tgoop.com/Jontemir/1281
Last Update:
ҲАҚИҚАТ
Туғруқхона чинқириғида,
сукутида ўликхонанинг,
ўтаётган тирбанд автобус
ойнасига қапиштириб юз
қараётган бола кўзида
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Таомида емакхоналар,
ҳаяжонли чимилдиқ орти,
ялтироқ шиор ва
табрик ўқиётган қоғозга қараб
совуқ лаблар ҳаракатида
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Расталарга терилган китоб,
эшикларнинг ичию таши,
рўзномалар, мактуб, радио,
метро вагонларин қорни лиқ тўла
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Хаёл каби сузар ҳавода,
ўрмалайди ер остида ҳам.
Ичимизга жирканч вабодай
сизиб кирар бесўроқ, беғам.
Масжидларнинг меҳробин ялар,
тиланчига узатар ёвғон.
Ҳар муюлиш, бекатда талар —
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Тил учидан тишлаб олган сўз
либосини сездирмай ечиб
қулоқларга осар тескари.
Темир қалам битган қонунлар
ярасига сепар экан туз,
ўтмишини бутун бошли халқ
чайнай-чайнай бадбўй оғзида,
келажакка қараб кекирар:
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Ичганимиз шарблар таъми,
ифорида галдиратган соч,
ҳатто ўлгач қабр қошида
йиғлаб-сиқтаб ўқигувчи нутқ
ёлғон, ёлғон, ёлғон!
Мавжудмиди кўрганинг дунё,
хона, ғазаб, диққинафас май?
Ташқарида аста жимирлаб
отаётган балки тонг эмас,
тинчин бузиб сассиз ҳайқириқ,
чўчиб тушган мулойим туннинг
қўрқувдан оқарган юзидир балки?!
Айқаш-уйқаш: бола, бекат, халқ,
солиб митти оғзинга талқон
ҳақиқатми ёзаётганинг?
Шоирмисан устига-устак?!
Ёлғон, ёлғон, ҳаммаси ёлғон!!!
Жонтемир
@Jontemir
BY Darvesh qo‘shiqlari (Jontemir)
Share with your friend now:
tgoop.com/Jontemir/1281