tgoop.com/oriftolib/1452
Last Update:
Ичимлик сув
Бирор хатони тўғри деб билган ва муттасил қилиб юрган киши унинг янглишлигини жуда қийин қабул қилади. Агар қабул қилса. Ҳатто сўз ва иборалар билан боғлиқ ҳолатда ҳам шундай.
Ичимлик суви деган бирикмани кўп эшитамиз, ишлатамиз. Шу ибора – хато. Таг-туги билан. Нега? Ичимлик сўзи ўзбек тилида ичиладиган нарсаларни, масалан, шарбат, сув кабиларни билдиради. Ичимлик суви дейилса, ичимликнинг суви – сувнинг суви деганга ўхшаш маъно ҳосил бўлади.
Аслида нима бўлиши керак? Ичиладиган ёки ичгулик (буниси энди анча олифтароқ 😄) сув. Хўп, ичимлик сўзи бу ўринда ғалати машҳурга айланган, ичиладиган маъносида қўлланяпти, дейлик. Унда бирикманинг тўғри варианти ичимлик сув бўлади. Чунки у сифатдош ўрнида келяпти, у ифодалайдиган маънони беряпти. Ўрнига маънодошини қўйиб кўрганда ҳам, сув сўзига эгалик қўшимчаси қўшилмайди: ичиладиган сув.
Экин-тикин учун ва бошқа хўжалик мақсадларида ишлатидаган сув оқова сув бўлади. Бирор ўзанда доим оқиб турадиган сув оқар сув дейилади. Ер остидан сизиб чиқадиган, зах суви эса сизот сувдир. Ичимлик сув ибораси худди шунга ўхшаш.
Ичимлик от сўз туркумига мансуб-ку, икки от келадиган сўз бирикмаларида иккинчи қисмга эгалик қўшимчаси қўшилади, деган эътироз бўлиши мумкин. Бу ўринда ичимлик сўзи отлик хусусиятини йўқотяпти. Худди камон қош, аълочи бола, ўлчагич асбоб, ўтлоқ жой каби бирикмалардаги биринчи сўз каби. Айни бирикмага ўхшаш тошкентлик мухлис, фарғоналик киши бирикмаларини олиб кўрайлик. Тошкентлик мухлиси, фарғоналик кишиси демаймиз-ку!
Ичимлик суви тураверса-чи, шунга тегиб нима қиламиз 🙃 деганга ўхшаш мулоҳаза ҳам бўлиши мумкин. Унда сувнинг суви иборасини ҳам тўғри дейишимиз керак. Бунчаликка бормай турамиз.
Миллий энциклопедияда кўп ўринларда ичимлик сув варианти ишлатилган, лекин ичимлик суви тарзида қўлланган ҳолатлар ҳам кам эмас. Энциклопедик луғат (1988)да эса ичимлик сув шакли ишлатилган.
📌 Демак:
Ичимлик сув ✅
Ичимлик суви ❌
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1452