tgoop.com/Barno_Otinoyimiz/10075
Last Update:
Гўл...
Анча бўлди...хонамга болаларимнинг мураббияси Юлия Васильевнани маошини бериш учун чақирдим:
- Юлия, ўтир! Ҳисоб-китоб қилайлик. Билиб турибман, пулга эҳтиёжинг бор. Аммо хижолат бўлиб ўз ҳақингни ҳам сўрай олмаяпсан.
Хўўп, сен билан иш бошлашдан олдин бир ойда ўттиз рубль маош олишингни белгилаб олган эдик. Тўғрими?
- Қирқ рубль...
- Йўқ! Ўттиз рубль. Мен дафтаримга ёзиб қўйибман. Мураббияларга доимо ўттиз рубль бераман. Икки ой ишлабсан.
- Икки ой-у беш кун...
- Икки ой ишлагансан. Аниқ. Менда ёзиғлиқ турибди. Демак олтмиш рубль бўлади. Ўнта якшанбани чиқариб ташлаймиз. Якшанбада дарс бермагансан. Фақат болалар билан сайр қилгансан. Уч кун байрам бўлган уни ҳам чиқариб ташлаймиз.
Унинг юзлари қизариб қўли билан куйлаги попукларини беҳуда ғижимлай бошлади. Бир оғиз ҳам гапирмади. Давом этдим..
- Демак уч кун байрамни чиқариб ташлаймиз. Ҳаммаси ўн икки рубль бўлади. Коля тўрт кун бемор бўлди. Фақатгина Варяга дарс бергансан. Уч кун тишинг оғриган. Хотиним тушдан сўнг сенга жавоб берган. Демак ўн иккига еттини қўшсак ўн тўққиз бўлади. Айириб ташласак қирқ бир рубль қолади. Шундайми?
Юлия Васильевнанинг чап кўзи қизариб ёшга тўлди. Ияклари титраб йўталди ва ютинди. Аммо бир оғиз ҳам гапирмади. Мен давом этдим:
- Янги йилдан олдин битта пиёла ва товоқни синдирган экансан. Бунга икки рубль чиқариб ташлаймиз. Пиёла бундан қимматроқ туради. У бизга мерос қолган. Аммо яратган сени кечирсин. Ўрнига бошқасини олақоламиз. Сенинг эътиборсизлигинг туфайли Коля дарахтга чиққан ва пиджакини йиртган. Сенинг айбинг билан Варянинг оёқ кийимини хизматкор ўғирлаган. Сен ҳамма нарсага эътибор беришинг лозим эди. Шундай қилиб яна беш рубль чиқарамиз. Ўнинчи январда мендан ўн рубль олгансан.
Юлия Васильевна пичирлади:
- Олмаганман!
Мен:
- Олгансан. Дафтаримда ёзилган турибди.
-Хўп. Шундай бўла қолсин.
Давом этдим...
- Қирқ бирдан йигирма еттини айирамиз. Ўн тўрт рубль қолади.
Унинг кўзлари ёшга тўлди. Узун ва чиройли бурунлари устида тер кўринди. Бечора қиз! У титроқ овозда деди:
- Бир марта олганман. Бир марта уч рубль олганман. Бошқа олганим йўқ!
Мен:
- Тўғри айтдинг. Мен шуни ёзмаган эканман. Ўн тўртдан учни айирсак ўн бир қолади. Мана пулларинг азизам. Уч...уч... уч ва бир...бир...
Унга ўн бир рубль бердим. У қўллари қалтираб пулни олиб чўнтагига солди ва "раҳмат" деди.
Мен асабийлашиб хонада уёқдан буёққа бориб кела бошладим. Ғазабим чиқди:
- "Раҳмат"?! Нега раҳмат?
- Пул учун.
-Жин урсин! Ахир мен сени таладим-ку! Тортиб олдим-ку ҳақингни, ўғирладим-ку! Сен нега раҳмат деяпсан?!
У деди:
- Бошқа жойларда менга ҳеч нарса беришмаган.
- Ҳеч нарса беришмаган?! Сен индамаганмисан? Мен сен билан ҳазиллашдим. Сенга қаттиқ дарс бердим. Сенга ҳамма пулингни бераман. Мана бу конвертда турибди. Аммо сен шу даражада ҳам ожиз бўласанми?! Нима учун ҳужжатлашмайсан? Нега сукут сақлайсан? Бу дунёда тирноқларинг ўткир бўлмаслиги мумкинми? Шу даражада гўл бўлиш мумкинми?
У ожизона табассум қилиб: "Мумкин", деди.
Ундан қаттиқ сабоғим учун кечирим сўраб саксон рубльни бердим. У хижолат бўлиб "раҳмат" , деб чиқиб кетди. Мен унинг ортидан қараб фикр қилдим:
"Бу дунёда заиф бўлмоқ қанчалар жирканч!".
@Barno_Otinoyimiz🌹
BY Barno Otinoyimiz🌸
Share with your friend now:
tgoop.com/Barno_Otinoyimiz/10075