tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1074
Last Update:
ЎЛИМНИ ЧАҚИРМАНГ
Шеърда ўз ўлими манзарасини чизиб, ўлимдан сўзловчи шоир дўстларимизга бағишлов
Ўлимни чақирманг, шоир дўстларим,
Фаришта “Омин” дер ҳар бир ниятга.
Ўпинг Навоийнинг оёқ изларин,
Шоирлар номзоддир абадиятга.
Некбинлик, матонат – шоирга шиор,
Сўздан ҳаёт топсин ўлик халойиқ.
Ўлимга пешрав не аъмолимиз бор?
Не буюк иш қилдик ўлмоққа лойиқ?!
Шеърият – адолат, ҳақиқат жанги,
Нурдан совут кийиб киринг бу жангга.
Кимки ҳаёт берса қалбларга мангу,
Ўлим ярашади фақат ўшанга!
Ўлим – мўъмин учун туҳфа ва тортиқ,
Ўлимдан бошланар Ҳақнинг висоли.
Биз ўлсақ, бир фазл бўларми ортиқ,
Дунё донолардан қоларми холи?
Биз ўлсак, қуёш, ой тутилармиди?
Мотам тутармиди мазлум коинот?
Жаҳон разолатдан қутулармиди,
Олам топармиди зулмдан нажот!
Ҳақ сўз – дор остида марднинг қасдидир,
Марднинг марг чоҳида янграр хандаси.
Бизнинг ҳар лаҳзамиз – дорнинг остидир,
Бизнинг ҳар онимиз – жаллод кундаси.
Ўлимни фикрланг, қўрқмай ажалдан,
Лекин “ўламан” деб ҳайқираверманг.
Ўлим ҳар кимни ҳам топар азалдан,
Бас, тезлаб ўлимни чақираверманг.
Иссиқ нафас қилсин фарзанди Одам,
Шундай улуғ қилинг мақсад, ниятни,
Ўлим чангалида турганда олам,
Ҳаётга қайтаринг башариятни!
Гарчи қўлингизда эмас, лек руҳан
Ўлимга ҳеч таслим бўлманг, дўстларим!
Яшанг шундай буюк шижоат билан,
Ўлгандан кейин ҳам ўлманг, дўстларим!
Ўлимни чорламанг, тутинг қўлимни,
Нур тўлсин номаи аъмолингизга.
Дўстлар, ўз ҳолига қўйинг ўлимни,
У ҳам сизни қўйсин ўз ҳолингизга!..
Мирзо Кенжабек
2020, 2-5 апрель.
(Ҳижрий 1441 йл, 8–11 шаъбон.
Пайшанба–якшанба.)
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
BY Rustam MIRVOHID ijodi
Share with your friend now:
tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1074