақимчи жаннатга кирмайди".

Гап ташиб, одамлар орасини бузиш динимизда ҳаром қилинган манфур ишлар сирасига киради. Халқ ичида тарқалган тушунчага кўра, чақимчилик деганда, мазлумнинг жабр кўрсатган киши устидан бирор кимса ёхуд жиҳатга шикоят қилиши тушунилиб қолган. Аслида эса ундай эмас. Мазлумнинг шикояти асло-асло чақимчиликка кирмайди.

Чақимчилик бу – одамларга бир-бирлари ҳақларида ғойибона гапирган салбий мазмундаги гап-сўзларини етказишдир. Эҳтимол, бир киши ҳақида ижобий бўлмаган бирор сўзни айтган кишининг мақсади ёмонлик бўлмаслиги балки, шунчаки, гапдан-гап чиқиб айтиб юборилган сўз бўлиши, ўша инсон тилга олинганда айтган фикри бўлиши мумкин.

Шундай вазиятларда унинг гапини олиб, ўзи ҳақида гапирилган одамга етказиш бу чақимчиликдир. Буни динимизда намима дейилади. Намима кабира гуноҳлардан биридир. У дўстлар орасини бузади, душманлар орасидаги адоватни кучайтириб юборади. Жамоани пароканда қилади.

Абу Ҳомид Ғаззолий (р.ҳ) "иҳёу улуми-д-дин" китобида мазкур масалага тўхталар экан шундай дейди: "билки, "намима" (чақимчилик) кўпинча бир кишининг бошқа киши ҳақидаги сўзини ўзи ҳақида гапирилган кишига етказишга нисбатан ишлатилади. Масалан, чақимчи: "фалончи сиз ҳақингизда бундай деди!", дея одамларнинг бир-бирлари ҳақларидаги гапларини бир-бирларига етказади.

Лекин, чақимчилик шунинг ўзи билан чекланиб қолмаган балки, унинг моҳияти очиш исталмаган ва хуш кўрилмаган нарсани ошкор қилишдан иборатдир. Ўша нарсанинг ошкор қилинишини ўзидан гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёки ўзига гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёхуд бирор-бир учинчи тараф хоҳламайдими, фарқи йўқ. Шунингдек, бировнинг гапини ошкор қилиш қасос олиш йўлига кўра бўладими ёки шама ва ишоралар билан бўладими бир хилдир.

Кишиларнинг аҳволотидан ошкор бўлиши кареҳ кўриладиган бирор ҳолатни кўрган киши у ҳақда сукут қилиши лозим. Фақат, етказишда мусулмонларга фойда бўладиган ёхуд мусулмон кишидан зарарни даф қиладиган ишлар бўлсагина мустаснодир.

Масалан, бир киши бошқа кишининг молини ноҳақ йўл билан олаётганлигини кўриб қолса, ҳақ соҳибининг ҳаққини риоя қилиш мақсадида бу борада гувоҳлик бериши лозим ва бу иш чақимчиликка кирмайди. Бордию, бирор кимсанинг ўз мол-дунёсини беркитаётганини кўрсаю уни бошқа жойда тилга олса, бу чақимчилик ва ўзганинг сирини очиш бўлади.

Шунга кўра, намиманинг моҳияти сирни очиш ва ўзганинг ошкор бўлишини ёқтирмайдиган нарсасини очиб ташлаб, сатр пардасини "йиртиш" демакдир. Агар етказилаётган нарса кишидаги қандайдир хулқий ёки хилқий айб-нуқсонлардан иборат бўлса, у ҳолда у ҳам чақимчилик, ҳам ғийбат гуноҳини содир қилган бўлади".

Имом Ғаззолий чақимчилик ҳақидаги сўзини давом эттириб шундай дейди: “Кишиларни чақимчиликка ундайдиган нарса ё ўзидан гап ташилаётган одамга ёмонлик ирода қилиш ёхуд ўзига гап ташилаётган инсонга ёқиш ва яқин бўлиш истаги ё бўлмаса, сўзда чуқурлашиб кетиб, кераксиз ва ботил гапларга шўнғишдир”.

Демак, чақимчининг чақимчиликдан кўзлайдиган асосий максади бир инсонни бошқасига ёмон тарафдан кўрсатиш орқали улар ўртасига адоват уруғини сочиш ва шу орқали ўзидан гап ташилаётган кишига зарар еказиш илинжида бўлиш ёки гап етказаётган кишисининг ишончига кириб, унга ўзини яхши кўрсатишдан иборат бўлар экан.

Баъзан эса юқоридаги икки мақсадни кўзламаса-да оғзининг таноби йўқлигидан, гапираётган сўзларининг оқибати ҳақида ўйламасдан вайсақилик қилиш натижасида ҳам чақимчилик содир бўлар экан.

Намима сўзи луғавий жиҳатдан “бирор нарсага далолат қилиш”, “... ... дарак бериш” маъноларини ўз ичига олган арабча “نم-ينم” (намма-янумму) феълидан олинган бўлиб, унинг шаръий-истилоҳий маънодаги таърифи ҳам аслида ўзининг луғавий маъносидан унчалик фарқ қилмайди.

Шунга кўра, номини очиқ айтмаса ҳам эшитаётган шахс ёки тараф гап ким ҳақида кетаётганлигини ўз фаросати билан билиб оладиган тарзда қандайдир ибора ва ишоралар билан гапирса ҳам бу айни чақимчилик ва намимага киради. Шунингдек, чақимчилик ёзма равишда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Имом Нававий саҳиҳи муслимга ёзган шарҳида чақимчиликни: “у – одамларнинг бир-бирлари ҳақидаги гапларини орани бузиш ва фасод тарқатиш йўлига кўра ташишдир”, дея таърифлайди.

Чақимчиликнинг энг ашаддийси ва энг ёмони, гуноҳи ҳам энг оғирроғи эса куч-қудрат ва салтанат соҳиби ҳузурида амалга оширилган чақимчиликдир. Бунинг хатарли томони куч-қудрат соҳиби бўлган кишининг ўта қаттиқ қасос ва интиқом олишга қодирлигидадир.

Наммом (чақимчи) эса одамлар орасида бузғунчилик мақсадида гап ташувчи кишидир. У иблиснинг дўсти балки, унинг ўнг қўли ва ишончли вакилидир.

Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича, иблис ўз тахтини сув устига қуради ва (одамлар устига шайтонлардан иборат) ўз қўшинларини юборади. Уларнинг унга энг яқини фитнаси энг кучлиси бўлади. унинг ҳузурига (шайтонлардан) бири келади ва “фалон, фалон ишларни қилдим”, дейди. иблис унга “ҳеч нарса қилмабсан!”, дейди. Кейин яна бириси келади ва “ (бир одамни) тинмай васваса қилавердим, тинч қўймадим ахийри, у билан хотини орасини буздим”, дейди. Шунда иблис ўша (шайтонни) ўзига яқинлаштиради ва “сен қандай ҳам яхшисан!”, дейди (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта ўрнида тил ва қалб офатларидан ҳисобланувчи айрим иллатларни қоралаган ва улардан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Қалам сурасида Пайғамбар алайҳиссаломни бир қанча салбий хислатли кишиларга итоат қилиб, эргашмасликка чақирар экан, улар орасида ғийбатчи ва чақимчини алоҳида тилга олади: “(эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи – бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари, бенасаб, ҳароми кимсага итоат этманг!”, (Қалам сураси: 10-11-12-13-оятлар).

Бир куни Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бир кишининг гап ташиб юриши ҳақида эшитиб қолди сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “чақимчи жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман деди (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита қабр олдидан ўтиб қолдилар ва “мана бу (қабрлардаги) иккиси азобланишмоқда лекин, улар (одамлар кўзида) катта (ҳисобланувчи) гуноҳ туфайли азобланмаяпти”, дедилар. Сўнгра: “ҳа (улар аслида катта гуноҳ туфайли азобланмоқда), уларнинг бири гап ташиб юрарди, иккинчиси эса ўз бавлидан сақланмасди”, дедилар. Кейин, ердан ҳўл навда олиб, уни иккига бўларканлар, улардан ҳар бирини бояги қабрларнинг ҳар бирига тиқиб қўйдилар ва “шоядки, бу навдалар қуригунча уларнинг азоби енгиллаштириб турилса”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Бухорий ўзининг “ал-адаб ал-муфрад” номли ҳадис тўпламида Асмо бинт Язид разияллоҳу анҳодан қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб келтиради: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобларига): “энг яхшиларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. У зот дедилар: “улар шундай кишиларки, одамлар уларни кўрганда Аллоҳ эсга келади”. Кейин “энг ёмонларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. Шунда у зот шундай дедилар: “улар гап ташиб юрувчи, ёр-дўстлар орасини бузувчи, айбсиз инсонларга ёмонлик ва машаққат етишини хоҳловчи кимсалардир”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “асҳобимдан биронтаси бошқаси ҳақида (мен ёқтирмайдиган ва ғазабимни келтирадиган) бирор нарсани (ҳолатни) менга етказмасин! Зеро, мен қаршингизга қалбим (бирортангизга нисбатан нафратдан) саломат ҳолида чиқишни истайман” (Абу Довуд ривояти).

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш жоизки, намима (чақимчилик) бу туҳмат ва бўҳтон эмас балки, асл ҳақиқат бўлиши мумкин. Аммо, у одамлар ўртасини бузиши, жамият вакиллари ўртасида фасод ёйилишига сабаб бўлиши туфайли ҳам қаттиқ ҳаром қилинган ва улкан гуноҳлар қаторига киритилган.

Шунинг учун, бор гапни айтяпман, деган важ ила кишиларнинг бир-бирлари ҳақларида айтган гап-сўзларини ташмалаш асло тўғри бўлмайди. Балки, бундай тубан ишларни одат қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлиши билан бир қаторда кўп ёмонликларга сабабчи бўлади.
Чақимчиликдан сақланиш ва қутулиш Аллоҳдан қўрқиш ҳамда мўминларга нисбатан қалбини гина-кудуратлардан пок ва саломат ҳолда сақлаш лозимлигини мудом ёдда тутиш билан ҳосил бўлади. Зеро, қалб саломатлиги мўмин кишининг энг асосий сифатларидан биридир.
Имом Ғаззолий "Иҳёу улуми - д - дин" асарида дўст-биродарликни уч мартабага бўлади. Биринчи, энг қуйи мартабадаги дўстлик шундан иборатки, дўст ўз дўстига худди қулига муомала қилгандек муомалада бўлади.

Буни шундай тушунмоқ лозим: хожа қулини худди ўзи каби таъминламаса ҳам аммо, оч - яланғоч бўлиб қолмайдиган даражада ўртача ейиш - ичиши ва ўртача кийиниши, ётоғи ва касал бўлиб қолса даволанишини таъминлаганидек, дўстини оч ва юпун ҳолда қолдирмайди, касал бўлганини эшитгач, билиб туриб, ўлиб кетишига қараб турмайди.

Иккинчи мартабадаги дўстликда киши ўзига қандай қараса, дўстига ҳам шундай қарайди. Ўзи учун яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади. Бу биринчи мартабадан юқорироқ албатта.

Учинчи олий мартабадаги дўстлик эса киши ўз дўстининг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйишида акс этади. У ўзи учун яхши кўрган нарсасини энди ўзига эмас, дўстига илиниб, уни ўзидан ийсор этади.

Мазкур асарни ўқир эканмиз дўстлик тушунчаси ва у тақозо қилувчи мажбуриятлар борасида ҳам ажиб сўзларга дуч келамиз: "агар дўстингга бирор ҳожатинг тушадиган бўлса, буни унга айт. Мабодо унда ҳеч қандай ҳаракат кўрмасанг, яна бир марта эслат, зеро, инсон унутувчидир. Эҳтимол ёдидан кўтарилгандир. Агар яна эсидан чиқиб қолса, яна эслат. Бордию, шунда ҳам сенинг эҳтиёжинг бўйича унда ҳаракат сезмасанг, унга тўрт марта такбир айтгинда, йўлингда давом этавер. Зеро, у кимса ўлик экан" ("Иҳёу улуми - д - дийн").

Демак, дўст фақат ўлик ҳолда бўлсагина дўстининг шикоятини тингламас, унга ёрдам қўлини чўзмас экан. Тирик бўла туриб, дўсти учун югуриб - елмаган инсон ҳам ўлик мақомида бўларкан.
Шундай замонда яшаяпмизки, илмдан кўра маълумот замони дейиш мумкин.

Қайсидир китоб трендга чиқса ўшани ўқиш керак, қайсидир сериал машҳур бўлса ўшани кўриш лозим...

Зеҳнимизни "ниманидир ўтказвордимми?", "наҳотки, билмай қолган бўлсам?!" каби фақат ижтимоий тармоқда трендга чиққан нарсалар билан тўлдириш билан овора бўлиб қолдик.

Бу бизга илм эмас, жаҳолат беради. Жаҳолатимизни орттиради, холос. Чунки кераксиз маълумотнинг кўплиги керакли билимга тўсиқ бўлади.

"Лутфан нималарнидир ўтказиб юбор, лутфан баъзи нарсаларни билмай қол, яхшиси. Ҳамма кўраётган сериалларга эмас, ўз танловларингга боқ. Ҳамма ўқиётган китобларни эмас, ўз қизиқиш ва эҳтиёжинг бўлган китобларни ўқи", дейди Хоқон Мангуч.

Ҳақиқатан тўғри, ижтимоий тармоқ одамларни манипуляция қилади. Ким машҳур бўлса, чиройли ва ақлли гаплардан, диний гаплардан гапирса дарров унинг мухлиси бўлиб қолади одамлар. Кейин вақт ўтади — у сизни манипуляция қила бошлайди.

Ҳар қаёқдан узуқ-юлуқ, тартибсиз маълумот эмас, ҳақиқий илм олинг, ўзингиз қизиққан соҳани аниқлаб, эътиборингизни ўша нарсага қаратинг.

Ҳамма ўқиган китобни ўқий олмайсиз, умрингиз етмайди. Ҳамма таниган машҳурни таний олмайсиз, ҳамма кўрган подкастларни кўриб чиқа олмайсиз, ҳар бир трендга чиққан мавзудан хабардор бўла олмайсиз. Агар шундай бўлаётган бўлса, демак, ижтимоий тармоқда йўқ бўлиб кетяпсиз, ўзингизни унутяпсиз. Ижтимоий тармоқ сизга эмас, сиз ижтимоий тармоққа хизмат қиляпсиз.

Китоблардан ўзингиз қизиққан ва эҳтиёжингиз бўлганларини ўқинг, ҳаётингиздан кераксиз нарсаларни камайтиринг, зеҳнингизни ортиқча ва фойдасиз маълумот билан тўлдирманг.

@ziyo_ashraf
Қарғишга учраш учун бировга катта бир моддий ёки жисмоний зарар бериш шарт эмас. Балки, ноҳақ равишда қалбини синдирган бўлсангиз ва ўша кимса сизни ошкора ёхуд яширин баддуо қилса, шунинг ҳам натижаси ҳаётингизда у ёки бу кўринишда акс этиши мумкин. Лекин, айнан қайси кўринишда таъсир қилаётганини гоҳо билолмай қоласиз. Эҳтимол, умуман баддуо қилинганингизни сезмасдирсиз.

Бир саҳобий сафарда тез юрмай, секинаклик қилгани учун туясини лаънатлади. Шунда Набий алайҳиссалом дарҳол қарғалган туядан тушишни буюрдилар ва "лаънатга учраган нарса билан бизга ҳамроҳлик қилма!", дедилар.

Шундан келиб чиқиб, баъзи уламолар гоҳо ноҳақ қилинган баддуо ҳам ижобат бўлиши мумкинлигини айтадилар. Бунда баддуо қилган шахс гуноҳкор бўлади, аммо синов ва Аллоҳга маълум бўлган бирор сабаб ва ҳикмат туфайли унинг қарғиши ижобат бўлади. Бунга сабаб баддуо қилинган кимсанинг бошқа гуноҳлари ва зулми бўлиши мумкинлигидир. Шу боис бошқа бировнинг ноҳақ баддуоси унинг ҳаққида гоҳо ижобат қилинади.

Бу сўзлар кишини эҳтиёткор бўлишга ундайди. Эҳтимол бировга зулм қиларсиз ва у сизни баддуо қилмас. Аммо, бошқа ўринда бошқа киши билан қайсидир масалада тортишиб қолганингизда, аслида ҳақ сиз томонда бўлса ҳам тортишувни ошириб юборганингиз ва меъёрни бузиб, хусуматлашувчини хафа қилганингиз учун у сизни баддуо қилгудек бўлса, бошқа гуноҳларингиз ва ҳал қилинмаган зулмларингиз, бўйнингиздаги ҳалол этилмаган маънавий ҳақлар туфайли Аллоҳ томонидан жазо тариқасида бу қарғиш ижобат бўлади. Баддуо қилувчининг гуноҳкорлиги эса бошқа масала. Бунга ўзи жавоб беради. Аммо, сиз зарарга учрашингиз ҳеч гап эмас.

Бунинг мисоли худди дайди ўқдан вафот этган ёки ноҳақ равишда кимдандир зиён кўрган кишининг ҳолатига ўхшайди. Эҳтимол, ўша дайди ўққа нишон бўлган кишининг бошқа гуноҳлари ва зулмлари бордир.

Худди шунга ўхшаб, лойиқ бўлмаган ҳолда қарғиш олишдан ҳам эҳтиёт бўлиш керакки, бошқа гуноҳларимиз туфайли ўша қарғиш ижобат бўлиб қолмасин!..

Албатта, бирор кимса ўзидан-ўзи бировни қарғамайди. Нимадир сабаб бўлади. Сабабнинг ўринли ёки ўринсизлиги эса алоҳида масаладир. Етарки, ўша сабабни вужудга келтирмасликка ҳаракат қилиш, имкон қадар ўзни тийиш ва таҳаммул қилишга интилиш лозим.

Аксинча бўлиб, битта кичкина тош отган одам устига бутун бошли тоғни ағдариб юборсак, бунда унинг баддуосидан омонда бўлишимиз қийин.

Агар баддуо қилса, гарчи хусуматни ўзи бошлаган бўлса ҳам бизнинг ҳаққимизда унинг қарғиши Аллоҳ билган ҳикматга кўра ижобат бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Ота-онанинг фарзандини қарғашдан қайтарилиши ва умуман динимизда лаънатлаш ва қарғиш ҳолатларидан узоқроқ бўлишга тарғиб қилинишининг ҳикмати ҳам шунда. Муайян соатларга тўғри келса ижобат бўлади.

Энди ўйлаб кўрайлик, ғазаб устида ноҳақ қилинган баддуо ижобат бўлиши мумкин экан, кимгадир қилган ҳақиқий зулмимиз туфайли олган қарғишимиз ижобат бўлишидан қандай хотиржам бўламиз?!..

@ziyo_ashraf
Ризқ нима?

Ризқ деганда одамлар кўпинча, еб-ичиладиган, кийиладиган ва моддий аҳамиятга эга бўлган нарсаларнигина тушунадилар. Бу эса ризқ тушунчасининг ниҳоятда тор ва хато талқинидир.

Инсон очлиги ва юпунлигини кетказадиган егулик ва либослар, жонини сақлайдиган уй ва ҳовлилар, кишига зийнат ва камолот бағишлайдиган улов-маркаблар ва мазкурларни қўлга киритишга васила бўлган пул ва бойликлар ҳам шубҳасиз ризқ.

Аммо, ризқ фақат шуларнинг ўзидан иборат эмас.
Ризқ бу - луғатда "марзуқ"қа (ризқланувчига) яъни инсонга ато этилган фойдали нарсанинг номи бўлиб, у фойдаланадиган барча нарсани ўз ичига олади.

Машҳур адиб, луғатшунос, фақиҳ ва муаррих олим Ибн Манзур айтади: الرزق : هو ما تقوم به حياة كل كائن حي ماديا كان أو معنوي" яъни "ризқ бу - ҳар бир тирик жоннинг ҳаётига тиргак бўладиган нарсадир, хоҳ моддий бўлсин, хоҳ маънавий".

Инсон ҳаётда фақат моддий нарсалардан манфаатланмайди, балки иймон, тақво, Аллоҳ муҳаббати, Аллох қўрқуви, билганига амал қилишга муваффақ қилиниш, ақл-заковат, илм, обрў, маданият, ахлоқ, солиҳа завжа, солиҳ фарзандлар, солиҳ ва содиқ дўстлар, вафодор шогирдлар билан ҳам манфаатланади ва бинобарин улар ҳам ҳеч шубҳасиз мўминга ато этилган буюк ризқдир.

Холис ниятда, Аллоҳ ризоси учун амалга оширганингиз ҳар қандай эзгу амал учун Аллоҳ томонидан ато этиладиган савоб-мукофот ҳам ризқдир.

Бу фоний дунёда баданга фойда етказадиган ризқ бу еб-ичиш, либос ва тан соғлигидир. Аммо қалбларимизга нафи тегадиган ризқлар ҳам борки, уларга бепарвомиз. Аллоҳ таоло уларни қўл етар жойларга қўйиб қўйган бўлса-да фойдаланмаймиз, олмаймиз. Олсак ҳам унумли фойдаланмаймиз, қадрига етмаймиз.

Қалб ризқи бу иймон, илм ва бошқа кўплаб маънавий ризқлардир. Ризқнинг бу тури моддий ризқдан чандон-чандон ортиқ ва устундир. Зеро, моддий ризқ мўминга ҳам, кофирга ҳам бирдек берилаверади. Аммо, қалб ризқининг энг олий намунаси бўлмиш иймон неъмати фақат мўминларга ато этилади.

Мўминлар ҳам қалб ризқлари борасида баробар эмаслар. Кимгадир илму ирфон, зеҳну заковат, фаросату ахлоқ ва тақво кўпроқ ато этилади.

Шундай кишиларнинг гарчи, моддий ҳолатлари ҳавас қиларли даражада бўлмаса ҳам аммо, уларга ато этилган ризқ бу нарсалардан камроқ берилган давлатманд, бой одамларга берилган ризқдан устундир.

Ризқнинг бу турини танасида ҳис қилган, унинг мазасини тотиб кўрган ва ундан фойдаланадиган инсонлар бу устунликни ҳар қадамда сезиб яшайдилар. Тўғри, улар кўпинча истаганларидек яшай олмаслар, фарзандларига ҳам кийим-кечакларни бекаму кўст олиб бериб, озиқ-овқатни уйларида бадастир қилиб қўя олмаслар.

Аммо, шу ҳолатда ҳам уларнинг бировга тиш ёриб шикоят қилмасдан шукр ва зикрда, тоату ибодатда бардавом бўлишларини эгниларидаги иффат либосидан билиб оласиз.

Шундай экан, азиз биродарим, нега менинг ризқим тор, нега қўлим калта, дея асло ўкинма. Ахир, Аллоҳ таоло ўз марҳамати ва фазлу карами билан моддиятдан афзал бўлган анвойи ризқларни сенга савқ этмадими?.. Иймон, илм, ахлоқ, солиҳа жуфт ҳамда солиҳ фарзандлар бериб қўймадими?.. Солиҳ дўстлар билан сени зийнатлаб қўймадими?.. Одамлар қалбида сенга бўлган муҳаббат, эҳтиром ва ихлос туйғуларини ўстириб қўймадими?.. Билки, маҳбубият ҳам, мақбулият ҳам ризқдир.

Ёхуд танингни соғ қилиб қўймадими?.. Атрофингга қара, қанча одам беморликдан нолийди. Қанча одам кечалари оғриқ азобидан тўлғаниб чиқади.

Бас, шундай экан, ғам-андуҳ ва ташвишларингни елкангдан улоқтир. Ўзингдаги бебаҳо ризқлар билан хушҳол бўл. Нигоҳингни бир зум ўзингдан пастроқдагиларга ҳам қарат.

@ziyo_ashraf
Тонг вақти болалар паркида ўйнаётган кичкина қизча скамейкаларнинг бирида бир ўзи хомуш ўтирган одамга кулимсираб қаради. Ғамгин киши ўзига бегона бўлган бу қизчанинг ҳеч қандай сабабсиз аммо, ниҳоятда самимий бўлган табассуми туфайли кайфияти кўтарилиб, ўзини яхшироқ ҳис қила бошлади.

Эрталабдан қалбига инган ушбу илиқ ҳислар оғушида экан, бирдан дўстига бир масалада кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдириб қўйишни унутгани ёдига тушди ва дарҳол ёнидан қоғоз-қалам чиқариб, унга ташаккур мактуби битди. Унинг бу яхшилигини ҳеч қачон унутмаслигини айтди.

Нариги одам мактубни ресторанда тушлик қилаётган вақтда олди. Ташаккурномани ўқиб, қаттиқ таъсирланди. Кайфияти шу қадар кўтарилиб, кетдики, хизмат қилган официантга олийжаноблик билан бир даста "чойпули" бериб юборди.

Официант ҳаётида биринчи марта бу қадар катта миқдорда "чойпули" олиши эди. Пулларни оларкан, қанчалик ҳайратда бўлса, шунчалик мамнунлик ҳам ҳис қиларди.

Официант кечаси уйга қайтишда тушган пулнинг бир қисмини кўчанинг бошида ўтирган фақир кишига берди. Фақир киши пулларни кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Икки кундан бери, томоғидан бир луқма ўтмаганди, чунки. Қорни оч эди. Мана энди мазза қилиб, қорнини тўйдирадиган бўлди.

У кабобхонага кириб, шоҳона таомланди ва турар-жой биноларидан бирининг ертўла қаватида жойлашган бир хонали уйига қайтар экан, кайфи чоғлигидан ҳуштак чалар, ҳар-турли қўшиқларни ҳиргойи қилиб келарди.

Шу зайлда димоғи чоғ бўлиб, уйга яқинлашар экан, хонадон кираверишида совуқдан титраётган бир кучукчага кўзи тушди. Уни қўлига олиб, бағрига босди.

Кучукча совуқ тунда иссиқ қучоқ топгани учун енгил тортган, ортиқ совуқдан қалтирамаётганди. У ҳалиги кишининг иссиқ уйида анча вақтгача югуриб, ирғишлаб, ўйнади.

Ярим кечаси ҳамма уйқуда экан баногоҳ бинони тутун қоплай бошлади. Тутун исини олган кучук бор кучи билан тинмай вовуллаб уй эгасини уйғотишга муваффақ бўлди.

Фақир киши уйғониши билан нима бўлаётганини англаб етди. Ёнғин яқинда бошланган эди. Дарҳол бино аҳлини уйқудан уйғотди. Оталар ва оналар болаларини шартта кўтариб, югурганча ташқарига отилдилар ва ҳеч қандай зиён-заҳматсиз ўт балосидан омон қолдилар.

Буларнинг ҳаммаси молиявий жиҳатдан ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган, оддий бир табассум соясида рўй берди. Ҳаммаси биргина кулимсираб боқишнинг натижаси эди.

"Яхши кўрганларингизга гул беринг, гулингиз бўлмаса кулиб беринг"

Жалолиддин Румий

Hakan Mengüç [Her Şey Vaktini Bekler]

@ziyo_ashraf
#siyratdan_suratlar

Пайғамбарлик нишоналари

Набий алайҳиссалом Маккада яшаган даврда У зоти бобаракотнинг қалблари қавмлари ғарқ бўлган ширк, бутпарастлик, қимор ва хамр ичиш каби иллатларга асло кўнмасди. У киши бирор марта ҳам бутларга сажда қилмаганлар, хамр ичмаганлар, қимор ўйнамаганлар. Аллоҳ таоло Ул зотни катта гуноҳлардан сақлагани каби, бахиллик, зиқналик, ваъдабозлик, чақимчилик каби олийжанобликнинг зидди бўлган тубан хислатлардан ҳам муҳофаза қилган эди.

У зот қавмдошлари қилаётган айрим фисқу фужур ишлардан ўзларини четга олиш ва ушбу олам ва унинг холиқи ҳақида фикр юритиш, Аллоҳни зикр қилиб, қалб хотиржамлигини топиш учун Ҳиро ғорига кириб, маълум кунларни у ерда узлатда ўтказардилар. Ушбу узлат У зотнинг руҳан покланиб, Парвардигорга қалбан боғланишларига сабабчи бўлди ва келажакда энг буюк вазифа бўлмиш Аллоҳнинг рисоласини инсониятга етказиш вазифасини қўлга олишларига замин ҳозирлади.

Набий алайҳиссаломнинг муборак умрлари қирққа яқинлашар экан, Аллоҳ таоло секин-секин У зотга каромат ўлароқ айрим хориқул одат ишларни, ғайри табиий ҳолатларни кўрсата бошлади. Бу ишлар у зотни аста-секинлик билан ваҳийни қабул қилишга ҳозирлаш эди. Чунки, агар бирданига ваҳий келса, Ул зот буни кўтаролмас эдилар. Бу ҳолатлар шаръий истилоҳда ирҳос деб аталади.

Набий алайҳиссалом қазои ҳожат учун уйларидан узоқ-узоқларга кетардилар. Шундай узоқ кетардиларки, ҳатто, биронта уй кўринмай қоларди. Чунки, у пайтларда шароитлар ҳозирги даврдагидек эмасди, алоҳида ҳожатхоналар бўлмаган.

Хуллас, Набий алайҳиссалом ҳожатлари учун уйларидан узоқлашиб кетган пайтларида бирор тош ёки дарахт олдидан ўтсалар албатта улардан: “ассалааму алайка я Росулаллоҳ” деган товушлар эшитиларди. У киши ҳайрон бўлиб, ўнгу сўлларига ва ортларига ўирилиб қарардилар, лекин ҳеч кимни кўрмасдилар.

У зот Пайғамбар бўлганларидан сўнг айтган бир ҳадисларида шундай деган эдилар: “Мен бир тошни биламан, пайғамбар қилиб юборилишимдан олдин менга салом берарди. Ўша тошни (қайси эканлигини ва қаерда эканлигини) ҳали ҳам биламан” (Муслим ривояти).

@ziyo_ashraf
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига меҳрибон ва мушфиқ эдилар. Айниқса, аёл-қизлар, гўдаклар ва қариялар каби хилқати заиф инсонларга янада шафқатлироқ эдилар. Сафарлардан бирида туяларни хиргойи билан ҳайдаб борадиган Анжаша исмли занжи йигитга "эй Анжаша, секинроқ ҳайда, шиша идишларга юмшоқ муомалада бўл", дея танбеҳ бердилар.

Туякашлар одатда ўзларининг кучли ва ширали овозлари билан хиргойи қилиб, туяларни сайрни давом эттиришга ундар эдилар. Уларнинг ҳайдови ва ҳиргойисидан таъсирланган туялар қадамларини илдамлатардилар. Бироқ, аёллар ўтирган туялар бирдан тез юриб кетса, бундан уларнинг устидаги аёллар зарарланиб қолишидан қўрқиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур туякаш болага туяларни секинроқ ҳайдашга ундадилар, токи, уларни минган аёллар машаққат чекмасинлар, дея.

Шунингдек, пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "шиша идишларга (биллурларга) эҳтиёт бўл!" дея ташбеҳ ва мажоз қўлладилар. Яъни, ҳой Анжаша, туяларни шундай ҳайдагинки, гўё уларнинг устида биллур идишлар бор деб ҳисобла. Биллур идишларни ташиганлар улар синиб кетмаслиги учун ғоят эҳтиёткор бўладилар. Аёлларни ҳам шундай асрагин, чунки, улар ҳам зарарланиб қолишлари мумкин, деган маъно бор бунда.

Ҳадисдан олинадиган яна бир сабоқ шуки, аёл-қизлар хилқатда заиф бўлганлари каби қалблари ҳам нозикдир, эҳтиёт қилинмаса, гўзал муомала қилинмаса, қалбларига озор етади ва бу озор уларга қаттиқ таъсир кўрсатади. Сўнгра, эса чил-чил бўлиб синган биллур каби қайта тикланиши амримаҳол бўлиб қолади, Аллоҳ асрасин.

Шундай экан, қизларингизга, аёлларингизга худди шундай муомала қилинг, уларнинг қалб шишаларини синдириб қўйманг, дейилмоқчидек, гўё.

Инсон шиша идишни синдириб қўймаслик учун эҳтиёткор бўлади, аммо қизининг ёки аёлининг қалбини синдираётганига заррача парво қилмайди. Уйдаги ўзини тутиши худди ишхонадаги бошлиқнинг ходимлар билан муомаласига ўхшайди. Ҳаммадан субординация талаб қилади, ўзининг хатти-ҳаракати билан. Қизи ёки аёли салгина хато қилса қаттиқ уруш қилади. Билмасдан гап қайтариб юборса қаттиқ босим ўтказиб, кечирим сўраттириб, турли-хил маънавий қийноқлар қўллайди.

Бу жуда катта хато. Ундай инсоннинг ўз фарзанди билан ҳам ораси мағрибу машриқчалик узоқ бўлади ва буни ўзи сезмайди. Қизи ёки ўғли қалбидаги орзусини унга айтолмайди, ўзи ҳам уларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмайди. Чунки, у итоат деган нарсани нотўғри тушунади. Агар қизи у айтган инсонга турмушга чиқишни истамаса ёки отасининг истагига хилоф равишда институтда ўқимоқчи бўлса, оқ қилади, уйдан ҳайдайди, мени ота дема(!), дейди. Ва шунга ўхшаган сўзлар билан унинг қалбини вайрон қилади. Хатосини кечирмайди. Қиз болага шу қадар қаттиқ босим ўтказадики, у бир пачка юрак дори ёки уйқу дори ичиб ўз жонига қасд қилишгача олиб боради. Кейин эса йиғлаб ўтиради. Аллоҳ таоло бу ҳолатга тушишдан асрасин ҳар биримизни.

Шунинг учун ҳам қиз бола билан ўғил болага қилинадиган муомала тамоман бошқача бўлиши лозим. Ота ҳеч қачон, энг катта хато қилганда ҳам қизига қаттиқ босим ўтказмаслиги керак. Чунки, қизларнинг кўнгли нозик, ҳиссиётлари кучли бўлади. Битта қаттиқ босим уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши, мувозанатдан чиқариши ва ҳатто ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин. Аллоҳ асрасин. Ёки уларни бир умрга хаста қилиб қўйиши мумкин.

Ҳеч ким ўзга бир шахсни - гарчи у ўз фарзанди бўлса ҳам - ўз хоҳиши бўйича яшатишга ҳаққи йўқ, модомики, ҳаром ва жиноят бўлган ишни қилмаётган экан. Қайсидир ҳунарни ўрганишни қаттиқ хоҳлаяптими шунга ёрдамлашиб юбориш керак, халал бериш ўрнига. Қайсидир ўқишда ўқимоқчими, тўсқинчилик қилмаслик лозим, "сен қиз боласан, яқинда эрга тегасан, ўқишга бало борми?!" демасдан.

Оила қуриш бу бошқа нарса, лекин, ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўзи учун мақсадлари, орзулари бўлади, шахсий ҳудуди бўлади. Ниманидир ўрганмоқчи, катта бўлганда кимдир бўлмоқчи бўлади. Булар бир-бирларига халақит қилмайдиган нарсалар аслида. Яъни, университетда ўқиса ҳам айнан ўша университет туфайли ўзига муносиб жуфт чиқиши мумкин ва бу воқеликда кўп кузатиладиган ҳолат. Университетда ўқиса оиласиз қолиб кетади деган нарса йўқ.
Аксинча, ўқимишли қизларга ўқимишли жойлардан, бадавлат ва маънили хонадонлардан совчилар келади. Ва улар ҳам ўқиш машаққатини билганлари учун қаттиқ босим ўтказмайдилар уй ишларини қил деб. Аксинча, ўқишига ёрдамлашиб юборадилар.

Бунинг аксича, баъзи ҳолатларни кўряпмизки, қиз фарзандларига на (қиз болаларга оид) ҳунар, на пазандалик, на академик таълим беришган, пировардида худди қийматсиз, арзон мато каби биринчи чиққан жойга суриштирмай узатиб юборадилар. Отаона ўз қизининг қадрини билмагач, келин бўлиб тушган жойи қадр бермаслиги табиий ҳол. Келинларнинг шунчаки энага ва чўрига айланиши мана шундан келиб чиқади.

Ҳолбуки, исломда ҳам кафоат (тенглик, бирбирига муносиблик) деган тушунча бор. Ҳусни жамоли бор, ўқимишли ва зиёли оиланинг қизлари ундай бўлмаган оилага узатилмаган одатда. Чунки, ўртадаги тафовут катта бўлса, кафоат бўлмаса уларнинг ўзаро бахтли ҳаёт кечиришлари қийин. Эр бошқа сайёрада, хотин умуман бошқа сайёрада бўлиб қолади. Маҳри мисл деган тушунча ҳам шундан келиб чиққан. Ҳаммага бир хил маҳр берилмаган урфда, қизнинг ўқимишлилиги, одоби, хулқи, гўзаллиги ва оиласига қаралган ва шундай қизларга одатда қандай маҳр берилса, шундай маҳр берилган.

Оддий ҳаётда, бир-бирига ғирт бегона бўлган инсонлар орасида билимлилари, ҳунарлилари ўз билим ва малакаларига қараб қадр топиб, оладиган маошлари ҳам шунга яраша бўлгач, бир қизга умр йўлдош сифатида талабгор бўлинганда унинг билими, ҳусни ва оилавий ҳолатининг умуман аҳамияти бўлмаслиги мумкинми?!..

Бироз мавзудан четлашган бўлдик, яна ўз сўзимизга қайтсак.

Аслида нафақат оталар балки, оналар ҳам қизболага қаттиққўл бўлмасликлари лозим, аммо отанинг қаттиқ урушиши қизнинг бутун оламини вайрон қилиб юборади ва ҳаётдаги умидларини пучга чиқариб, руҳан боши берк кўчага киргазиб қўяди.

Бунга ҳаётдан мисоллар жуда кўп. Қиз бола ҳам хато қилади худди ўғил фарзанд каби. Шу ҳолатда ота-она учун қизини ҳайдаб солиш, урушиш ва сазойи қилиш эмас бағрига босиш, кечириш ва қоқилган жойидан оёққа турғазиш муҳимроқ бўлади.

Рамазон Бутий (раҳимаҳуллоҳ) оилада ўғил фарзанд зино қилиб қўйса кечириб, қиз фарзанд шу гуноҳга тушиб қолганда уни асло кечирмай ўзини ўлдиришгача олиб борадиган ота-оналар ҳақида афсус ва куйиниш билан ёзган эдилар. Бунга ўзлари яшаган жамиятдан мисоллар ҳам келтирганлар. Бир оилада шу ҳолат содир бўлган ва отаона ва барча оила аъзолари, акаукалари қизга шу қадар нафрат билан кучли босимлар ўтказиб азоб берадиларки, охир қиз ўзини-ўзи ўлдиради. Ҳолбуки, қиз қилган ишига надомат қилган ва астойдил тавба қилган бўлади, аммо оиласи кечирмайди. Бу эса гуноҳ қилиб бўлингандан кейин асло фойда бермайдиган нарсадир. Бу бир мусулмонга қарши шайтонга ёрдамлашиш бўлади. Бундан оила ҳеч нарса ютмайди. Агар ҳикмат билан иш қилиб, насиҳат қилиб, ўз фарзандидан юз ўгирмай меҳр беришда давом этганда эди шоядки, у қиз хатосига қайтмай тўғри йўлини топиши мумкин эди.

Бу сўзлар билан асло-асло зино каби гуноҳни енгил санаш мақсад қилинмаган, балки, тавба қилган инсонни кечириш, қоқилган инсонни жарликка юзтубан қулатиб юборишдан қайтариш ирода қилинмоқда.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида инсонларни бўлажак зурриётлари учун она танлашга буюрганлар. Чунки, онанинг қандайлиги фарзандларнинг келажаги, хулқ-атвори ва бошқа ҳаётий ҳолатларига бевосита таъсир кўрсатади.

Илмнинг аҳамиятини билмайдиган аёл фарзандларига илм йўлида ёрдамлашиш тугул, билиб ёки билмасдан уларнинг йўлига тўғаноқ бўлади. "Ўқиб нима қиберарди, манга, шаҳар оберармиди?!" деганга ўхшаш сийқаси чиққан аҳмоқона гапларни ўзига шиор қилиб олади. Нодонлиги сабабли болаларига маънавий зарар етказади.

Ота зиёли бўлса ҳам она унинг акси бўлса, илм машаққати ва аҳамиятини ҳис қилмаса, отанинг ҳаракатлари охир-оқибатда йўққа чиқади.

Айни чоғда, илм-маърифат муҳимлигини ҳис қилувчи она эри вафот этган ёхуд ажрашган ёлғиз она бўлган тақдирда ҳам бир амаллаб, тиришиб болаларини ўқитади ва бу йўлда кўп нарсани, ўз вақти, меҳнати, уйқуси ва молини фидо қилади. Ва пировардида кўзланган натижага эришади. Чунки, у яхши билади, илм ҳосил қилиш осонмаслигини, талаба бўлиш ва университетда ўқиш нақадар машаққатли иш эканини ва шунга кўра ҳаракат қилади. Фарзандларига илм олишларида кўмакчи бўлади, сабр қилади, ёрдамлашади. Ахир, болани ўқимишли қилиш, олим қилиш асло осон эмас. Бу ҳар қандай жисмоний меҳнатдан қийинроқ бўлган иш. Аммо, улуғ иш, Аллоҳ ҳузурида ажри буюк бўлган иш.

Давлатлар ва жамиятлар мана шундай оналар туфайли юксалади, инсоният шундай оналар соясида илм нуридан баҳраманд бўлади. Жаннат оналар оёқлари остида деганда, айнан шундай солиҳа, маърифатли ва солиҳ ва олим зурриётлар етиштирувчи оналар ирода қилинган бўлса не ажаб.

Фарзандларни зиёли ва илмли қилишда отадан кўра онанинг роли муҳимлиги ҳақида айтдик. Чунки, она илм зиёсидан узоқ бўлса, унинг нечоғли муҳимлигини ҳис қилмаса болаларини илмдан узоқлаштиради, гарчи ота уларнинг илм олишларини қаттиқ хоҳласа ҳам.

Бордию акси бўлса, яъни ота болаларининг ўқишига эътиборсиз бўлиб, она уларнинг олим бўлишларини истаса у ҳеч кимга қармасдан, ҳеч қандай тўсиқ ва қийинчиликларга парво қилмасдан барча боласини ўқитади. Бу бир мўъжиза аслида.

Ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп. Ҳар қандай олим, зиёли ва муваффақиятли инсонни кўрсангиз билингки, унинг бу ютуқ ва муваффақиятлари ортида меҳрибон ва фидокор она турибди. Агар она худбин бўлса, ўз нафсидан болалари учун нималарнидир қурбон қилиш унинг одатларига кирмаса унинг фарзандлари ҳаётда катта муваффақиятга эришишлари жуда қийин бўлади.

Имом Бухорийнинг имом Бухорий бўлишларига сабабчи у кишининг меҳрибон ва ўктам оналари эди. Оталари вафот этиб кетган, аммо шунда ҳам оналари ҳам ота, ҳам она бўлиб, у зотнинг ўқишларига жиддий аҳамият бердилар. Ёшликларида кўзлари кўрмай қолганда бир неча ойлар давомида кечалари таҳажудга утриб, Аллоҳга ёлвориб, шифо сўрадилар. Натижада у кишининг кўзлари қайта очилди. Ўз эридан қолган молу мулкни шу фарзандларининг таълими учун аямасдан сарфладилар. Бухородаги барча илмларни олиб бўлгач, у киши билан Ҳажга бориб, у ерда таълимни давом эттириш учун Муҳаммад ибн Исмоилни Ҳарамайнга ташлаб келдилар. Шундан сўнг, имом Бухорий яна 16 йил давомида илм талабида юриб, забардаст олим бўлиб етишдилар. Агар онанинг бу фидокорлиги бўлмаганда бу даражага ета олармидилар?!..

Тобеинларнинг катта олимларидан, ҳадис ҳофизи ва мужтаҳид фақиҳларидан бўлган Рабийъа ар-Раъйнинг ҳам олим бўлишига айнан онаси сабабчи бўлган. У кишининг отаси Суҳайла исмли аёлга янги уйланган бўлади ва унга ўттиз минг динор ташлаб ўзи Хуросон юртларига сафарга чиқади. Бу вақтда Рабийъа онасининг қорнида эди ва отасининг бундан хабари йўқ эди.

Рабийъанинг отаси Фаррух шу кетгани бўйича йигирма етти йил йўқ бўлиб кетади. Фаррух йигирма етти йилдан сўнг Мадинага келиб, масжиди набавийга кирса у ерда катта бир давра йиғилган ва уларга Рабийъ арРаъй дарс бермоқда. Фаррух эса бу олим йигитнинг ўз ўғли эканидан бехабар. Кейин, Мадинани айланиб, кечга томон ўз уйига борди. Уйга кирса бегона эркак бор, шартта қиличини суғуриб унга ҳужум қилмоқчи бўлди, бироқ унинг аёли Суҳайла чиқиб қолиб, ўртага тушиб, бу сенинг ўғлинг, дея зўрға тўхтатиб қолди. Фаррух хотинидан қолдирган пулларни сўради.
Шунда у мазкур пулларни нг барчасини ўғлини олим қилиш учун сарфлаганини айтади.

Муслима оналаримиз қадимда шундай бўлганлар, ўз фарзандларини илмли қилиб етиштириш учун ўзларидан кўп нарсаларни фидо қилганлар. Керак бўлса, ўз молу мулкларини, тилла тақинчоқларини, вақтларини сарфлаб фарзандларини гўзал равишда етиштирганлар. Уммат шунинг учун олий бўлган.
Файзуддин Мўмин ўзининг фейсбук саҳифасида ёзмоқда:

11 ёшли қизим китоб жинниси, индамасак кунига 15 соатлаб ўқийверади. Кеча ўртоғиникидан китоблар олиб келибди. 535 бетлик фантасика жанридаги китобни бир кунда ўқиб тугатди, бугун иккинчи қисмини бошлади.

Ҳаддан зиёд ўқийвергани учун Киндл электрон ўқигичини 6 ойга олиб қўйгандим. Икки ҳафта олдин бергандим яна ётволиб ўқияпти. Кечаси уйғониб кетиб қарасам қоронғуда Киндлда ўқиётган экан. Шу даражада қаттиқ яхши кўришига ҳайрон қоламан. Ҳари Потернинг 7та сериясини ҳам беш мартадан ўқиганман дейди.

----------------------------------------------

Жуда ҳам ҳавас қилишга арзигулик ҳолат. Бу ҳам қайсидир маънода бахт. Чунки, болаларни китоб ва мутолаага муҳаббатли қилиб ўстириш осон эмас ва ҳамма ҳам бу ишнинг нечоғли муҳимлигини англайвермайди.

Умид қиламизки, шундай инсонлардан келажакда албатта жамиятга ва инсониятга фойдаси тегадиган зиёли ва олима қизлар етишиб чиқажак, иншоаллоҳ.

@ziyo_ashraf
Қачонки, парда кўтарилса...

Иймон бу вақт масаласидир. Аллоҳ таоло "бас, ким хоҳласа иймон келтирсин, ким хоҳласа кофир бўлсин" (Каҳф сураси: 29-оят) дер экан, инсон учун фақат икки йўл борлигига ишора қилган: иймон ёки куфр йўли.

Чунки, Аллоҳ таоло инсонларга яхшиликни ёмонликдан, ҳақни ботилдан ажратувчи ақл берган, унга қўшимча равишда ҳидоятга чақирувчи оятлар нозил қилган, пайғамбарлар юборган. Ортиқ, унинг қаршисида икки йўл мавжуд: ё ақлу тафаккури, онгу зеҳнини тўғри ишлатиб, ҳидоятга эргашади ёки уларни ишлатмай ёхуд нотўғри қўлланиб, ҳақдан юз буради. Ва ҳар иккала ҳолатда ҳам ўз танловининг натижаси билан юзлашади.

Иймон келтиришдаги ушбу танлов вақт масаласидир. Яъни, инсон бу дунёни тарк этар экан албатта ва албатта ҳақ нималигини англайди. Аллоҳ таолонинг биру бор зот экани, яккаю ягона ҳақ маъбуд экани, унинг рисолалари ҳақ экани, жаннат ва дўзах ҳам ҳақ эканига яқийнан имон келтиради. Аммо, бу вақтдаги иймон соҳибига манфаат бермайдиган иймон бўлади.

Инсон то бу дунёни тарк этмагунча ғафлат уйқусида бўлиши, вафот этганда оламнинг ҳақиқатини англаб етишига ишора қилиб, ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу) "одамлар уйқудадирлар, қачонки, ўлсалар уйғонурлар" деганлар. Дарҳақиқат, шундай. Бу дунё бозорида, пасту баландликларида, қувонч ва ташвишларида мутақаллиб бўлган инсоният мудроқ ҳолдадир. Ва бу мудроқлик, эътиборсизлик, ғафлат, ҳақиқатдан кўз юмиш то ўлим они келгунча давом этади. Ўлим они келганда инсон уйғонади, эътиборсизлик билан юз ўгиргани ҳақиқатларга уйғонади, кўзлари очилади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: "(эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни очиб юбордик. Энди, бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир" (Қоф сураси: 22-оят), дейди.

Инсон бу дунёнинг тузилиши, ундаги қонуният, одамлар, уларнинг интилишлари, ҳою ҳаваслари, муаммолари, табиатлари тақозосига кўра ҳаракат қилишлари, уруш-юришлар, тараққиёт, дабдабали ҳаёт ва ҳоказолардан иборат парда ила охиратдан, борлиқнинг асл ҳақиқатидан, ўзининг моҳиятидан тўсилгандир. Хўш, бу пардани нима кўтаради?.. Ақл, тафаккур, ҳақиқатни излаш, омон қолиш инстинкти, зиёнкор бўлиб қолишдан қочиш, ҳидоятни топиш, ўз ақлига юқори баҳо бериб, ўзига бино қўймаслик балки ҳаққа бўйсуниш ушбу пардани кўтаради инсон кўзидан.

Агар бундай бўлмасачи, у ҳолда барибир бир кун мазкур парда кўтарилади. Бироқ, унда кеч бўлади.

Жалолиддин Румий “кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил!”, дер экан айнан шу нарсани ирода қилган. Яъни, эй инсон, сенинг кўзинг фақат ҳақиқатлардан тўсиб турган пардани кўряпти, холос. Шундай экан, ҳақиқатларни топишда жисмингдаги кўзларга суянма. Уларни асос қилма, балки, оламга кўнгил кўзинг ила боқ, тафаккур ила назар сол токи, қаршингдаги парда кўтарилсин, демоқчи.

Оламга қалб кўзи, ақлу тафаккур кўзи ила боқиб, ҳақни излаган инсон албатта ҳаққа етишгусидир, ундан парда кўтарилгусидир. Ортиқ, у ўлим онини кутиб яшашининг ҳожати йўқ. Балки, бу дунёда иймони қай даражада бўлса, ўлгандан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармайди.

Шу маънода ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу)нинг яна бир сўзлари ҳам бор. У киши айтадиларки: "Аллоҳга қасамки, агар парда кўтарилса, ишончим зиёда бўлиб қолмайди". Чунки, у кишининг иймону ишончи, яқийни парда очилишидан аввал ҳам, парда очилганидан кейинги ҳолати кабидир.

Шундай экан, эй инсон, қалб кўзингни оч, бу дунё бозоридаги шовқин-сурон, жоҳил оломон, дунёга хос бўлган ташвишлар, шодликлар сени асл ҳақиқатдан чалғитиб, ҳақ томон қадам босишдан тўсиб қўймасин. Зотан, сенинг синовинг ҳам шунда, мазкур чалғитувчи нарсалардан, фитналардан омон қолишда. Шудир сенинг имтиҳонинг.

Имтиҳондан зинҳор йиқилма, на ўлур, жон дўстим!.. Йўлингни йўқотиб қўйма!..

@ziyo_ashraf
2024/11/05 13:48:44
Back to Top
HTML Embed Code: