tgoop.com/Jontemir/1264
Last Update:
ЗАВҚ
Март — булутдан тушган сувпари,
Сузар ёмғир остида шодон.
Хаёлимни кетар ўмариб,
Тойчоқларнинг тушлари томон.
Дош беролмай юрак зарбига,
Иккиланмай, оёқ тирамай,
Кўчаларнинг совуқ қалбига
Ханжар каби ёриб кираман!
Ҳар нигоҳга ташлайман қармоқ,
Ҳар бекатда ёқаман сигор.
Ҳар дарахтга текизиб бармоқ,
Тасаввурда чаламан сегоҳ.
Учолмайди ҳислар намиқиб,
Тутқич бермас сўзлар — қув бари.
Бўса таъмин билмас қариқиз —
Юз-кўзимдан ўпар сувпари.
Тангаларин силайман майин,
Сочларини ҳидласам кулар.
Дудоғимдан ясаб зўр қайиқ,
Кўкси томон юзар туйғулар.
Эҳтиросга босаман қамчи
Ва англайман: кўча, ёмғир, март.
Қаршимдаги ҳаяжон — жангчи,
Шоир эса нимжонгина барг.
Қўрқитолмас барибир ўлим,
Жон ҳовучлаб турмам олчоқдай.
Пишқираман тамшаниб, тўлиб —
Туш кўради мени тойчоқлар!
Жонтемир
@Jontemir
BY Darvesh qo‘shiqlari (Jontemir)

Share with your friend now:
tgoop.com/Jontemir/1264