tgoop.com/yuristkadr/14164
Last Update:
#taklif
Маънавий зарарни қоплаш бўйича битта моддадаги бир-бирига зид икки норма ҳақида.
Меҳнат кодексининг 174-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган ва ишга тикланган ходимга тўланадиган маънавий зиён бўйича бир-бирига зид икки хил қоида бор.
1. МК 174-моддасининг учинчи қисмида шундай дейилган:
“Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини қонунга хилоф деб эътироф этган иш берувчи ходимни аввалги ишига (лавозимига) тиклаши ҳамда ходимнинг ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги талабларини қаноатлантириши шарт. Бундай ҳолда ходимга тегишли бўлган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори тўғрисидаги масала ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳал этилади” дейилган.
Мазкур қоида ўз мазмунига кўра, ишга тиклашни ҳамда ходимга етказилган моддий ва маънавий зарар миқдорини қоплашни судсиз тартибда амалга ошириладиган вазиятга тегишли. Яъни, иш берувчи ўзи ҳам меҳнат шартномасини бекор қилинганлигини ноқонуний деб эътироф этиши, ходимни судсиз тартибда ўз ишига тиклаши ҳамда моддий ва маънавий зиённи судсиз тартибда қоплаб бериши мумкин. Мазкур қоидада ходимга қопланадиган маънавий зарар миқдори ҳам ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув билан, яъни судсиз тартибда белгиланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бу қоиданинг давомида агар тарафлар маънавий зарарнинг миқдори ҳақида келишувга эриша олмаса, масала суд тартибида ҳал этилиши кўзда тутилган.
2. Бироқ, МК 174-моддасининг олтинчи қисмида шундай дейилмоқда:
"Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас".
Эътибор беринг, ушбу қоидада ходимга етказилган маънавий зарар миқдорини қатъий равишда суд томонидан белгиланиши кўрсатилган. Ғалати томони, бунда МК 174-моддасининг юқорида келтирилган учинчи қисми истисно қилиб кетилмаган. Аксинча, “суд томонидан белгиланади” деб, 174-модданинг учинчи қисмидаги маънавий зарар миқдорини тарафларнинг келишуви билан ҳам белгиланиши мумкинлигини инкор қилиб қўйган. Шунга кўра, МК 174-моддасининг учинчи ва олтинчи қисмлари мазмунан бир-бирига зид қоидалар ҳисобланади.
Тўғриси, мана шунақа бир-бирига зид нормалар туфайли меҳнат низоларини судсиз, ўзаро келишув билан ҳал қилиш йўллари ёпилиб қоляпти. Амалиётда бўлди бундай мисол, бир давлат ташкилоти судсиз, ходим билан келишиб унга етказилган маънавий зарар учун 20 млн. сўм пул тўлаб бермоқчи бўлди. Лекин юқори ташкилоти "эртага текширувчилар муаммо қилади, модданинг олтинчи қисмида "суд томонидан белгиланади" дейилган деб, тўланган пулларни чўнтаклариздан қайтартиради" деб эътироз билдирди. Натижада 174-модданинг учинчи қисмини қўллаб бўлмади.
▪️Хуллас, таклиф сифатида Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали юқоридаги бир-бирига зид бўлган икки нормани ўзаро мувофиқлаштириш керак деб ҳисоблаймиз.
👉@yuristkadr
BY YURISTKADR
Share with your friend now:
tgoop.com/yuristkadr/14164