tgoop.com/Jontemir/1284
Last Update:
ОЧИҚ ХАТ
Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовга
Ассалому алайкум, Муроджон ака (азбаройи яқин олганимдан "ака" деб мурожаат қилаётганимдан ранжимайсиз деган умиддаман). Сиз билан шахсан таниш эмасман, шунга қарамай зиммангиздаги маъсулият залвори ва вилоятимиз равнақи йўлида тинмай ҳаракат қилаётганингизни биламан. Қашқадарё — туб-тубигача очилиб улгурмаган қўриқ. Одамлари самимий, дўлвор, меҳнаткаш. Тупроғи баракали. Сиз ўз салоҳиятингиз билан бу ҳудудда катта ишлар қилишингизга ишонаман. Ҳозир Сизга айтмоқчи бўлганим бутунлай ижодий масала. Яхши биласиз, бирор миллатни санъат аҳли — ижодкорларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан улар (адиблар, рассомлар, мусиқачилар...) сабаб маънавий дунёмиз бойиб, туйғуларимиз тарбияланиб, тасаввур, тафаккуримиз ўсади. Дейлик Қашқадарёни улуғ шоиримиз Абдулла Орифсиз тасаввур қилиб бўладими? У кишининг нафақат Қашқадарё, бутун мамлакатимизга ёйган маърифатининг баҳоси йўқ. Шу қаторда катта ёзувчиларимиз Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Темирпўлат Тиллаев, Баҳодир Абдураззоқ, Мурод Човушларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар адабиётимиз хазинасини бир-бирига ўхшамас, янгича ва гўзал асарлари билан бойитиб келмоқдалар. Энди бу карвонга муносиб етишиб чиқаётган ёшлар ҳам борки, ҳали ҳеч замонда бир ҳудуддан бунчалик кўп истеъдод чиққан эмас! Келинг, уларни сизга таништирай.
Самариддир Сайидзод, Бекзод Ўктам, Азизбек Норов, Жавлон Жовлиев, Жалолиддин Сайид, Бобур Элмурод, Баҳодир Баҳром, Байрам Али, Мансур Жумаев, Мадина Норчаева (Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби), Нажмиддин Эрматов, Хуршид Абдурашид, Суҳроб Зиё, Шаҳриёр Шавкат, Хўжаёр, Нуриддин Расулов, Шоҳжахон Шодмон,... Бу ҳали мен яқиндан таниган, ижоди катта давраларда эътироф этилган, ёшлар орасида ўзига хос овози билан ажралиб турадиган истеъдодлар. Қашқадарё фарзандлари! Ниятим юқорида санаганим ёш ижодкорларнинг ўн босма тобоқдан кам бўлмаган ҳажмда алохида-алохида китобларини каттароқ нусхада нашр этиш ва вилотимиз бўйлаб кенг тарғиб қилишда молиявий кўмак берсангиз. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 йилдаги PF-6017сон буйруғининг 15-банди ижросини ҳам таъминлаган бўлар эдингиз https://lex.uz/uz/docs/-4880189. Деярли ҳаммаларининг китоблари тайёр. Тошкентдаги энг яхши, савияси баланд нашриёт "Akademnashr"га топширилган. Ҳомийлик кўрсатсангиз бас, китоблар дунё юзини кўради. Ажаб эмас, ҳомийлигингиз остида бир неча Абдулла Орифлар етишиб чиқса! Бу шарафли ёрдамингиз қўшни вилоятлар раҳбарларига ҳам ўрнак бўларди. Эшитишимга қараганда адабиёт, сўз қудратини яхши англайдиган, маънавияти баланд раҳбарсиз. Шундай экан Тангри ер юзига ҳар доим ҳам ўз пок нафаси жойланган истеъдодларни беравермаслигини, бердими, уларни кўз қорачиғидек асраш кераклигини ва айнан улар миллат виждони вазифасини ўтаб беришларини жуда яхши биласиз. Бир истеъдод ватанни бутун бошли футбол жамоасидан кўра кўпроқ дунёга танита олишини буюк адиб Чингиз Айтматов мисолида кўришимиз мумкин. Қирғизистон деганда биринчи бўлиб Чингиз Айтматов кўз олдимизга келади. Бу бежиз эмас. Шундай буюк адибни қўллаб-қувватлаганлар ҳам буюкликда у кишидан кам бўлишмаган. Негаки улар келажакни кўра билганлар! Бизнинг ёш шоир-ёзувчиларимизнинг ижодий қуввати ҳам ҳавас қиларли даражада. Иймоним комил, уларга вақтида эътибор қаратилса, маиший муаммоларга ўралашиб қолишларининг олди олинса, ҳеч шубҳасиз жаҳонга чиқиб кетишади! Битта мисол, яқинда босмадан чиқиб, шов-шов бўлган, кўплаб давлат мукофотларини олган, халқ меҳрини қозонган "Қўрқма" романи муаллифи Жавлон Жовлиев ҳам Қашқадарёлик! Ҳозир "Қўрқма" деса, бутун Ўзбекистон билади. Ҳатто қўшни давлатлар, хусусан Афғонистон давлат мукофотини ҳам қўлга киритди бу асар. Ёш деяпману ўттизга етиб қолди кўплари. Иш, уй, оила ташвишлари елкасига тушган, ижод билан етарлича шуғуллана олишмаяпти. Ижодкор ўз имкониятидан энг юқори даражада фойдалана олиши учун истаймизми-йўқми, моддий томондан муаммоси бўлмаслиги керак. Дунёдаги исталган буюк ижодкор ҳаётини ўрганиб чиққан одам, улар ортида Сиз каби оқил, санъатсевар ҳомий турганини кўради.
BY Darvesh qo‘shiqlari (Jontemir)
Share with your friend now:
tgoop.com/Jontemir/1284