tgoop.com/eng_suluv_armon/346
Last Update:
***
Қафасини бузмоқчи юрак,
Тақиқларни енгмоқ истайман.
Мен ўзимдан қаҳрамон ясаб,
Жасоратлар кутиб яшайман.
Қиличимни қайраб жангларда
Тобланмоқчи бўларман баъзан.
Баҳодирман, лекин буйруқни
Бажаришга ихтисослашган.
Халқим, кечир, виждоним менинг
Топшириққа қараб мослашди.
Мен қўрқоқман, мард бўлганларни
Осишди, ё отиб ташлашди.
Қалбим билан элим деб ёнсам,
Ўтга ўтин ташловчилар кўп.
Сен зўрсан деб тасалли бериб,
Хато қилсам кулишарлар хўп.
Майли, эрким ўзимда бўлса
Қулочимни кенг ёзиб, шамол
Қучоғига ташласам ўзни,
Хурсандлигим келмаса малол.
Адирларда от чоптирсам мен,
Ўз қўлимда бўлсайди эрким.
Шунда балки келажак учун
Ҳикмат айтар эдим-да эркин.
Мен жасорат кўрсатмоққа шай,
Ич-ичимни дардлар ўртайди.
Ҳаммасини рўй-рост айтишга
Қани, эрким қўлда бўлсайди.
Хато мантиқ қидирманг бундан,
Баҳо берманг шеър дея, етар.
Куз келибди, кўкрагим ёриб,
Видо айтиб турналар учар.
✍ Баҳодир БАҲРОМ
🕰13.09.2024
https://www.tgoop.com/eng_suluv_armon
BY Bahodir Bahrom (Баҳодир Баҳром)
Share with your friend now:
tgoop.com/eng_suluv_armon/346