tgoop.com/muhrim/1730
Last Update:
Шуҳрат Латипов ёзяпти:
YouTube’даги 231 минг обуначиси бор UzMigrant каналининг асосчиси Баҳром Исмоилов, Facebook’да ёзганларидан келиб чиқиб хулоса қилинса, Россия сиёсатини қўллаб-қувватлайди, мунтазам равишда Путиннинг иқтибосларини улашиб, Украинадаги “декоммунизация” ва “неонацистларнинг маршлари” ҳақида ҳикоя қилиб келади.
У 20 февраль куни (ҳарбий босқиндан 4 кун аввал) эълон қилган видеоролигида “агар сиз Россиянинг армиясида контракт асосида хизмат қилсангиз, 1 йилда эмас, 3 ойда Россия фуқаролигини олишингиз мумкин”, деган хабарни ўқиб эшиттирган.
Шунингдек, у мавзу билан батафсил танишишни тавсия қиларкан, Тик-Токда ўтган йили эълон қилинган роликка ҳавола берган. 21 секундлик бу видеода чет эл фуқаролари Россияда шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташи мумкинлиги ва 3 йилдан сўнг фуқаролик олишга даъвогар бўла олиши таъкидланган.
21 февраль куни YouTube фойдаланувчиларидан бири одамлар Баҳром Исмоиловнинг шу видеосидан сўнг бу мавзуга қизиқа бошлагани ва бунинг учун қанча тўлашлари мумкинлигини сўраб-суриштираётгани ҳақида маълум қилган.
24 февраль куни интернетда ҳарбий КамАЗни бошқариб кетаётган ҳайдовчи иштирокидаги видео тарқалди — ўзбекча гапираётган ҳайдовчи урушга шартнома асосида келгани ва бу ерда у кабилар кўплигини айтади. “Озодлик”нинг қайд этишича, бу киши 3 ой муддатга ҳайдовчи сифатида ёлланган. Унга ойига 50 минг рублдан иш ҳақи ваъда қилинган. Ҳайдовчи бу ишни гўёки UzMigrant орқали топганини таъкидлайди.
1 март куни Баҳром Исмоилов ўз каналида “Озодлик”нинг ахборотини ёлғон деб атади. У ҳеч бир фуқарони (у ўзбек бўладими ёки бошқа, фарқи йўқ) Украинадаги жанговар ҳаракатларга қўшилишга чақирмаётгани ва ҳеч қандай ҳарбий ёки ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ҳамкорлик қилмаслигини маълум қилган. У яна Тик-Токдаги ўтган йилги (21 секундлик) роликка ҳавола берган.
“Россия қонунчилигига мувофиқ, чет эл фуқаролари шартнома асосида ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бироқ, шуни ҳисобга олингки, Ўзбекистон Жиноят кодекси бўйича хорижий армияда хизмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган”, — деб ёзади у.
Бунгача у ўз роликларида жиноий жавобгарлик ҳақида гапирмаган эди, фақат суриштирувлардан сўнг бунинг мумкин эмаслигини эслаб қолди. Яъни, у бунгача Ўзбекистон фуқароларига ҳарбий хизмат ҳақида ахборот улашган, аммо бунинг ноқонуний экани ҳақида айтмаганди.
Ўзбекистондаги ҳарбийларни гўёки оғдириш ҳаракатлари бошлангани ҳақидаги хабарлар Украина Телеграм-каналларида тарқалган эди. Мудофаа вазирлиги бу ахборотни рад этди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги эса 28 февраль куни (Исмоиловнинг суриштирувларга муносабатидан бир кун аввал) Телеграмдаги каналида “Биласизми?” рукни остида Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатлар ҳарбий хизматига ёлланиши 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳақида эслатма берди.
Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг ёзишича, Баҳром Исмоилов Россия армиясида шартнома асосида 3 ойлик хизматдан сўнг Россия фуқаролигини олиш мумкинлиги тўғрисида “мутлақ ёлғон ролик” эълон қилган.
“Ҳа, Думага киритилган, аммо ҳали ҚАБУЛ ҚИЛИНМАГАН қонун лойиҳасига кўра, Россия армиясида шартнома асосида хизмат ўтаган Россияда яшаш гувоҳномасига эга шахсларнинг Россия фуқаролигини олиш учун берган аризалари 3 ой ичида кўриб чиқилиши лозим — аммо бу Россия фуқаролигини олиш учун асос эмас, бор-йўғи яшаш гувоҳномасига эга ва фуқаролик олиш учун асоси бор шахслар учун тезлаштирилган жараёндир. Ва бу тезлаштириш жуда шубҳали — россияликларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам Россия фуқаролигини 3 ой ичида олиши керак, бироқ улар буни бир йил ва ундан ортиқ кутади”, — деб ёзади у.
Унинг сўзларига кўра, аллақачон бу ахборотга ишониб, “Баҳром сабаб Украинада тўп еми бўлиш учун ёлланган” муҳожирлар бор. “Бу эса ёлланиш ва ёлланма шахсни ёллаш бўйича ҳам ёлловчига, ҳам ёлланма шахсга нисбатан жиноий жавобгарликни — Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига мувофиқ, 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади”, — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси (аниқроғи Жиноят кодексининг 154-1-моддаси).
BY Муҳрим
Share with your friend now:
tgoop.com/muhrim/1730