tgoop.com/Advokat_Abdullayev/1425
Last Update:
Собиқ адлия ходими иши мисолида фош бўлаётган сирлар
Адлия вазирлигининг собиқ ходими Хусан Рашановга оид жиноят иши Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судья Музаффар Ахмедов раислигида қайта кўриб чиқилмоқда.
Кеча, 2024 йилнинг 20 июнь куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд журналист ва блогерларга суд жараёнларини ижтимоий тармоқларда холис ёритилишига рухсат берди.
Суд мажлисида иккита илтимоснома тақдим этилди. Ҳар иккала илтимоснома ҳуқуқий баҳо бериш учун қабул қилинди.
Илтимосномага илова қилиб тақдим этилган адвокат сўровига берилган жавоб хатларига кўра, ўта хавфли рецидивист ҳисобланган *“лахмач” Х.А. қонунга хилоф равишда Хусан Равшанов билан бир камерага жойлаштирилган.
Бу билан, Ўзбекистон Республикаси “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 41-моддаси 4-қисмида “ўта хавфли рецидивистлар, маҳкумлар, бошқа ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлардан алоҳида сақланади.” - деган талаби қўпол тарзда бузилган.
Хусан Равшановдан иқрорлик кўрсатуви олиш ва Адлия вазирининг икки нафар ўринбосарига нисбатан қарши кўрсатув олишга эришиш учун “лахмач усули” дан фойдаланилган.
Ўз навбатида, Хусан Равшановга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашда процессуал қонунчиликка зид усул, яъни гумонни қўшимча модда билан тўлдириш орқали қамоққа олишга эришилган.
Бунда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаменти собиқ бошлиғи, унинг ўринбосари, терговчи ва тезкор вакиллар ҳамда ИИВ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳаракатларига албатта баҳо берилиши шарт.
Айнан шу масалада Бош прокуратурага шикоят юборилди. Кўрамиз, Бош прокуратура бунга қандай ёндашаркин.
*Лахмач - ушлаб турилган ёки қамоққа олинган ёхуд озодликдан маҳрум қилинган маҳкумдан исталган ахборотни ғирром йўл билан олишга эришиш учун атайин ёнинг унга “махсус топшириқ” билан жойлаштирилган бошқа бир маҳбус ёки маҳкум.
#лахмач #адлиячи
👉@Advokat_Abdullayev
BY Advokat Abdullayev | Rasmiy
Share with your friend now:
tgoop.com/Advokat_Abdullayev/1425