tgoop.com/qurbonova_a/8300
Last Update:
2024 йил:
- Яхши ва ёмон хабарлар ичида жуда кўп руҳий-ҳиссий эврилишни ўтказдим. 5 йилдан бери тугамайдиган хаёлларни инстаграм тилида айтганда “қўйвордим” ва йил якунида енгиллашдим.
- Овсинимни йўқотдим. Бу йил оғир келишини билардим, 5 йиллик дард тугатаётган эди, ўзлари сезиб-сезмасаларда шу йил охиргиси бўлиши мумкин, деб ичим ёнарди. Янги йилга етиб борармикинлар дердим. 28 октябрда кетдилар. Аллоҳ дардларини олиб, раҳматига муяссар қилгани рост бўлсин.
- Блогингдан анча узоқлашдим, пассивлашдим. Мен ёзмасам ҳам ҳамма ёзяптику деган кайфият ҳукмронлик қилди. Концентрациям асосан оилага бўлди.
- 2 та оила қурилишига сабабчи бўлдим. Бирида тавсия, иккинчисида эса курашишга тўғри келди. Ёшлар бахтли бўлишсин, охири билан суюнтирсин.
- Адашмасам, 4 кишининг тўлақонли ишли бўлишига кичик бўлса-да ҳиссам қўшилди. Яна бир неча лойиҳага оёқ-қўли чаққон, билимли ёшларни топиб бердим. Кимдир биринчи ойлигини олганида меҳмон қилди, кимдир отасининг “раҳмат, болам” деган хабарини юборди. Бу зўр ҳиссиёт.
- Ишга ўзим ҳам тўлақонли қайтдим. Йил якунида командировкани бошладим ва қизим катта қиз бўлишни тан олди.
- Ҳовли қурилиши давом этди ва эсга тушганда уста ишлатадиган бизга кўра, яна узоқ давом этса керак:)
- Усмон Ал Хоразмий номидаги IT мактабига ўқишга кирди. Ислом Туркияга мусобақага борди. Катта фарзандларимизда ҳар куни имтиҳон, ҳар куни бир янгилик. Ўсмирлик нималигини ўсмирлигимда эмас, она бўлиб тушуняпман.
- Шу қадар комфорт зонага ўрнашиб олдимки, қимирлагим келмай қолди, қачонлардир қўл етмас орзу бўлган иш таклифларига ҳам йўқ дедим, на пул, на мансаб ҳозирча менга жозибалимас экан деб ўзим учун ҳар сафар қарор қилдим. Бу яхшими-ёмонми, ҳозирча билмайман.
- Шундай қилиб, бир маромда яшаш ва ишлаш ҳадисини оволдим. Қозиқнинг учи ҳам, ости ҳам бўлмай. Ўртасида зарба сезилмайди деб ўзимни ишонтираман. Аммо зарба бошдамас, юракда ҳис қилинаётганини бир ўзим, бир Худо билади.
- Ҳозир дунё гўзали 3 та сўзли гаплар туза оладиган 2 ёшли дунё донишмандига айланган. Охирги 5 йилда қилган энг яхши ишим 3-бор она бўлишга қарор қилганим бўлди. Ўғилларим менинг тафаккур асарим бўлса, шу бурнини жийириб, расмга тушишни истамайдиган қизим — менинг санъат асарим.
- Атай одамлар ҳақида ёздим сарҳисобимда. Чунки на-да ютуқ ва на рақамлар одамдан устун эмас.
- Яратгандан миннатдорман, хатоларимни кўмиб, ютуқларимни кўпайтираётгани, ота-онам, яқинларим, фарзандларимизни соғ-омон сақлаётгани, иш жойимда азиз қилгани, яхшилик истовчи дўстларимни бисёр қилгани учун Аллоҳдан қарздорман.
Шукр, барига шукр.
Энди Сиз гапиринг, Сизда нима бўляпти?
BY Mikrofon ko‘targan ayol
Share with your friend now:
tgoop.com/qurbonova_a/8300