tgoop.com/Jontemir/1295
Last Update:
ТИЛАНЧИ
Қашқадарё ҳокимига вилоят ёш ижодкорлари китобларига ҳомийлик қилишини сўраб (албатта ўз ҳамёнидан эмас, мамлакат иқтисодиётининг катта қисмини ушлаб турган газ-нефт корхоналари бор, уларга санъатга ҳомийлик кўрсатиш мажбурияти қонунан юклатилган бўлади) очиқ хат ёзганимдан кейин мени "замонавий тиланчи"га чиқариб қўйган эсли ижодкорлар ва писмиқларча кузатиб турган пўкак ялоқларни ҳам кўрдим. Кўрябман! Қўлингиздан бир иш келмаслиги етмагандек, бурчак-бурчакда минғирлашингиз нимаси? Бундан 100 йил бурун Туркистон болаларини четда ўқитиш учун бойлардан пул йиғган Чўлпон ё 40 йил аввал катта давраларда Чўлпон китобини сотиб олишга одамларни ундаган Рауф Парфи ҳам тиланчимиди?! Сизнинг табирингиз билан айтганда" эски тиланчи", шундайми?! Биз эса янги, модерн тиланчимиз! Икки қулоқ, иккиюзи олти суяк ва саноқсиз ҳужайраларингиз билан эшитиб қўйинг, адабиёт учун тиланчилик қилишга ҳам тайёрман! Уқдингизми? Керак бўлса, кўчада ўтираман садақа сўраб. Буни анча йил аввал дўсту укаларга айтганман ҳам. Ва ишонинг, ҳеч уялмай қила оламан бу ишни! Масжидлар дарвозаси биқинида турадиган "хайрия қутиси"дек қўлимга" "ўлим ёқасидаги ўзбек адабиётига хайр қилинг" деб ёзилган қоғоз ушлаб эшикма-эшик кезаман. Жамиятнинг аҳволини рўйи-рост кўрасиз ўшанда!
Кейин ҳокимга ёзилган жиддий хат тиланчилик эмас, талабдир. Эслатмадир. Сал савияси бор кимса буни пайқайди. Агар эътиборсиз қолдирилса мурожаат, демак биринчи навбатда вилоят ёшлари, истеъдодлари, эртага бошқарувни қўлга оладиган КУЧ қолаверса бутун мамлакат олдида ишончини йўқотади ҳокимият. Синов бу. Мен ҳокимиятдан алоқага чиққанларга ҳам бу истеъдодлар китоблари уларсиз ҳам "кўчада" қолмаслигини, фақат вилоят ўзиникига ўзи эгалик қилса, ҳокимнинг ҳам, ҳокимиятнинг ҳам юзи ёруғ, халқи олдида виждони тозароқ бўлиши ва ёшлар билан ўрталарида кўприк ҳосил бўлишини айтдим. Йўқса, шахсан менинг олдимда қадрини йўқотади ҳокимлик. Чунки шу маҳалгача бирор марта ишим тушмаган, ё бирор марта бирор муаммо бўйича алоқага чиққан, ёрдам сўраган эмасман. Бу сафар ҳам ўзимга эмас, камида 10 нафар вилоят ёш ижодкорининг китобларини чоп этишда кўмак беришларини сўрадим. Агар шу таъна қилишаётганларидек "замонавий тиланчилик" бўлса, майли, шундай бўлақолсин. Ҳокимият барибир эътибор қаратмайди, деб истеҳзоли тиржайиб турганлар ҳафсаласини пир қилишни шу қадар истардимки... Гарчи бундан мен манфаат кўрмасам ҳам. Обрў ҳам, раҳмат ҳам, ишонч ҳам ҳомийга насиб этади. Ва бу анъана унинг номи билан қолади-давом этади. Вилоят ҳокимлиги, сизга мурожаат қиларкан мен адабий тиланчи деган ном олдим ва бундан уялмайман. Аммо сизни шарманда бўлишингизни истамасдим. Ишонинг, агар тайинли натижа чиқмаса, байрамда беш-ўнта ижодкорга йўллаган табрикномаларингиз ҳам сизни нафақат истеъдодли ёшлар, катта зиёлилар — келажак олдидаги шармадаликдан қутқариб қололмайди!
@Jontemir
BY Darvesh qo‘shiqlari (Jontemir)
Share with your friend now:
tgoop.com/Jontemir/1295