tgoop.com/oqing_faqat_yigIamang/17412
Last Update:
"Беринг, қўлингиздагини!" дея китобчамни олиб қўйди. У кичик Қуръонни ичида нима бор экан деб шириллатиб қараб кўрар, мен эса унинг қўлидан китобни қандай қилиб олиш ҳақида ўйлардим.
Китобнинг ичидан улар кутган лезвия ёки тиғли буюм чиқмади.
-Нима бу?- деди у юзимга чақчайиб.
-Қуръон!-дедим.
-Нима қилади уни?-деб яна савол берди.
-Ўқийди!-дедим ва ғайриоддий куч билан унинг кафтидан китобни олиб қўйдим.
-Бундан кейин судда қатнашмайсиз, подвалда ўтирасиз!-деди у аламидан ўдағайлаганча панжара ортида ўтирган турмуш ўртоғимга. Мен бу пайтда имо-ишора билан яна "китобни сездирмасдан олинг!" дея уқтиришни бошлагандим.
Уни суд залидан олиб чиқиб кетишаётганда яна қўлимдагини кафтига қистирдим. Аммо ҳамманинг кўзи бизда эди. Ўзимни тинмай сетканинг у ёғига тўп ирғитаётган, аммо олғир рақиб ўйинчилари томонидан тўпи яна ўзига қайтиб тушаётган валейболчидек ҳис қилдим.
Ҳа, ҳаётда баъзан қайсарлик ҳам иш беради...
Китобим фуқаро кийимидаги конвойлар бошлиғи қўлига ўтиб кетди. Изиллаганча ташқарига чиқдим. Йиғлаяпман-у, менга анграйиб қараётган одамларни кўриб-кўрмасликка оламан.
Назоратчидан телефонимни олдим. Опам куттирмай гўшакни кўтардилар.
-Опа, китоб назоратчининг қўлига тушиб қолди. Энди нима бўлади?
-Майли Азизахон, ташвиш тортманг, темир деворнинг у тарафига, яъни эрингизга яқин жойга ўтиб қолса бўлди!
Ҳавотирим босилди. Эндигина уйга қайтаман деб турсам, орқамдан "Азизахон" деган овоз эшитилди. Ўгирилдим.
Муллакам.
Ёнимга келиб "мана буни олиб қўйинг!" деб яна ўша китобни қўлимга тутқазиб турибдилар-у!
-Ким берди буни сизга?-деб сўрадим аламдан лабимни қаттиқ тишлаганча.
-Конвойларнинг бошлиғи! Ўзи бу нима эди?
Муллакамга ҳаммасини бошидан ҳудди ёш болага тушунтиргандек тушунтириб айтиб бердим.
-Э-ҳа! Аям ҳам узоқ йўлга кетадиган бўлсак қоғозга ёзиб берардилар. Бўлди, берамиз!
Уйга келиб, телефонда ўртанча опамга шуларни кулиб айтиб бера бошладим.
-Тепада камера турганди. Бир четда кузатиб ўтирганлар ҳам мени "жинни хотин" деб ўйлади шекилли, опа!
Опам мириқиб кулади:
-Ажойиб, тутган жойини қўймайдиган қизсиз-да! Шунақа қилиб беролмадингизми?
-Беролмадим-да!
Куляпман, аммо кўзим тўла ёш.
Кейинги ҳафта жимитдеккина китобчам қўлига етиб борганини эрим хатида ёзибди.
Бир ойдан кейин ростдан ҳам мўъжиза юз бериб озодликка чиқдилар. Жазо енгилига алмаштирилди. Улар қайтариб берган китобчани иккинчи-уйда қолган китобча ёнига қўяр эканман, вароқларининг бироз эскирганига ажабландим.
-Буни чўнтакда сақладингизми, намунча эскириб кетибди?
-Судда "бу китобни эрим ўқийди" деган гапингиз учун ҳам у қўлимга келгач ўқишни бошладим. Ичимдан шунақа пушаймонлар кучайиб келардики, жимитдек ҳарфларни қоронғу камерада ўқирканман, ёп-ёруғ уйимдаги китобимни ҳар куни ўқиб, ҳаққини адо қилмаганимга минг пушаймон ердим! Қуръонни илк бора бошқача назар билан ўқидим шекилли...
Биз ўзимизга билдирилган бу сабоқлардан тўғри ҳулоса чиқара олдик деб ўйлайман. Зеро, Юсуфларнинг зиндонга тушишларида ҳам, пушаймонлик ва надомат қоришиб кетган ўтмиш кунларида ҳам Аллоҳ таолонинг ажиб бир ҳикмати бор...
Ҳар бомдод пайти уйимдаги зарҳал катта Қуръондан турмуш ўртоғим қироат қиладилар. Жавонда бу муҳташам китобнинг ёнида иккита жимитдек Қуръон китобчаси ёнма-ён туради.
Уларнинг бирига "Лаа илааҳа иллалоҳ" калимаси ёзилган, иккинчисига эса "Муҳаммадур росуллуллоҳ!" ва бу калималар то қиёматгача бир-бирига оҳанрабодек тортилиб туришини энди биз биламиз...
Қачонлардир чўкаётган одам ҳасга интилганидек биз ҳам унга интилганмиз ва муқаррар гирдоб домидан у сабабли қутилиб қолганмиз...
Албатта бу икки калиманинг қудрати!
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
Ўқинг... Фақат йиғламанг!
BY Ўқинг...фақат йиғламанг!

Share with your friend now:
tgoop.com/oqing_faqat_yigIamang/17412