tgoop.com/vaqt_manzili/652
Last Update:
* * *
Шивирладинг: «гаплашмаймиз, энди бўлди, бас,
Ишонмайман ўзимга ҳам, сизга ҳам, ёлғон
Кўзлар билан боқиб келдик кўзларимизни,
Йўлимизда манзил ҳам йўқ, қоп-қора тумон».
О, адашган сайёралар ибодатгоҳи
Шамларини бир-бир ёқиб юрган роҳиба —
Ой, мен яна ҳузурингда, юрагим қилган
Гуноҳларчун худойимга этурман тавба.
Тавба, менда қўл йўқ, овозим билан
Пайпаслаб боряпман дил деворларин.
Мана бу — баҳордан қолган нақшлар,
Бу майса — жавзолар еган тилларин.
Мана бу лаҳмдир — куз ковлаб кирган,
Бу тешик — заҳарли илоннинг ини.
Мана бу сурат — мен, буниси менга
Муҳаббат тутмаган қўлларнинг изи.
Тавба, менда оёқ йўқ, кўзларим билан
Юриб бораяпман умрим ортига.
Мана бу шишанинг синиқлари — йил,
Буниси — тошлардир отилмай қолган.
Мана бу чуқурлик — энг гўзал қабр
Ётибди бир пайтлар худо бўлганлар.
Бу сўқмоқ — болалик, ўтсам ҳар сафар
Кўзимга санчилар қизил тиканлар.
Тавба, менда тил йўқ, юрагим билан
Айтиб бораяпман тақдир эртагин.
Мен бахтга кечикиб етган шаҳзода,
Ёлғизлик ўқидан йиртиқ елканим.
Патларин муҳаббат ювган йиллардан
Мен сени сўрадим: қани бандаргоҳ?
«Малика кутмади, ана из қолган,
Шаҳзода сен бўлма иккинчи сайёҳ».
О, кечиккан шаҳзодалар ибодатгоҳи
Шамларини бир-бир ёқиб юрган роҳиба —
Ой, сўраб кўр ишқни берган парвардигордан,
Нечун оташ тилар мендан ўчган гулханга?
Шивирладим: «гаплашмаймиз, майли ишонма,
Мен тонгларин қушлар еган кунларга етдим.
Йўлим сендан бошланганди, сенда тугади,
Кўзимга боқ, алдамадим, энди мен кетдим».