tgoop.com/yuristkadr/14180
Last Update:
Юридик техникумлардаги иш ҳақи билан боғлиқ муаммоларга ечим борку.
Юридик техникумлар бўйича Генералиссимус айтаётган бу хатни кўриб чиқдим.
Жуда ғалати ишлар бўляпти ўзиям. Юридик таълим соҳасида юридик техникумларнинг алоҳида ўрни бор эди. Адлия вазирлигининг аввалги раҳбарияти даврида бу таълим муассасаларининг фаолияти алоҳида ўринга олиб чиқилган эди. Давлат раҳбарининг, Ҳукуматнинг алоҳида фармон ва қарорлари қабул қилинган эди бу техникумлар бўйича. Жуда муҳим ислоҳотлар қилинган эди ўша даврда. Ҳозир эса эгаси йўқ ташкилотларга айланиб қолаётгандек бўляпти булар.
Молия вазирлигининг бу хати билан қўшимча устамалар педагоглардан ташқари бошқаларга, масалан, бошқарув ходимларига ва бошқа ходимларга берилмаслиги керакми? Қолганлар меҳнатига яраша ҳақ олмаслиги керакми?
▪️“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида “таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган жисмоний шахс педагогдир” дейилган. Таълим ташкилотларининг рахбар ва рахбар ўринбосарлари ҳам шу муассасада таълим ва тарбия сохасида фаолият юритади, уларнинг асосий фаолияти ўзи рахбарлик қилаётган таълим ташкилотида таълим ва тарбияни амалга оширишдан иборат. Демак, юқоридаги педагоглик тушунчаси таълим ташкилотларидаги раҳбар ва раҳбар ўринбосарларига ҳам тўғри келади. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сон қарори билан тасдиқланган “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари” тасдиқланган. Эътибор беринг, “Педагог ходимлар”нинг таътиллари ҳақида гап кетяпти бу ҳужжатда. Шу меъёрларда таълим ташкилотларининг раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари ҳам педагог ходимлари қаторига киритилган. Шундай деб ҳисобласак, масалан, юридик техникумларнинг раҳбариятига бериладиган устама тўловларини тўхтатишга асос нима?
▪️Энди қолган ходимлар масаласига келсак. ПФ-158-сонли фармоннинг 11-иловаси билан тасдиқланган “2025 — 2027 йилларда касбий таълим тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 18-позициясида “2025 йил август ойига қадар ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи, ўқув-ёрдамчи ва педагог ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари ҳамда тариф разрядларини ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатга жамлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш” белгиланган. Яъни, бошқа касбий таълим муассасалари қатори юридик техникумлар ходимлари меҳнатига хақ тўлашга оид ягона қонунчилик ҳужжати 2025 йил август ойида ишлаб чиқилади. Бу нима дегани? Э балли! Бу 2025 йилнинг августигача, тўғрироғи, янги механизм қабул қилингунча, АМАЛДА БЎЛГАН ТАРТИБЛАР ИШЛАБ ТУРАДИ ДЕГАНИ.
Ўша тартиблардан бири бўлган, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сонли қарори 12-бандида юридик техникумларнинг нафақат педагогларига, балки бошқарув ходимларига ва ўқув-ёрдамчи ҳамда техник ва хизмат кўрсатиш ходимларига тўлов-контрактдан келиб тушган маблағлар ҳисобидан устама тўланиши мумкинлиги кўрсатилган.
☝️Шундай экан, ҳозир юридик техникумларнинг тўлов-контрактлардан келиб тушган маблағлари бор бўлса ҳамда юқоридаги 858-сонли қарор ҳам амалда бўлса, педагоглардан ташқари бошқа ходимларга ҳам шу маблағлар ҳисобидан устама тўлашга нима тўсқинлик қиляпти, инсонлар?
👉@yuristkadr
BY YURISTKADR

Share with your friend now:
tgoop.com/yuristkadr/14180