tgoop.com/yuristkadr/14032
Last Update:
Энди давлат ташкилотлари ишга кираётган шахслардан паспорт ва меҳнат дафтарчасини талаб қила олмайди, бироқ...
2025 йил 14 февраль кунидан кучга кирган ЎРҚ-1030-сонли қонун билан Меҳнат кодексининг 124-моддасига қуйидаги таҳрирдаги иккинчи қисм киритилди:
«Давлат органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилиш чоғида ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ҳамда учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олади».
Хўш, бу нима дегани? Ўзи, МК 124-моддаси ишга кираётган шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларнинг турлари ҳақида. Биз юқоридаги қоидадаги "...ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни" деган жумлаларни, талаб қилинадиган ҳужжатларнинг айнан ўзи деб тушундик.
Шундан келиб чиқсак, юқоридаги қўшимчага кўра, эндиликда давлат органлари ва давлат ташкилотлари ишга кираётган шахслардан МК 124-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 3-хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилмаслиги назарда тутиляпти.
Эътибор беринг, МК 124-моддаси биринчи қисмининг 2-хатбошисида “паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат ёхуд идентификацияловчи ID-карта” кўрсатилган. 3-хатбошисида эса “қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма” кўрсатилган.
Демак, энди давлат органлари ва давлат ташкилотлари бу ҳужжатларни шу ҳужжатларни (ва уларга оид маълумотларни) сақловчи ва юритувчи бошқа идоралардан ўзаро интеграция қилинган электрон тизимлар ва платформалар орқали ўзлари сўраб олади. Ишга кирувчи шахсдан талаб қилмайди.
Бироқ, биз айтаётган гаплар шу жойида тугамайди: чунки саволлар кўп. Паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат тушунарли. Лекин, юқорида ишга кирувчи шахсдан “қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма” ҳам талаб қилинмаслиги, бу ҳужжатларни иш берувчи – давлат ташкилотининг ўзи электрон платформалар орқали олиши кераклиги кўрсатилмоқда.
Эътибор беринг, айни мана шу жойида давлат ташкилоти томонидан ишга кирувчи шахсдан қоғоз шаклдаги меҳнат дафтарчасини талаб қилиш амалиёти тўхтатилмоқда. Чунки, электрон тизимлар ва платформалар орқали, фақат электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирманигина олиш мумкин. Қоғоз меҳнат дафтарчаси эса шахснинг ўзида бўлади, лекин янги ўзгаришга кўра, иш берувчи бўлган давлат ташкилоти бу дафтарчани шахсдан талаб қила олмайди.
Демак, МК 124-моддасига киритилган янги қўшимчага асосан давлат ташкилотлари томонидан уларга ишга кирадиган шахслардан қоғоз меҳнат дафтарчаларини қабул қилиш амалиёти чекланмоқда десак тўғри бўлади.
☝️Биз кўриб чиқаётган ушбу ўзгаришларда айрим номувофиқликлар ҳам бор. Постнинг кейинги қисмида бу масалаларга ҳам тўхталамиз. Бизни кузатиб боринг.
👉@yuristkadr
BY YURISTKADR
Share with your friend now:
tgoop.com/yuristkadr/14032