tgoop.com/oqing_faqat_yigIamang/17411
Last Update:
ИККИ КАЛИМА.
Баъзи аччиқ хотираларни вақтлар ўтгач одам кулиб эслайди. Аммо ҳозир ёзадиган воқеамни ўша кунида ҳам опамга тентакка ўхшаб кулиб айтиб берганман. Иложсизликда одам ўзи шунақа куладиган бўлиб қоларкан...
Турмуш ўртоғим қамалган, рўзғорнинг ҳамма юки ўзимнинг зиммамда қолган кунлар эди. Шу даражада ўзимдамас эдимки, уйимга биров йўқлаб келса, олдига дастурхон ёзиш хаёлимдан чиқиб кетарди. Ташвишга бўкиб қолган пайтим...
Узоқ йўлдан опам йўқлаб келган пайтда иш билан кетгандим. Келсам, болалар "бувичам" келдилар деб қолишди. Бир маҳал ўғлим билан қўл ушлашганча опам кириб келди. Бирга магазинга боришган экан.
Озгина ўтирдилар. Сўнг менга "ичкарига Қуръон киритдингизми?" деб сўрадилар. "Опа қанақасига кирита оламан, китобларим чиққанини билдириш учун битта китобимнигина кирита олдик, аммо Қуръонни у ерларга қўймаса керак!" дедим.
Опам шу куни менга ўргатдилар. Иккита Қуръон сотиб олинг ва биринчисининг Фатҳ сураси ёзилган жойга "Лаа илааҳа иллаллоҳ" калимасини ёзинг. Иккинчи Қуръонни худди ўша саҳифасига "Муҳаммадур росулуллоҳ" калимасини ёзинг. Бу икки калима бир-бирига жуда қаттиқ тортилади дейишади.
Биринчи китобни амаллаб эрингизга етказишингиз керак, иккинчиси уйда турсин. Калималар бир-бирига тортилганда ин шаа Аллоҳ кўпга чўзилмай улар ҳам чиқиб келадилар. Эрингиз ҳаммага яхшилик қилган одам, ҳаммадан ҳам доимо ота-онасининг дуосини олган бола. Аллоҳ номардларга хор қилиб ташлаб қўймайди!
Опаларим турмуш ўртоғимни қаттиқ ҳурмат қилишларини биламан. Баъзан ўзимга ҳам уларни мақтаб, "қадрига етинг" деб насиҳат қилиб туришади.
Уларни йўлга кузатгач, бозорга ғизилладим. Қўқоннинг бозорида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Беш сантиметрча чиқадиган иккита Қуръон китобчасини сотиб олдим. Майда ёзилган бўлса ҳам амаллаб ўқиса бўларди.
Чиқмаган жондан умид! Биз кабилар Аллоҳдан бошқа кимга суянади? Айтилган саҳифаларга айтилган калималарни арабчада ёздим.
Шу билан бу китобчанинг саргузаштлари бошланди.
Бир ҳафта китобчани қандай қилиб ичкарига киритишни ўйладим. Ҳамма ажабланиб юзимга қарайди ва "бунинг иложи йўқ!" деб айтади.
Чоршанба куни судда кўришишимиз керак эди. Китобчани сумкамга солиб бордим. Уч соатли суд мажлисидан сўнг икки минутгинага кўришувга руҳсат беришади. Аксига олиб бу пайтда турмуш ўртоғимнинг ошналари мендан олдин панжара олдига бориб олади. Кейин муллакамлар ҳам бор. Аввал муллакамга ялиндим: "шу китобчани укангизга амаллаб беринг" деб. Ҳайрон бўлиб "нима бу?" деб сўрадилар.
Икки минутли кўришув менга навбат етмай тугади. Ташқарига чиқдим. Қорним оч. Суд бир соатдан сўнг яна мажлисини бошлайди.
"Ҳартугул муллакам китобни берди шекилли" деб ўйлаб хотиржам бўлдим. Аммо аниғини билмасдан кетолмасдим.
Муллакам чиқиб китобни беролмаганини айтди. "Беринг ўзим бераман" дедим.
Судья кириб келишидан олдин конвойларни кутдим. Турмуш ўртоғим ва унинг ёнидаги бошқа банк ходимларини олиб киришди. Шу пайтда қўлимдагини бермоқчи эдим, конвой ўртага туриб олди. Шу ердагина улар нега бунақа қилишларини тушундим: лезвия ёки биронта тиғли нарса бериб қўяди деб қўрқишаркан.
Суд бошланди. Бу орада имо-ишора билан эримга қўлимдаги нарсани беришим кераклигини англатишга уриндим. Фуқаро кийимидаги одам тарафни кўрсатди. Аммо судга раислик қилувчи мени имо-ишорамни кўриб қолгани учун суд залидан чиқариб юборди.
Узун коридорда туриб йиғлардим. Қўлимдаги Қуръон худди биздан аразлаб қолгани учун ишим юрмагандек туюлаверди. Уч соат коридорда турдим.
Суд тугади. Яна уриниб кўришим керак эди. Залдан биринчи одам чиқиши билан ичкарига кирдим. Эрим ўртоғи билан бир-бирининг кафтидан тутганча панжара орасидан гаплашяпти. Икки кафт орасидан қўлимни ўтказиб "олинг буни" дедим. Қилиғим ажойиб бўлгани учун иккиси ҳам юзимга анграйиб қарашди. Сездириб қўйдик. Конвойнинг эндиям жаҳли чиққанди........
BY Ўқинг...фақат йиғламанг!
Share with your friend now:
tgoop.com/oqing_faqat_yigIamang/17411