tgoop.com/sheriylahzalar/8980
Last Update:
☆
Товатош мисоли қизимоқда ер,
Соя жон сақлайди дарахт пинжида.
Қуриган майсани топтаганча ел
Саросар кезмоқда гул илинжида.
Ховучимда сув йўқ тутайин десам...
Кўнгил куяверар кунга қасдма-қасд,
Кўкка ўрлаб борар куйинди ҳиди.
Кутган мен эдиму келган у эмас,
Аввал ҳам шунчалар суюклимиди?..
Белги ҳам бермабди борайин десам...
Замин манглайимдек ўлчовли ҳудуд,
Эрким бўйнимдаги арқонимга тенг.
Куйган тулуп каби сиққанда вужуд,
Қузғун мисол ҳижрон юрагимни ер.
Ўзга бир манзил йўқ кетайин десам...
Кечам—саҳифаси нам бўлган китоб,
Бугун—дўконига ўт кетган тужжор.
Эртам—мавжудлигин этолмай ҳитоб
Молининг қийматин билмаган даллол.
Бисотим ҳам бўм-бўш олайин десам...
Қуриган сойларда тарс ёрилар ер,
Соянинг оқшомдан бордир умиди.
Гулнинг сўлганидан хабар берар ел,
Аввал ҳам шунчалар суюклимиди?
Дунё йўл бермади ўтайин десам...
✍Н.Эрматов
@sheriylahzalar
BY She’riy lahzalar
Share with your friend now:
tgoop.com/sheriylahzalar/8980